Давлат томонидан қонунларни қабул қилиниши энг аввало инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган бўлиши билан бирга, ушбу ҳуқуқ ва эркинликларни амалга ошириш механизмини ҳам таъминлашдан иборат. Шулардан бири бу процессуал қонунчиликдаги вакиллик тушунчаси бўлиб, бунда судда иш юритишда ишда иштирок этувчи тарафларнинг ўз ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун бошқа бир шахснинг иштирок этиши тушунилади.
Маъмурий суд ишини юритишда фуқаролар шахсан ўзлари ва (ёки) вакиллар орқали юритишга ҳақлидирлар. Фуқароларнинг ишда шахсан иштирок этиши уни иш бўйича вакилга эга бўлиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди. Фуқароларнинг суд процессида иштирок этувчи вакиллари икки турга: қонуний вакиллик ва шартнома бўйича (ихтиёрий вакилликка) бўлинади.
Қонуний вакиллик фуқаро муомала лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган, белгиланган тартибда бедарак йўқолган деб топилган фуқарода, вафот этган ёки белгиланган тартибда вафот этган деб эълон қилинган шахснинг ишлари бўйича иштирок этишади.
Бунда агар фуқаро муомала лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган бўлса, уларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини судда уларнинг қонуний вакиллари яъни, ота-оналари, фарзандликка олганлар, васийлар ва ҳомийлар ҳимоя қилади;
Белгиланган тартибда бедарак йўқолган деб топилган фуқаро иштирок этиши лозим бўлган иш бўйича унинг вакили сифатида бедарак йўқолган шахснинг мол-мулкини қўриқлаш ва бошқариш учун тайинланган шахс қатнашади;
Вафот этган ёки белгиланган тартибда вафот этган деб эълон қилинган шахснинг меросхўри иштирок этиши керак бўлган иш бўйича, агар меросни ҳали ҳеч ким қабул қилиб олмаган бўлса, васий ёҳуд мерос мол-мулкни сақлаш ва бошқариш учун тайинланган сақловчи меросхўрнинг вакили сифатида қатнашади.
Шартнома бўйича (ихтиёрий вакилликка) суд процессида вакилга фуқаро ва юридик шахслар эга бўлишлари мумкин бўлиб, бунда ишонч билдирувчи ўз ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун судда иш юритишни шартнома бўйича (ихтиёрий) вакилликка биноан вакилга топширади.
Судда юридик шахсларнинг ишларини уларнинг қонунчиликда ёки таъсис ҳужжатларида белгиланган ваколатлар доирасида ҳаракат қиладиган органлар ёки уларнинг вакиллари юритади.
Қонуний вакиллар ва вакиллар ўз манфаатларини кўзлаб ёки уни вакил қилган шахснинг манфаатларига зид равишда процессуал ҳаракатларни амалга оширишга ҳақли эмас.
Умида Нишанова,
Наманган вилоят маъмурий судининг судьяси