Давлат ижрочисининг ҳаракатлари юзасидан низолашиш
Суд ҳужжатларини ижро этиш адолатли судловнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасида бу вазифа Мажбурий ижро бюроси (МИБ) томонидан амалга оширилади. Суд амалиётда МИБ қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан боғлиқ низолар кўплаб кўриб чиқилмоқда. Ушбу мақолада мазкур масалалар миллий қонунчилик ва суд амалиёти нуқтаи назаридан таҳлил қилинади.
МИБ давлат ҳокимияти органи ҳисобланиб, у ижро ҳужжатларини бажариш жараёнида оммавий-ҳуқуқий ваколатларни амалга оширади. Бу ҳолат Ўзбекистон Республикасининг «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонунининг 3-моддасида мустаҳкамланган бўлиб, унга кўра мажбурий ижро давлат органи томонидан амалга ошириладиган ҳуқуқий фаолият ҳисобланади.
Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг
27-моддасига мувофиқ, давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоятлар маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилади. Шунингдек, ушбу кодекснинг 23-боби ижро органлари қарорлари ва ҳаракатлари(харакатсизлиги) юзасидан низолаш тартибини ҳамбелгилайди.
Шу нуқтаи назардан, МИБ томонидан ижро иши юритиш жараёнида қабул қилинган қарорлар — ижро иши юритишни қўзғатиш (Қонуннинг
23-моддаси), қарздорнинг мол-мулкини хатлаш(Қонуннинг 53-моддаси), ижро йиғимини ундириш, жарима солиш ва бошқа қарорлари (Қонуннинг
86-моддаси)- маъмурий суд юрисдикциясига тегишли оммавий-ҳуқуқий низолар сифатида баҳоланади.
Мол-мулкни рўйхатдан чиқариш (хатлашдан озод қилиш) билан боғлиқ низоларнинг ҳуқуқий табиати эса фуқаролик қонунчилиги билан чамбарчас боғлиқ. Фуқаролик кодексининг 166-моддасига кўра, мулк ҳуқуқи дахлсиз бўлиб, у фақат қонунда назарда тутилган асослар ва тартибда чекланиши мумкин.
“Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунмулк ижро ҳужжатида кўрсатилган қарздорга тегишли бўлганда ундирувга қаратилиши мумкинлигини белгилайди. Агар рўйхат (арест)га олинган мулк учинчи шахсга тегишли бўлса, у шахс ўз мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Фуқаролик процессуал кодексининг 26-моддаси ҳамда 35-моддаси мазмунига кўра мулкни рўйхатдан чиқариш тўғрисидаги даъволар мулк жойлашган жойдаги фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан кўриб чиқилади. Бироқ, мулкни рўйхатдан (арест)дан чиқариш билан боғлиқ низоларнинг ҳуқуқий табиати бироз мураккаброқ. Амалиётда бундай даъволар, одатда, ижро ишида иштирок этмаган учинчи шахслар томонидан киритилади. Улар рўйхатга олинган мулк ўзларига тегишли эканини, ёки мулкка нисбатан ҳуқуқлари мавжудлигини даъво қиладилар.
Бу ҳолатда низо давлат органи билан фуқаро ўртасидаги оммавий-ҳуқуқий муносабат эмас, балки мулк ҳуқуқига доир ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқади. Шу сабабли Ўзбекистон суд амалиётида мулкни рўйхат (арест)дан чиқариш ҳақидаги даъволар фуқаролик судлари томонидан кўрилади.
Амалиётда МИБ қарорини ҳақиқий эмас деб топиш талаби билан мулкни рўйхат (арест)дан чиқариш талаби бир даъво аризасида қўшиб берилган ҳолатларида низони қайси суд ишни кўриши лозимлиги масаласида коллизияни юзага келтиради.
МСИЮтКнинг 26-моддасига, кўра ўзаро боғлиқ бўлиб, баъзилари маъмурий судга, бошқалари эса иқтисодий судга ёки фуқаролик ишлари бўйича судга тааллуқли бўлган бир нечта талабни бирлаштиришга йўл қўйилмайди.
Хорижий давлатлар амалиётига назар ташланса, Россия Федерацияси ва Қозоғистон Республикасида суд ижрочилари (судебные приставы) қарорлари устидан шикоятлар маъмурий суд ишлари тартибида кўрилади. Мулкни рўйхат (арест)дан чиқариш ҳақидаги даъволар эса, агар улар мулк ҳуқуқига доир бўлса, фуқаролик судларининг ваколатига киради.
Германия Федератив Республикасида эса ижро ҳаракатлари юзасидан низолаш махсус ижро судьялари томонидан кўриб чиқилади. Агар рўйхат (арест) қилинган мулк бўйича мулк ҳуқуқи масаласи юзага келса, у ҳолда алоҳида фуқаролик даъвоси тартибида кўриб чиқилади. Бу тизим ижро жараёнида ихтисослашувни таъминлайди.
Амалиётда «мулкни рўйхат (арест)дан чиқариш ҳақидаги даъво» деб номланувчи ушбу талаблар ижро ҳужжатининг қонунийлигига эмас, балки муайян мулкнинг кимга тегишли эканига қаратилгани билан ажралиб туради.
Наманган вилоят маъмурий судининг судьялари
Ж.М.Карабоев
Д.М.Мадаминов
Божхона қўмитаси Раиси А.Мавлонов БМТнинг Глобал форумида нутқ сўзлади!
Маъмурий процессуал муомала лаёқати
Рақобатбардош маҳсулотлар рўйхати шакллантирилади
Маъмурий суд ишларини юритишда вакиллик тушунчаси ва турлари
Россияда янги фирибгарлик схемаси айланмоқда
Матбуот анжумани:
Судьянинг хизматдан ташқари вақтдаги одоб-ахлоқи