Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига қилган 2025 йил 26 декабрдаги Мурожаатномасидаги олтинчи йўналиш мазмун-моҳияти
Мурожаатномада бошланган демократик ислоҳотларни қатъий давом эттирилгани, халқимизнинг қўллаб-қувватлаши ва ёшларимизнинг ғайрат-шижоати, ҳамжиҳатлик асоси бўлган маҳалланинг ҳаётимиздаги ўрни, одамларнинг онги ва дунёқарашини ўзгариб, эл-юртимиз янада жипслаштирилганлиги, тадбиркор, деҳқон ва фермерларнинг ташаббускорлиги ва мардона меҳнати ўзаро манфаатли ҳамкорликка асосланган дўстона ташқи сиёсат ҳисобига 2025 йилда барча соҳаларда улкан ютуқларга эришилганлиги ҳақидаги фикрлар билан бошланган.
Мурожаатномада 2026 йилни юртимизда“Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”, деб эълон қилишни таклиф қилинди ва бу таклиф қўллаб-қувватланди.
Мурожаатноманинг асосий қисми – 2026 йилда амалга ошириладиган энг муҳим 6 та устувор йўналишдан иборат дастур белгилаб олинди.
Шундан, Олтинчи устувор йўналишимиз бўлган замонавий давлат бошқаруви ва адолатли суд-ҳуқуқ тизими борасидаги ислоҳотлардир.
Бугунги кунда Олий Мажлисимиз энг кучли парламентларга хос бўлган барча назорат ваколатларига эга. Хусусан, 2023 йилдан буён ташқи қарз миқдорини парламентимиз белгилаб келмоқда.
Энди давлат кафолати остида ташқи қарз олиш масаласини маъқуллашни ҳам парламент ваколатига ўтказсак, нима дейсизлар?
Кўплаб ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар фикрини ўрганиб, 2026 йил 1 январдан давлат харидларида очиқ, шаффоф ва адолатли тизим яратаяпмиз. Бу – тадбиркорларимизга 300 триллион сўмлик кафолатли бозорда ўзларининг товар ва хизматлари билан фаол иштирок этишлари учун катта имкониятлар эшигини очади.
Бундан буён давлат харидларида товар, иш ва хизматларни тўғридан-тўғри сотиб олиш мумкин бўлган ҳолатлар фақат қонун билан белгиланади.
Конституциявий ислоҳотларимиз доирасида вилоят ҳокимлари ва маҳаллий кенгашлар раислари лавозимларини бир-биридан ажратган эдик. Энди бу тизим 2026 йил 1 январдан 208 та туман ва шаҳарда ҳам йўлга қўйилади. Айни пайтда ушбу жиддий сиёсий ислоҳот – ҳокимлар ва ижро идораларидан Кенгашларга муносабатни мутлақо ўзгартиришни талаб қилади.
Бундан буён депутат сўровлари ижроси ҳар чоракда таҳлил қилиниб, сусткашликка йўл қўйилган ҳолатлар бўйича прокуратурага тақдимнома киритилади.
Ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашда фуқаролик жамияти институтларининг роли муҳим.
Шу боис уларни қўллаб-қувватлаш бўйича сиёсат келгусида ҳам изчил давом эттирилади. Хусусан, фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича беш йиллик стратегия ишлаб чиқилади. Ушбу институтларга ижтимоий буюртма бериш тизими рақамлаштирилиб, молиялаштириш ҳажми 2 карра оширилади.
Суд-ҳуқуқ тизимини халққа яқинлаштиришга қаратилган ишларимизни изчил давом эттирамиз.
Биз одил судлов жараёнини “рақамли суд” концепцияси асосида ташкил этишни бошладик. Энди терговни ҳам рақамлаштириш орқали инсон ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтирамиз. Бунда жиноят ҳақидаги аризани қабул қилишдан бошлаб, ишни судга ўтказишгача бўлган босқичларга сунъий интеллект технологиялари жорий этилади ва инсон омили қисқартирилади.
Юртимизда тергов судьялари иш бошлагани – халқаро тан олинган “Хабеас корпус” институтини қўллашнинг навбатдаги муҳим босқичи бўлди. 2026 йилдан тергов судьяларига санкция ва мажбурлов чораларини ўзгартириш ҳамда бекор қилиш ваколатларини ҳам берамиз. Одил судловни амалга оширишда жамоатчилик иштироки ва ролини ошириб борамиз.
