Касаллик қўзғатувчи замбуруғ космополит, ўсимликларда паразит ва ўсимлик қолдиқларида сапротроф сифатида бутун дунёда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам кенг тарқалган.Касаллик билан токнинг барча яшил қисмлари, кўпинча мевалари зарарланади. Эрта бахорда куртаклар ва ёш новдалар қўнғир тус олиб, тўкилиб кетади. Бахор сўнгида, гуллашдан олдин баъзи баргларда кўпинча уларнинг четида, катта, нотўғри шаклли, қизғиш-қўнғир некротик доғлар пайдо бўлади. Гуллаш энди бошланганда замбуруғ тўпгулларни зарарлаши ва улар чириши ёки қуриб, тушиб кетиши мумкин. Шингилдаги гул ва мева бандларида қўнғир, кейин қораювчи доғлар ҳосил бўлади, ёз охирида уларниг баъзилари тўкилиб кетади. Зарарланган меваси оқ рангли узум қўнғир, қора рангли узум қизғиш тусга киради. Узум бошининг банди ва меваси чириши, шингиллар тўкилиши туфайли хосилнинг 30-70 фоизи йўқолиши мумкин. Вино ишлаб чиқаришда касалликнинг асосий зарари узум сифатини бузилишидир. Кучли зарарланган узумдан олинган винонинг тиниқланиши қийинлашади, таъми бузилади. Бундай вино оксидланишга ва бактериялар билан зарарланишга мойил бўлиб, уни узоқ муддат давомида сақлаш мумкин бўлмайди.Касаллик қўзғатувчи замбуруғ склероцийлар, мўмиёлашган узум мевалари ҳамда мицелий шаклида зарарланган новдалар ва тиним давридаги куртакларда қишлайди. Баҳорда конидиялар ҳосил бўлади ва улар ёмғир ҳамда шамол билан барг ва ёш шингилларга тушади ва уларни бирламчи зарарлайди. Конидиялар 1-30ºС да сув томчисида ёки 90% ва юқорироқ ҳаво намлиги кузатилганда ўсади.Кураш чоралари.Ун-шудринг ва антракнозга қарши тавсия қилинган барча агротехник, ташкилий чора-тадбирларни қўллаш; чидамли навларни экиш; зарарланган шингилларни териб, кўмиб ташлаш; мавсумда уч маротаба: касалликнинг дастлабки белгилари пайдо бўлиши билан узум бошларидаги мевалар бир-бирига текканда ва узум пиша бошлаганда фунгицид (Байлетон ёки Ботир 25% 0,15-0,3 кг/га) пуркаш тавсия қилинади.
Э. Усмонов,
Давлат карантин инспектори