Сўнгги йилларда юртимизда ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, маънавий дунёқарашини кенгайтириш, ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ҳаётда олиб борилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини кучайтириш борасидаги ишлар салмоғи ҳар қачонгидан ҳам ортиб бормоқда. Бугун келажак соҳибларини замонавий билимларни эгаллаши, охирги фан-техника ютуқларидан баҳраманд бўлиши ҳамда ўзларининг юксак орзу-истакларини амалга ошириши ва олий мақсадларига етишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Давлатимиз раҳбарининг бу борада олиб бораётган саъй-ҳаракатлари қисқа давр ичида ўзининг ижобий натижаларини кўрсата бошлади. Ёшларимиз ўзларининг чуқур билим ва салоҳиятлари билан халқаро илмий танловларда муносиб иштирок этиб, катта-катта ютуқларни қўлга киритмоқдалар.Тараққиёт ва юксалишга энг тез ва тўғри олиб борадиган йўл бу – таълим-тарбия ва илм-фан йўлидир. Шундай экан, тўғри таълим-тарбия ва илм-фан ривожисиз юқори марраларга эришиш мушкул.Куни кеча давлатимиз раҳбари томонидан бу борадаги ишларни янада ривожлантиришга ва юқори даражага олиб чиқишга хизмат қиладиган янги бир хужжат – “Республика олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган, илмий-тадқиқот фаолияти билан шуғулланаётган иқтидорли ёшларни янада қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Президент фармони тасдиқланди. Мазкур Фармон билан, ёшлар учун бир қатор имконият ва қулай шароитларни яратиш белгиланди. Жумладан, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендияси квотаси 2 баробарга оширилди. Таянч докторантурада ўқиётган докторантлар учун 10 та ва магистратура босқичи талабалари учун 22 та ўрин ажратилди. Бакалавриат босқичи талабалари учун эса ҳар бир олий таълим муассасасига 1 тадан алоҳида ўрин ажратилди. Ваҳоланки, авваллари магистрлар ва бакалаврлар учун атига 11 тани ташкил этган холос. Мазкур Фармоннинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, республикамизда фаолият олиб бораётган барча хорижий ва нодавлат олий таълим муассасалари талабалари ҳамда қўшма таълим дастурлари асосида таҳсил олаётган талабалар ҳам бу имкониятлардан тенг фойдалана олиши мумкин бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки номли давлат стипендияси соҳиби бўлган бу муассасалар талабаларига юртимиздаги давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичига кириш имтиҳонларисиз қўшимча давлат гранти асосида қабул қилиниши белгилаб қўйилди. Шунингдек, қардош ҳамюртларимиз бўлган қорақалпоқ ёшлари учун қўшимча равишда Тўлепберген Қаипбергенов ҳамда Ибройим Юсупов номли давлат стипендиялари жорий этиладиган бўлди. Бу имкониятлар ёшларимизни юқори марралар ва юксак мақсадлар сари янада илдамроқ ҳаркатга келтиради ҳамда илм-фан йўлида олиб бораётган ишларига шижоат, куч-ғайрат бағишлайди. Мухтасар айтганда, янги қабул қилинган ушбу Фармон келажагимиз эгаларини илмий-тадқиқот фаолиятларини жадал олиб боришлари, ўз билим ва салоҳиятларини, иқтидор ва истеъдодларини намоён этишлари учун катта мотивация беради. Ўз ўрнида мамлакатимизда ёшларнинг ижодий қобилиятларини ривожлантириш учун муносиб шарт-шароит ва юксак даражада қўллаб-қувватлайдиган муҳит яратилади. Одилжон Маматкаримов,Наманган муҳандислик-технология институти ректори,физика-математика фанлари доктори, профессор. Навигация по записям Алишер Қодировга нисбатан жиддий айблов қўйилди. Ўзбекистонда ОAВ эркинлигига қаратилаётган эътибор ўзини оқламоқда