ИШОНЧЛИ ҲИМОЯ – УСТУВОР

Қонунчилик палатаси томонидан 2025 йил 24 январда қабул қилиниб, Сенат томонидан 2025 йил 21 февралда маъқулланган ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига, Иқтисодий процессуал кодексига ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига аҳолининг суд муҳокамаларида масофадан иштирок этишининг ҳуқуқий асослари яратилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Ушбу Қонун фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини янада оширишга, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликлари, шунингдек қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилади.
Хусусан, мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси 209-моддасига киритилган ўзгартириш ва қўшимчага кўра:
“Ишда иштирок этувчи шахсларнинг видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этишини таъминлаш учун кўрсатилган шахсларнинг яшаш жойи, жойлашган ери ёки турган жойи бўйича тегишли судларнинг видеоконференцалоқа тизимларидан ёхуд ишни кўраётган суднинг мобиль видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланилади.
Ишда иштирок этувчи шахсларнинг видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этишини таъминлаётган суд ушбу шахсларнинг келган-келмаганлигини текширади ва келган шахсларнинг шахсини аниқлайди. Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида мобиль видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда иштирок этаётган шахсларнинг шахси ишни кўраётган суд томонидан ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда аниқланади.
Фуқаролик процессуал кодексининг айнан шу моддаси қуйидаги мазмундаги тўртинчи қисм билан тўлдириш кўзда тутилган:
“Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда иштирок этаётган гувоҳларга, экспертларга, мутахассисларга, таржимонларга ўз ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги тушунтирилганлиги, шунингдек гувоҳнинг қасамёди аудио- ва видеоёзув орқали қайд этилади ва бу ҳақда суд мажлиси баённомасида кўрсатилади.
Муҳаммадсодиқ РАҲИМОВ,
Наманган вилояти Маъмурий суди судья катта ёрдамчиси
Муҳаммаджон ЙЎЛДОШАЛИЕВ,
Наманган туманлараро Маъмурий суди судья ёрдамчиси