Нусратилла Шеровнинг оёқларида толиқиш, чидаб бўлмас даражадаги оғриқ пайдо бўлганида 16 ёшда эди. Йиллар ўтиши билан оёқ мушаклари кучсизланиб, ҳатто баъзан нафас олишга ҳам қийналарди. Кундан-кун ҳаракати сустлашиб, бошқалардан ажралиб қолаётгани сабаб, энди ҳеч кимга керагим йўқ деган хаёл унга тинчлик бермасди. У кўп даволанди, лекин фойдаси бўлмади. Мендан катта опамнинг ҳаракат тизимида ҳам муаммо бор эди. Бу ҳолатни кўриб, ҳис қилиб турган ота-онамнинг тушкунликка тушиши, ҳар дақиқа мен учун ташвиш чекишини кўриб, баттар сиқилардим, дейди у.
Бугун мана қарийиб 40 йил бўлибдики, Нусратилла Шеров ногиронлик аравачасида ҳаракатланади. Лекин, у тақдирим шу экан деб чекинмади. Бир кун келиб мен яна юра оламан, деган умид билан ҳар куни танани чиниқтирадиган, оёқ ҳаракатларини жонлантиришга ёрдам берадиган турли жисмоний машқларни бажаради.
Сариосиё туманидаги “Шарқ юлдузи” маҳалласи «Сангардак» кўчасида Нусратилла Шеров сингари ҳаракат тизимида муаммоси бор 12 та ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар бор. Биз хизмат юзасидан ушбу маҳаллада бўлганимизда дастлаб биринчи гуруҳ ногирони Нусратулло Шеров билан учрашдик. Унинг қалб кечинмаларини тингладик. Суҳбат чоғида юртдошимиз 3-синфга қадар тенқурлари қаторида мактабга бораргани, синфдошлари билан футбол ўйнаган кезлари ҳақида гапириб қолди.
Нусратилла Шеровнинг айтишича, бир вақтлар, айниқса қиш ойларида газ таъминоти борасида мавжуд муаммо ва камчиликлар бугун ҳеч бир хонадонда йўқ. Чунки, газбаллонлар ўз вақтида етказиб берилмоқда. Лекин, газ плитага газ баллондан эмас, қувур орқали табиий газнинг келиши бошқача экан дейди қаҳрамонимиз. Ўтган 2022 йилда маҳалладаги барча хонадонга таббий газ кириб келди. Энди Нусратилла Шеров сингари “Шарқ юлдузи” маҳалласи аҳлининг орзу ниятлари амалга ошди, қийинчиликлар ортда қолди.
Дарҳақиқат, инсон ҳаётда муносиб яшаши учун зарур бўлган бирламчи ва энг муҳим ҳаётий эҳтиёжларининг тўкислиги, албатта, келгусидаги катта режалар, орзу истакларнинг рўёбга чиқишига замин яратади. Шу мақсадда ҳаётга татбиқ этилаётган ҳар бир ислоҳотни бугун имконияти чекланган юртдошларимиз ҳам кўриб-билиб, ҳис этиб турибди. Чунки, инсон ва унинг қадр-қимматини юксалтириш борасида очиқлик ҳамда шаффофликка асосланган ислоҳотлар, янгиланишлар нафаси кириб бормаган бирорта соҳа ва тармоқ, шаҳар ва туман, қишлоқ ва маҳалла қолмади. Ана шу ислоҳотларга уйғун тарзда “маҳаллабай” ишлаш тизими йўлга қўйилди ва у узлуксиз такомиллаштирилаяпти. Аҳолини қийнаётган муаммолар халқ ичига чуқур кириб борилгандагина яхши билинади. Давлат идораларининг бевосита биринчи раҳбарлари энг оғир, энг чекка ва энг олис ҳудудларга чиққан ҳолда, маҳаллама-маҳалла, қишлоқма-қишлоқ, кўчама-кўча, уйма-уй юриб, аҳоли муаммоларини ўрганаётгани ўз амалий самарасини бермоқда. Халқ билан бундай мулоқот нафақат мурожаатларни тинглаш, балки аҳолининг кундалик ҳаёти билан танишиш, масалаларни жойида бартараф этишга қаратилганлиги билан ҳам жуда аҳамиятли.
