ИНТЕЛЛЕКТУАЛ МУЛК ҲУҚУҚИНИНГ ҲИМОЯСИ БАРҚАРОР ИҚТИСОДИЁТ ГАРОВИ

Мамлакатимизда интеллектуал мулк соҳасини ривожлантириш, муаллиф ва бошқа ҳуқуқ эгаларининг қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга алоҳида эътибор берилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг Конституциясининг 53-моддасида ҳар кимга илмий, техникавий ва бадиий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқий кафолатланиши, интеллектуал мулк қонун билан муҳофаза қилиниши белгилаб қўйилган. Давлат жамиятнинг маданий, илмий ва техникавий ривожланиши ҳақида ғамхўрлик қилиши белгиланди.
Интеллектуал мулк ҳуқуқини конституциявий даражада эътироф этмасдан туриб эса самарали иқтисодий-ижтимоий ривожланишни таъминлаб бўлмайди.
Маълумки, интеллектуал мулк жамият тараққиёти ва мамлакат иқтисодиётининг ривожланишида муҳим восита бўлиб ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, мамлакатимизда интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонунчилик асослари ва ҳуқуқий механизмлари илғор халқаро тажрибада келиб чиқиб доимий равишда такомиллаштириб келинмоқда.
Инсон томонидан яратиладиган ижодий ақлий фаолият маҳсули ҳисобланган интеллектуал мулк аслида иқтисодиёт ривожланишининг таркибий қисмларидан биридир. Иқтисодиёти ривожланган мамлакатларнинг деярли барчасида интеллектуал мулк ривожига катта эътибор қаратилгани сабабли уларнинг инвестициявий жозибадорлиги яхшиланган, интеллектуал мулкнинг ички ялпи маҳсулотдаги улуши кескин ортган.
Замонавий дунёда интеллектуал мулк ҳимоясини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.
Интеллектуал мулк соҳасини янада такомиллаштириш, шу жумладан, тадбиркорлик ва инновацион фаолиятни ривожлантиришга қаратилган зарур шарт-шароитларни яратиш, интеллектуал мулкнинг ишончли ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш мамлакатнинг халқаро майдондаги имиджини янада яхшилашга хизмат қилади.
Таъкидлаш жоизки, қонунчилигимизда ҳар бир шахс, хоҳ у фуқаро, юридик шахс ёки чет эл резиденти бўлсин, интеллектуал мулк ҳуқуқлари ҳимояси кафолатланган бўлиб, мазкур ҳуқуқлар бузганлик учун фуқаролик, маъмурий ва жиноий ҳуқуқий жавобгарлик чоралари белгиланган.
Шу ўринда, қонунчиликка мувофиқ ҳар бир манфаатдор шахснинг интеллектуал мулк ҳуқуқлари бузилганлиги ҳолатлари бўйича фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлик чораларини қўллаш бўйича бевосита судга мурожаат қилиш ҳуқуқлари кафолатланган.
Ўзбекистон РеспубликасинингКонституциясининг 55-моддасида ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли эканлиги белгиланган. Ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланган.
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ 2023 ЙИЛ
23 ИЮНЬ КУНИ “ИНТЕЛЛЕКТУАЛ МУЛККАОИД ИШЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШНИНГ АЙРИММАСАЛАЛАРИ ТЎҒРИСИДА” ҚАРОРИ ҚАБУЛ ҚИЛИНДИ.
Мазкур Пленум қарори интеллектуал мулкка оид ишларни кўришда судлар томонидан қонунчиликни тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида муҳим бўлган тушунтиришлар берилган.
Интеллектуал мулкка оид низолар турли хил ҳуқуқий табиатга эга бўлиб, ушбу ҳуқуқий табиат низоларнинг судларга тааллуқлилик масаласини ҳал қилишда муҳим аҳамиятга эга.
Интеллектуал мулк объектларига бўлган меросга доир ишлар ҳамда хизмат вазифалари ёки хизмат топшириғи тартибида яратилган айрим интеллектуал мулк объектлари (асар, ихтиро, фойдали модель ва саноат намуналари, селекция ютуқлари, интеграл микросхема топологиялари ва ҳок.) билан боғлиқ низолар фуқаролик ишлари бўйича судларга тааллуқлидир.
Айрим интеллектуал мулк объектлари (ихтиро, фойдали модель, саноат намуналари, селекция ютуғи, товар белгиси, товар келиб чиққан жой номи, фирма номи)га нисбатан мутлақ ҳуқуқларни бузган юридик шахсларга нисбатан жарима ундириш тўғрисидаги ваколатли давлат органининг даъво аризаси иқтисодий судларга тааллуқли.
