Айбсиз боксчи 47 йиллик қамоқ учун $1,48 миллион доллар компенсация пули олди

У қатл жазосини энг узоқ муддат кутган инсон бўлди.
🇯🇵Япониялик Ивао Хакамада 1966 йилда қамоққа олинган. Ўша вақтда у боксчилик фаолиятини якунлаб, мисо (японча идиш) ишлаб чиқариш фабрикасида ишлаётган эди. Бир куни у ўз бошлиғининг уйида ёнғинни ўчиришга ёрдам бераркан, бошлиқ, хотини ва икки фарзанди пичоқлаб ўлдирилганини кўриб қолади.
Полиция уни асосий гумондор сифатида кўрган. Хакамада ҳатто жиноятни тан олган, аммо кейинчалик аниқланишича, у қийноқлардан сўнг айбни тан олган. 1968 йилда суд уни айбдор деб топиб, қатл этишга – осиб ўлдириш жазосига ҳукм қилди.
Бироқ ҳукм ижроси мунтазам равишда кечиктириб келинди. 1992 йилда у қамоқда ёзган «Худойим, бу қанча давом этади?» китобини нашр қилди. 2011 йилда эса «Гиннесс рекордлари» китобига энг узоқ муддат қатлни кутган маҳбус сифатида киритилди. Унинг учун ҳар куни охиргиси бўлиши мумкин эди.
2014 йилда суд ишни қайта кўриб чиқиб, Хакамадани озод қилди – у деярли 48 йил қамоқда ўтириб чиққанди. Озод бўлганидан сўнг, у WBC томонидан фахрий чемпионлик камари билан тақдирланди.
Тергов давомида аниқланишича, полиция далилларни сохталаштирган, ҳамда воқеа жойида топилган ДНК намунаси Хакамаданики эмас эди. Аммо, унинг оқланиши учун яна 10 йил керак бўлди – фақат 2024 йилда, ҳибсга олинганидан 58 йил ўтибгина…
Ҳозирда 89 ёшдаги собиқ боксчи ҳар бир ноқонуний қамоқ куни учун 83 доллар миқдорида компенсация олади. Жами сумма – 1,48 миллион доллар. Бу тарихдаги энг катта товон пулидир.
Шу йиллар давомида адолат учун курашган Хакамаданинг синглиси эса «бу пуллар у ўтказган азобларни оқламайди» дейди…