Айтиш керак, “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиалига ўтган 2022 йилда 10 минг 239 та турли мавзуда мурожаатлар келиб тушган. Шундан 6 минг 83 таси ижобий ҳал қилиб берилди. Фуқаролар мурожаатларини ўз вақтида, тўлиқ, беғараз ўрганиш ҳамда улар юзасидан қонуний чоралар кўришда раҳбар ва мансабдор шахслар янада масъулият билан ёндашиши талаб этилади. Бу эса халқнинг адолатга, бошқача айтганда, давлатга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бугунги кунда Сариосиё туманида 11 миндан ортиқ табиий газ истеъмолчилар бор. Биз ҳикоя қилаётган «Сангардак» кўчасидаги мана бу намунавий уйлар 2017 йилда қурилган. Лекин, ушбу хонадонлар газ қувурлари етиб бормаган ҳудудда бунёд этилгани боис табиий газ тармоғига уланмаган. Ўтган вақт давомида аҳолининг турли идораларга қилган мурожаати жавобсиз қолгани ҳам рост. Кейинги йилларда халқ фаравонлиги, юрт тараққиёти борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар насими ушбу маҳаллага ҳам, имконияти чекланган оилаларга ҳам кириб келди. Ўтган 2022 йили туман газ таъмиоти бўлими томонидан 600 метр масофага газ қувурлари тортилиб, ҳар бир хонадон тармоққа уланди. Ва аҳоли хонадонларига АСКУГ тизимида ишловчи янги электрон газ ҳисоблаш ускунаси ҳам ўрнатиб берилди.
Сариосиё тумани “Шарқ юлдузи” маҳалласи, “Сангардак” кўчасида 12 та хонадон борлиги ҳақида биз юқорида айтиб ўтдик. Нусратилла Шеров сингари ҳар бир хонадонда имконияти чекланган юртдошларимиз умргузаронлик қилаётганидан хабар ҳам топдик. Бироқ, инсон доимо ҳаракатда бўлсагина кўзлаган маррасига албатта етишини уларнинг фаолиятида, изланишида сезиш қийин эмас. Айтмоқчи бўлганимиз, бу хонадон вакиллари ижтимоий ҳимояга муҳтожмиз , оиламизда имконияти чекланганлар бор, деб қараб ўтиргани йўқ. Азамат Ҳикматов ҳам биринчи гуруҳ ногирони. Лекин, ўз хонадонида уй боғчаси ташкил этди. Бугун маҳалладаги 24 нафар болалар шу ерда тарбия топишмоқда. Бундан ташқари, мавжуд 2 сотих ердан ҳам унумли фойдаланмоқда. Ташкил этилган иссиқхонада аввал картошка ва пиёз, кейин турли кўкатлар етиштиради. Албатта, рўзғордан ортгани бозорга чиқади. Демак, даромад ҳам шунга яраша.
Яқинда ҳудуддаги ҳар бир хонадонга энергия тежамкор горелкалар ҳам ўрнатилди. Бу эса ҳам қулай, ҳам хавфсиз. Энг муҳими пулимиз тежалмоқда, дейди Азамат Ҳикматов.
Дарҳақиқат, бугун “Инсон қадри учун” деган тамойил оддий одамлар, чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган оилаларнинг турмуш тарзида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Сўз ва амал бирлиги, қарорлар фақат қоғозда эмас, балки инсонларнинг ҳаёт тарзида акс этаётгани аҳолининг эртанги кунга ишончини мустаҳкамлаяпти. Ва бундай хайрли ишлар жамиятда меҳр-оқибат, одамийлик фазилатларини янада кучайтираётгани ҳам бор гап. Эътироф этиш жоиз, йилдан-йилга аҳолига яратилаётган шароитлар кўлами кенгаймоқда. Ҳар бир соҳадаги ўзгаришлар шиддат билан ошмоқда. Аминмизки халқнинг розилигига йўналтирилган бу каби амалий тадбирлар албатта фаровон турмушимизда ўз аксини топади. Ислоҳотлардан кўзланган мақсад-муддао ҳам шу аслида.