Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-889-сонли Қонунига асосан суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги Кодексига бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Мазкур ўзгартириш ва қўшимчаларнинг аксарияти маъмурий судларда ишларни тафтиш тартибида қайта кўриб чиқилиши билан боғлиқ бўлиб, эндиликда манфаатдор шахслар судлар томонидан биринчи инстанция бўйича қабул қилинган, апелляция ёки кассация тартибида кўрилган суд ҳужжатлари устидан тафтиш тартибида шикоят беришлари, прокурор эса протест келтириши мумкин бўлади.

Тафтиш тартибидаги шикоятлар Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан, уларнинг тафтиш тартибида қабул қилган суд ҳужжатларидан норози бўлиб келтирилган шикоятлар эса Олий суднинг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилади.

Шунингдек, Олий суднинг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишлар бўйича суд ҳужжатлари устидан манфаатдор шахсларнинг мурожаатига асосан Олий суд раиси ёҳуд Бош прокурор тафтиш тартибида протест келтириши мумкин.  

Тафтиш тартибидаги ушбу протест Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсати томонидан кўпчилик таркибда кўриб чиқилади.   

Тафтиш тартибидаги шикоят (протест) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори, ажрими, қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан бир йил ичида берилади.

Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судларига, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судига тафтиш тартибида шикоят (протест) бериш муддати кассация инстанцияси суди томонидан қарор қабул қилингунига қадар ўтган тақдирда, тафтиш тартибидаги шикоят (протест) кассация инстанцияси суди қарор қабул қилган кундан эътиборан уч ой ичида берилиши мумкин.

Иш тафтиш инстанциясида тафтиш тартибидаги шикоят (протестни) иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажрим чиқарилган кундан эътиборан бир ойдан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатига келиб тушган тафтиш тартибидаги протест у Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатига келиб тушган кундан эътиборан икки ойдан кечиктирмай кўрилиши керак.

Суд ишни тафтиш тартибида кўриш чоғида қуйи инстанцияларнинг судлари томонидан моддий ҳуқуқ нормалари тўғри қўлланилганлигини ва процессуал қонун талабларига риоя этилганлигини иш материаллари бўйича текширади.

Суд тафтиш тартибида ишни кўриб чиқиш натижаларига кўра, қуйи инстанция судлари томонидан ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилинганлигини ёки билдирилган талаб бўйича суд томонидан ҳал қилув қарори қабул қилинмаганлигини аниқласа қарорни бекор қилишга ва ишни янгидан кўриш учун суд ҳужжати бекор қилинган апелляция ёки кассация инстанцияси судига юборишга ҳақли.

Қолган ҳолатларда суд ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгаришсиз қолдириш, ҳал қилув қарорини, қарорни тўлиқ ёки қисман бекор қилиш ва янги қарор қабул қилиш, ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгартириш, ҳал қилув қарорини, қарорни тўлиқ ёки қисман бекор қилиш ва иш юритишни тугатиш ёхуд аризани (шикоятни) тўлиқ ёки қисман кўрмасдан қолдириш, айрим суд ҳужжатларини бекор қилиш ва иш бўйича илгари қабул қилинган суд ҳужжатларидан бирини ўз кучида қолдириш ёҳуд ҳал қилув қарорини, қарорни бекор қилишга ва иш материалларини судга тааллуқлилигига кўра бошқа судга юбориш тўғрисидаги қарорлардан бирини қабул қилади.

Наманган вилоят маъмурий

судининг судьяси А.Дадабаев

вилоят маъмурий суди

бўлим мудири Э.Абдувохидов

от Admin