Спорт фестивали: Cоғлом турмуш тарзи ва оммавий спорт тарғиб қилинмоқда

Замонавий жамиятда ёшларнинг жисмоний ва руҳий саломатлиги муҳим аҳамият касб этади. Шу боис олий таълим муассасаларида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, оммавий спортни ривожлантириш ва талабаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида турли спорт тадбирлари ташкил этилмоқда. Наманган муҳандислик-технология институтида бўлиб ўтган навбатдаги спорт фестивали ҳам айнан шу эзгу мақсадга қаратилди.
Мазкур тадбирда институт талаба-ёшлари волейбол, футбол, шахмат, стол тенниси ва «Workout» каби спорт турларида ўзаро беллашдилар. Ҳар бир беллашув муросасиз баҳсга бой бўлиб, талабалар нафақат ўз спорт маҳоратини синовдан ўтказишди, балки жамоавий руҳ, ирода ва чидамлилик борасида ҳам тажриба орттирдилар.
Мусобақанинг энг шиддатли дақиқаларидан бири футбол майдонида кечди. Жамоалар бир-бирига мос рақиб бўлиб, ҳужумкор ўйин намойиш этдилар. Волейбол беллашувларида эса талабалар чаққонлик ва жамоавий тактика орқали куч синашдилар. Wоркоут мусобақасида эса иштирокчилар жисмоний тайёргарлик ва чидамлилик борасидаги маҳоратларини синовдан ўтказишди.
– «Бу каби тадбирлар биз талабалар учун жуда муҳим. Спорт – нафақат жисмоний соғломлик гарови, балки бизни интизомли, мақсад сари интилувчан ва жамоавий ишлашга лаёқатли бўлишга ўргатади. Айниқса, wоркоут мусобақаси мен учун энг қизиқарли бўлди. Бу ерда биз куч, чидамлилик ва иродамизни синаб кўрдик. Келгусида ҳам бундай спорт тадбирларининг доимий ташкил этилиши ёшларимизга катта мотивация беради – дейди институт талабаси Шахзодбек Ибрагимов.
Мазкур тадбирнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, у ёшларнинг соғлом турмуш тарзига бўлган қизиқишини ошириб, уларнинг бўш вақтини самарали ўтказишига ёрдам беради. Шунингдек, бундай спорт фестиваллари талабаларнинг дўстона муносабатларини мустаҳкамлаш, жисмонан чиниқиш ва интеллектуал ривожланишига хизмат қилади.
Наманган муҳандислик-технология институтида соғлом турмуш тарзини оммалаштиришга қаратилган бундай тадбирлар келгусида ҳам мунтазам равишда давом эттирилиши режалаштирилган. Зеро, спорт – бу нафақат рақобат ва беллашув, балки саломатлик, интизом ва келажак сари қўйилган мустаҳкам қадамдир.