Интеллектуал мулк объектларининг ҳуқуқий муҳофазаси деганда қонунчиликка мувофиқ мазкур объектларнинг тан олиниши ва давлат томонидан муаллиф ва (ёки) ҳуқуқ эгаларига мутлақ ҳуқуқларнинг берилиши ҳамда интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш учун тегишли имкониятлар тақдим этилишидир.
Қонунчиликка кўра, индивидуаллаштириш воситаларига нисбатан ҳуқуқлар интеллектуал фаолият натижаларига нисбатан ҳуқуқлардан фарқ қилиб, ушбу восита эгаларига фақат мулкий ҳуқуқлар тегишли бўлади.
Мулкий ҳуқуқ тўлиқ ҳажмда бошқа шахсларга ўтганда, ҳуқуқ эгаси ушбу ҳуқуқни ўзидан бегоналаштиради ва объектга бўлган мулкий ҳуқуқ учинчи шахсларда вужудга келади, қисман ўтказилганда эса ҳуқуқ эгаси бу ҳуқуқни муайян қисмини ўзида сақлаб қолади.
Қонунда тўғридан-тўғри назарда тутилган айрим интеллектуал мулк объектларига боғлиқ бўлган шартномалар (лицензия шартномаси, ҳуқуқларни тўлиқ ёки қисман бошқа шахсга ўтказиш) ваколатли давлат органида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилиши лозимлигига қаратилсин. Бундай тартиб мавжуд бўлмаганда, интеллектуал мулкка оид шартнома (муаллифлик шартномаси, фирма номидан фойдаланиш тўғрисидаги лицензия шартномаси)ни рўйхатдан ўтказиш талаб этилмайди.
Интеллектуал мулк объектларига нисбатан мулкий ҳуқуқлар эгаларидан бошқа шахсларга ўтиши бўйича истиснолар мавжудлигини инобатга олиши лозим (масалан, товар келиб чиққан жой номидан, географик кўрсаткичлардан фойдаланиш ҳуқуқини бошқа шахсга беришга, уларни бошқа шахсга ўтказиш ҳақидаги битимларни тузишга ёки лицензия асосида фойдаланиш учун рухсат беришга йўл қўйилмайди).
Товар белгиси эгасининг товар белгисига бўлган ҳуқуқини ҳимоя қилишга оид талаби ушбу товар белгисига берилган гувоҳнома ҳақиқий эмас деб топилмасдан ёки амал қилиш муддати тугамасдан (тугатилмасдан) иккинчи тарафнинг унинг рўйхатдан ўтказилишнинг ноқонунийлигига оид далиллари мазкур талабни рад этиш учун асос ҳисобланмайди.
Товар белгисига доир гувоҳномани муддатидан олдин тугатиш ҳақидаги ишларни кўришда даъво талабларининг доирасидан келиб чиқиб, синф(лар) ва (ёки) рукн(лар)даги ҳар бир товар ёки хизматдан фойдаланганлик фактини текширган ҳолда низо ҳал қилинади.
Товар белгисининг эгаси товар белгисидан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш мутлақ ҳуқуқига эга.
Товар белгисига доир мутлақ ҳуқуқ гувоҳномада кўрсатилган товарларга нисбатан амал қилади. Бунда мутлақ ҳуқуқ товар белгиси Товар белгиларининг давлат реестрида рўйхатдан ўтказилган санадан эътиборан рўйхатдан ўтказишнинг амал қилиш даврида амалга оширилади ҳамда товар белгиси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумотлар ўша куннинг ўзида расмий веб-сайтига жойлаштирилади.
Товар белгисини ёки шу белги билан белгиланган товарни рухсат берилмаган тарзда тайёрлаш, қўллаш, олиб кириш, савдога таклиф этиш, сотиш, ўзгача тарзда фуқаролик муомаласига киритиш ёки уларни шу мақсадда сақлаш ёхуд улар билан адаштириб юборадиган даражада айнан ўхшаш бўлган бир хилдаги товарларни белгилаш товар белгисига доир мутлақ ҳуқуқни бузиш деб эътироф этилади.
Бевосита товар белгисининг эгаси томонидан ёки унинг розилиги билан фуқаролик муомаласига қонуний тарзда киритилган товарларга нисбатан товар белгисидан бошқа шахсларнинг фойдаланиши мазкур товар белгисига доир мутлақ ҳуқуқнинг бузилиши бўлмайди.
Сўнгги йилларда судларга интеллектуал мулк ҳимояси билан боғлиқ мурожаатларнинг кун сайин ортиб бораётганлигини кўришимиз мумкин.
Биргина Тошкент вилоят суди мисолида олиб қарайдиган бўлсак, якунига етган йилда интеллектуал мулк ҳуқуқи ҳимояси билан боғлиқ даъво талаблари аксарият ҳолларда асосли бўлиб, интеллектуал мулк ҳуқуқи суд орқали тикланмоқда.
