Сўнгги йилларда амалга оширилган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари суд ҳокимияти мустақиллигини ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш билан бир қаторда фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш имконини берди.

Шу билан бирга «Янги Ўзбекистон — янги суд» тамойили доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишни жадаллаштириш, соҳага илғор халқаро стандартларни жорий этишни талаб этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 январдаги ПФ-11-сонли Фармонида туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш, вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишларни мазкур судларда тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш, вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишларни Олий суднинг судлов ҳайъатларида тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш ҳамда юқори инстанция судлари томонидан ишни янгидан кўриш учун қуйи судларга юбориш тартибини бекор қилиш ва уларга иш бўйича якуний қарор қабул қилиш масъулиятини юклаш каби масалалар кўтарилган.

Мазкур Фармоннинг ижроси бўйича тегишли қонунчилик ҳужжатларига кўра, дастлаб жиноят ишлари бўйича судларда, 2024 йил
1 январдан бошлаб эса фуқаролик ишлари бўйича судлар, иқтисодий ва маъмурий судларда ишларни тафтиш тартибида кўриб чиқиш институти жорий этилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 25 декабрдаги
ЎРҚ-889-сонли Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ишларни кўришнинг ўта марказлаштирилишига барҳам бериш, фуқароларнинг олис ҳудудлардан судга келиб сарсон бўлишининг олдини олиш мақсадида вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судларда ишлар апелляция ёки кассация ва тафтиш тартибида кўрилишини, ишлар тафтиш тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатида ва алоҳида ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатида кўрилишини ҳамда юқори инстанция судлари томонидан ишларни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юбориш тартиби бекор қилинишини, шунингдек ерга оид ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ ишларни маъмурий судлар томонидан кўришда прокурор иштирок этиши шартлигини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Бунга кўра, тафтиш тартибидаги шикоятлар Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан, уларнинг тафтиш тартибида қабул қилган суд ҳужжатларидан норози бўлиб келтирилган шикоятлар эса Олий суднинг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилади.

Шунингдек, Олий суднинг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишлар бўйича суд ҳужжатлари устидан манфаатдор шахсларнинг мурожаатига асосан Олий суд раиси ёҳуд Бош прокурор томонидан тафтиш тартибида протест келтирилиши мумкин ва тафтиш тартибидаги мазкур протест Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсати томонидан кўпчилик таркибда кўриб чиқилади.  

Қонунчилик ҳужжатларида тафтиш тартибидаги шикоят (протест) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори, ажрими, қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан бир йил ичида берилиши назарда тутилган.

Шу ўринда тафтиш инстанциясининг ваколатлари тўғрисида қисқача тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Суд шикоятни (протестни) тафтиш тартибида кўриш натижалари бўйича:

  •  ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгаришсиз қолдиришга;
  •  ҳал қилув қарорини, қарорни тўлиқ ёки қисман бекор қилишга ва янги қарор қабул қилишга;
  •  қуйи инстанция судлари томонидан ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилинганлиги ёки билдирилган талаб бўйича суд томонидан ҳал қилув қарори қабул қилинмаганлиги аниқланса қарорни бекор қилишга ва ишни янгидан кўриш учун суд ҳужжати бекор қилинган апелляция ёки кассация инстанцияси судига юборишга;
  •  ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгартиришга;
  •  ҳал қилув қарорини, қарорни тўлиқ ёки қисман бекор қилишга ва иш юритишни тугатишга ёхуд аризани (шикоятни) тўлиқ ёки қисман кўрмасдан қолдиришга;
  •  айрим суд ҳужжатларини бекор қилишга ва иш бўйича илгари қабул қилинган суд ҳужжатларидан бирини ўз кучида қолдиришга;
  •  ишнинг судга тааллуқлилик қоидалари бузилган ҳолда кўрилганлиги аниқланган тақдирда ҳал қилув қарорини, қарорни бекор қилишга ва иш материалларини судга тааллуқлилигига кўра бошқа судга юборишга ҳақли.

Бундан ташқари, суд қонунчиликда назарда тутилган асослар мавжуд бўлса тафтиш тартибида берилган шикоятни қайтаришга, уни иш юритишга қабул қилишни рад этишга, кўрмасдан қолдиришга ёки шикоят бўйича иш юритишни тугатишга ҳақли.

Суд ишни тафтиш тартибида кўриш чоғида қуйи инстанцияларнинг судлари томонидан моддий ҳуқуқ нормалари тўғри қўлланилганлигини ва процессуал қонун талабларига риоя этилганлигини иш материаллари бўйича текширади.

Тафтиш инстанцияси суди биринчи инстанция судида кўриб чиқиш предмети бўлмаган янги талабларни қабул қилмайди ва кўриб чиқмайди.

Тафтиш инстанциясининг судида: ишларни битта иш юритишга бирлаштириш тўғрисидаги; талабнинг предметини ёки асосини ўзгартириш ҳақидаги; ишда иштирок этишга учинчи шахсларни жалб қилиш ҳақидаги қоидалар, шунингдек ушбу Кодексда фақат биринчи инстанция судида ишни кўриш учун белгиланган бошқа қоидалар қўлланилмайди.

Юқорида қайд этилганларга яна шуни қўшимча қилиш мумкинки, тафтиш тартибидаги шикоят Олий суднинг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига тақдим қилинганида тафтиш тартибидаги шикоят (протест) Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси томонидан ўрганилиб, судья томонидан қонунчиликда назарда тутилган асосларга кўра қуйидаги ажримлардан бири қабул қилинади:

  •  тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) иш юритишга қабул қилишни рад этиш тўғрисида;
  •  тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) қайтариш тўғрисида;
  •  агар суд ҳужжатларини тафтиш тартибида текшириш асослари мавжуд бўлмаса, тафтиш тартибидаги шикоятни Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига кўриб чиқиш учун ўтказишни рад этиш тўғрисида;
  •  тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) иш юритишга қабул қилиш ва уни кўриб чиқиш учун иш билан бирга Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига ўтказиш тўғрисида ажрим чиқаради.

Бинобарин, шуни ишонч билан айтиш мумкинки маъмурий судлар фаолиятига ишларни тафтиш тартибида кўриш институтининг жорий қилиниши фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида назарда тутилган суд орқали ҳимоя қилиниш ва судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатларини янада оширишга, уларнинг бузилган ҳуқуқлари ва эркинликларини, шунингдек қонуний манфаатларини кенгроқ ҳимоя қилишга, одил судловга эришиш даражасини янада оширишга, ишларнинг сифатли ва ўз вақтида кўрилишига, суд қарорларини қайта кўришда ўрта бўғин — вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судлар имкониятларидан самарали фойдаланишга, шунингдек фуқароларнинг судлардаги ортиқча харажатлари тежалишига хизмат қилади.

ЗАРИПАХОН КУРБОНОВА,

Наманган вилоят маъмурий судининг раиси

от Admin