Суд уни давлат сирларини ошкор қилишда айбдор деб топди. Хон билан бирга, Покистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири Шоҳ Маҳмуд Қурайший ҳам худди шундай жазога тортилди.

Покистон суди собиқ бош вазир Имрон Хон ва собиқ ташқи ишлар вазири Шоҳ Маҳмуд Қурайшийни давлат сирларини ошкор қилиш билан боғлиқ иш бўйича 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. 

Судья Абул Ҳаснат Зулқарнайн суд қарорини оғзаки равишда Равалпиндидаги Адиала режими кучайтирилган қамоқхонасида сақланаётган Хон ва Қурайшийга етказди. 

Хон ва Қурайший аъзо бўлган Покистон Адолат ҳаракати партияси (ПАҲТ) матбуот котиби Сайид Зулфиқор Бухорий сўзларига кўра, ҳукм устидан Олий судга апелляция берилади. 

Собиқ бош вазир 2023 йил 5 август куни коррупция иши бўйича ҳибсга олиниб, қамоққа жўнатилган эди. 

29 август куни Покистон суди Хоннинг уч йиллик қамоқ жазосини тўхтатиб турди ва уни гаров эвазига озод қилиш ҳақида ҳукм чиқарди. Бироқ, 30 август куни Хон «давлат сирларини ошкор қилиш»да айбланиб, яна ҳибсга олинди. 

Собиқ ташқи ишлар вазири Шоҳ Маҳмуд Қурайший 2023 йил 19 август куни Исломободдаги уйидан ҳибсга олинган ва худди шу сабаб билан қамоққа маҳкум қилинган эди.

Манба:kun.uz

от Admin