Кейинги йилларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларини одил судловдан фойдаланиш имкониятини “Янги Ўзбекистон — янги суд” тамойили доирасида янада кенгайтиришни таъминлашга қаратилган муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бунинг натижасида одил судловни таъминлаш жараёнида шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини химоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди.
Шу билан бирга бугунги кунда суд қарорларини қайта кўриш институтининг таҳлили амалдаги тартибни қайта кўриб чиқиш зарурлигини кўрсатмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 25 декабрдаги Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига туманлараро, туман, шахар судлари томонидан биринчи инстанция судида кўрилган ишлар вилоят судларида ва уларга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида, вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишлар мазкур судларда тафтиш тартибида, вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатида тафтиш тартибида қайта кўрилишини, алоҳида ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кўрилган ишлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатида тафтиш тартибида қайта кўрилишини, шунингдек апелляция ва кассация инстанциялари судлари томонидан ишларни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судларига юбориш тартиби бекор қилинишини ҳамда уларнинг зиммасига иш бўйича якуний қарор чиқариш масъулияти юклатилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексининг 260-моддасида апелляция шикоятлари (протестлари):
— тегишли туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судларининг ҳал қилув қарорлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодий судларининг ҳал қилув қарори устидан берилганда – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодий судлари томонидан;
— Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодий судларининг ҳал қилув қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг ҳал қилув қарори устидан берилганда – Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кўрилиши назарда тутилган бўлса, мазкур қонун қабул қилиниши муносабати билан Кодекснинг мазкур нормасига қуйидагича ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Яъни, апелляция шикоятлари (протестлари) тегишли туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судларининг, Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг ҳал қилув қарорлари устидан берилганда — Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан;
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг ҳал қилув қарорлари устидан берилганда — Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кўрилиши белгиланди.
Эътибор бериладиган бўлса, олдинги қонунчиликка мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг ҳал қилув қарорлари устидан берилган апелляция шикоятлари Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилар эди. Қабул қилинган қонунга асосан эса вилоят судлари томонидан биринчи инстанция судида кўриб чиқилган ишлар юзасидан қабул қилинган ҳал қилув қарорлари шу суднинг аппеляция инстанциялари томонидан мазмунан кўриб чиқилиши назарда тутилди.
Яна бир муҳим ўзгаришлардан бири Кодекснинг 283-моддасига киритилган бўлиб, мазкур ўзгартиришга асосан кассация шикоятлари (протестлари):
— тегишли туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судларининг, Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг ҳал қилув қарорлари устидан берилганда — Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан;
— Ўзбекистон Республикаси Олий судининг ҳал қилув қарорлари устидан берилганда — Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кўрилишини белгилаб берди.
Кодекснинг аввалги таҳрирдаги 283-моддасида, биринчи инстанция судининг апелляция тартибида кўрилган ҳал қилув қарори ва апелляция инстанцияси судининг қарори устидан берилган кассация шикоятлари (протести) Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилар эди.
Шунингдек, мазкур қонунга асосан кассация шикоятини бериш муддати биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан олти ой муддати ичида берилиши мумкин.
Қонунга мувофиқ Кодексга киритилга энг муҳим ўзгартириш ва қўшичалардан бири унинг 36-бобига қўшилган бўлиб, мазкур бобда суд ҳужжатларини тафтиш тартибида қайта кўриш бўйича иш юритиш инситути билан тўлдирилганлигидир.
Мазкур боб Кодекснинг 307-32412-моддаларини ўз ичига олган бўлиб, макур нормалар суд ҳужжатларини апелляция ёки кассация тартибида қайта кўрилганидан сўнг тафтиш тартибида кўриб чиқилишини белгилаб берган.
Кодекснинг 307-моддасига мувофиқ, апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишлар бўйича туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судларининг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори, ажрими, қарори, шунингдек апелляция ёки кассация инстанцияси судининг қарори устидан Қорақалпоғистон Республикаси судига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларига қуйидаги шахслар томонидан тафтиш тартибида шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин:
— ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахслар;
— Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, бундан тадбиркорлик субъектлари ўртасида юзага келадиган иқтисодий низолар, шунингдек тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган низолар мустасно;
— Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унинг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорлари ва уларнинг ўринбосарлари прокурор иштирокида кўрилган иш бўйича, шунингдек бошқа ишлар бўйича ушбу модданинг иккинчи хатбошисида кўрсатилган шахсларнинг мурожаати мавжуд бўлган тақдирда хақли эканлиги назарда тутилган.
Кодекснинг 310-моддасига мувофиқ тафтиш тартибида шикоят келтириш муддати биринчи инстануция судининг ҳал қилув қарори, ажрими, қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан бир йил ичида берилишини назарда тутилган.
Ушбу Қонун суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш механизмини янада такомиллаштириш ҳамда суд қарорларини қайта кўришнинг янги тартибини жорий этиш орқали одил судлов сифатини ҳамда одил судловга эришиш даражасини янада оширишга, тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқлари ва эркинликлари, шунингдек қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилади.
Анваржон Хоназаров,
Наманган вилояти суди раисининг ўринбосари,
иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси