ТАКОМИЛЛАШУВ

Маъмурий суд ишларини юритиш демократик ислоҳотлар, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси ҳамда янгиланишлар даврида ғоят муҳим аҳамиятга эга.
Бинобарин, ҳар бир жараён ҳуқуқий кафолат, қонун устуворлиги, адолат ва одил судловни таъминлаш билан фуқарорларнинг судларга бўлган ишончини мустаҳкамлашга эришишни тақозо этмоқда.
Қонунда айни мезон ҳам ўз ифодасини топган.
Қонуннинг 3-моддасига биноан Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 25 январда қабул қилинган ЎРҚ-462-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси 144-моддасига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Унга кўра:
“Ишда иштирок этувчи шахсларнинг видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этишини таъминлаш учун кўрсатилган шахсларнинг яшаш жойи, жойлашган ери ёки турган жойи бўйича тегишли судларнинг видеоконференцалоқа тизимларидан ёхуд ишни кўраётган суднинг мобиль видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланилади”;
Шунинг баробарида учинчи ва тўртинчи қисмлартегишинча тўртинчи ва бешинчи қисмлар деб ҳисобланиб, қуйидаги мазмундаги бешинчи қисм билан тўлдирилмоқда:
“Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда иштирок этаётган гувоҳларга, экспертларга, мутахассисларга, таржимонларга ўз ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги тушунтирилганлиги аудио- ва видеоёзув орқали қайд этилади ва бу ҳақда суд мажлиси баённомасида кўрсатилади”.
Шоҳрухбек ХОЛХЎЖАЕВ,
Наманган вилояти Маъмурий суди судья катта ёрдамчиси
Беҳзодбек УМАРЖОНОВ,
Наманган туманлараро Маъмурий суди архив мудири