Даъвогар “Red Flower” (Aвстрия) компанияси (тарафларнинг номлари ўзгартирилган) судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, жавобгар “New life” МЧЖга “Cool” товар белгиси остидаги салқин ичимликларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фуқаролик муомаласига киритишни тақиқлашни сўраган.
“Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг (бундан буён матнда Қонун деб юритилади) 3-моддаси биринчи қисмига кўра, товар белгиси ва хизмат кўрсатиш белгиси (бундан буён матнда товар белгиси деб юритилади) бу бир юридик ва жисмоний шахслар товарлари ва хизматларини (бундан буён матнда товарлар деб юритилади) бошқа юридик ва жисмоний шахсларнинг шу турдаги товарларидан фарқлаш учун хизмат қиладиган, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган белгилардир.
Қонуннинг 10-моддаси биринчи қисми 13-бандининг
1-хатбошисига кўра, илгари Ўзбекистон Республикасида бошқа шахс номига рўйхатдан ўтказилган ёки рўйхатдан ўтказиш сўраб талабнома берилган, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ рўйхатдан ўтказилмай ҳам муҳофаза қилинадиган ёки шу турдаги товарларга нисбатан анча илгарироқ устуворликка эга бўлган товар белгилари билан адаштириб юбориш даражасида бир хил ёки уларга айнан ўхшаш бўлган белгилар товар белгилари сифатида рўйхатдан ўтказилмайди.
Шунингдек, Қонуннинг 26-моддаси биринчи қисмига кўра, товар белгисининг эгаси товар белгисидан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш мутлақ ҳуқуқига эга.
Судга тақдим қилинган ҳужжатларда кўринишича, “Cool” товар белгиси остидаги салқин ичимликларни даъвогарнинг номига рўйхатданўтказилган. Хусусан, даъво талабларида кўрсатилган даъвогарнинг товар белгилари туширилган маҳсулотлар жавобгар томонидан 2023 йил
25 ноябрь куни расмийлаштирилган божхона юк декларациясига кўра Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб келинган. Аммо мазкур товарларни даъвогар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига фуқаролик муомаласига киритиш мутлақ ҳуқуқига эгадир.
Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленумининг 2023 йил
23 июндаги “Интеллектуал мулкка оид ишларни кўриб чиқишнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 19-сонли қарорнинг 41-банди учинчи хатбошига кўра, судларга товар белгисини фуқаролик муомаласидаги товарларнинг этикеткаларида, ўровларида, товарларни фуқаролик муомаласига киритиш билан боғлиқ бўлган ҳужжатларда ҳамда домен номида ишлатилиши ҳам товар белгисидан фойдаланиш деб эътироф этилиши мумкинлиги тушунтирилсин. Ваҳоланки, Қонуннинг
27-моддаси иккинчи қисмига кўра, товар белгисининг: рекламада, босма нашрларда, расмий бланкаларда, пешлавҳаларда, кўргазмалар ва ярмаркаларда экспонатларни намойиш этиш вақтида, ишлаб чиқарилаётган, сотувга тақдим этилаётган, сотилаётган ёки бошқача тарзда фуқаролик муомаласига киритилаётган ёхуд шу мақсадда сақланаётган ва (ёки) ташилаётган ёхуд Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилаётган товарларнинг этикеткаларида, ўровларида; товарларни фуқаролик муомаласига киритиш билан боғлиқ бўлган ҳужжатларда; домен номида ишлатилиши ҳам товар белгисидан фойдаланиш деб эътироф этилиши мумкин.
Суд, даъвогарга тегишли бўлган товар белгиси остидаги салқин ичимликларга жавобгарнингЎзбекистон Республикаси ҳудудига фуқаролик муомаласига киритиш ҳуқуқи ваколатли орган томонидан рўйхатдан ўтказилмаганлиги боис, даъвогарнинг даъво аризасини қаноатлантириштўғрисида қарор қабул қилган.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, интеллектуал мулк ҳуқуқларининг ишончли ҳимоя қилиниши ҳуқуқ эгаларининг қонуний ҳуқуқлари кафолатини таъминлайди ҳамда судларда низоларнинг қонуний ва адолатли ҳал этилиши мазкур соҳада ривожланиш ва юксалишнинг таъминланиши, жамиятда интеллектуал мулк объектларини яратиш ва фойдаланиш бўйича ишбилармонлик муҳитини қўллаб-қувватланишида устувор аҳамият касб этади.
Тошкент вилоят судининг иқтисодий
ишлар бўйича судьялари М.М.Дусматова, Н.Х.Юсупов