Энди жиноят процессига инглиз ҳуқуқидаги давлатларда ижобий натижа берган “халқ вакиллари ҳайъати” институти босқичма-босқич жорий этилади. Бунда ўта оғир ва жамиятда шов-шувга сабаб бўлаётган жиноятлар жамоатчилик вакиллари иштирокида кўриб чиқилиши суд ҳукмининг янада адолатли бўлишига хизмат қилади.
Суд қарорлари ижросини сўзсиз таъминламай туриб, фуқаро ва тадбиркорлар ҳуқуқининг ишончли тикланишига эришиб бўлмайди. Шу боис мажбурий ижро жараёнига самарали муқобил механизмларни ҳам киритамиз. Натижада соҳага сунъий интеллект жорий этилиб, келгуси икки йилда ижро ҳаракатларининг 30 фоизи инсон омилисиз амалга оширилади.
Шиддат билан ўзгараётган дунёда гиёҳвандлик хавфи аҳоли генофонди учун энг катта таҳдидга айланиб бормоқда. Афсуски, бугунги глобаллашув даврида бундай хавф-хатар Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмаяпти.
Бу йил 14 мингдан зиёд гиёҳвандлик жинояти қайд қилинган. Уларнинг 3 мингга яқинини ёшлар содир этгани барчамизни жиддий ўйлантириши керак.
Наркотик савдолари трансчегаравий ва виртуал характерга эга бўлиб бормоқда. Бу эса жиноятларни аниқлашда янги усулларни қўллашни, замонавий билим ва кўникмаларни пухта эгаллашни талаб қилмоқда.
Яқинда ушбу масала бўйича Миллий дастур қабул қилдик. Энди наркожиноятларга қарши курашишни умуммиллий ҳаракатга айлантириб, жамиятда бу иллатга муросасиз муҳит яратамиз.
Гиёҳвандликни таг-томири билан буткул йўқотиш, ёшларимизда кучли маънавий-руҳий иммунитетни шакллантириш бўйича барча куч ва имкониятлар сафарбар қилинади.
Наркожиноятларга қарши курашиш бўйича республика ишчи гуруҳи давлат идораларининг бор куч ва имкониятларини ишга солиб, келгуси йилда наркотикларни ишлаб чиқариш ва тарқатиш каналларига чек қўйиш бўйича янги тизим яратсин.
Бу – Президентнинг топшириғи, бу – ота-оналарнинг хоҳиш-истаги, бу – жамиятнинг талаби!
Тинчлик ҳукм сурган, қонун устувор бўлган, фуқароларнинг хавфсизлиги таъминланган жойга инвестиция ҳам келади, бу ерда туризм ҳам ривожланади. Лекин сўнгги пайтларда ўзини қонундан устун қўйган, тадбиркорларга босим қилиб, уларнинг бизнесини эгаллаб олишга ҳаракат қилаётган, иқтисодиётимизга жиддий путур етказадиган мураккаб молиявий жиноятларни содир этаётган, ўзини “қози” деб ҳисоблаб, одамлар ўртасидаги олди-берди масалаларини ҳал қилиб юрган айрим жиноий тўдалар ҳам кузатилмоқда.
Энг ачинарлиси, “осон пул топаман”, деган илинжда билагида кучи бор айрим спортчилар ҳам бундай жиноий тўдаларга қўшилиб қолмоқда.
Яна бир ёмон жиҳати – Ўзбекистон фуқароларидан иборат жиноий гуруҳлар айрим чет давлатларда ҳам мавжудлиги юртимизнинг халқаро обрўсига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Ўзбекистонда – фуқароларимиз, тадбиркорларимиз ва инвесторларни ҳар қандай вазиятда ҳам ишончли ҳимоя қиладиган давлат бор, Конституция бор, қонунлар бор!
Хотин-қизларнинг қадр-қимматини жойига қўйиш, фарзандларимизни ҳимоя қилиш – қадим-қадимдан эркаклар учун шаън ва ғурур масаласи бўлиб келган. Лекин жамиятимизда аёллар ва болаларнинг турли зўравонликларга учраётгани буюк тарих, юксак маънавият ва маърифатга эга бўлган, оилани муқаддас деб биладиган халқимизга асло ярашмайди.
Сўнгги икки йилда аёллар ва болаларга нисбатан оилавий зўравонлик ҳолатлари бўйича 2 мингдан зиёд жиноят аниқланган.
Ҳеч қачон унутмайлик, оилавий зўравонлик – бу фақат оиланинг ички иши эмас, бу – бутун жамиятга тегишли масала. Аёлни ўз муаммоси билан ёлғиз ташлаб қўйишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!
Аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш бўйича республика мувофиқлаштирувчи кенгаши барча давлат идоралари ва кенг жамоатчиликни сафарбар қилган ҳолда, бундай салбий ҳолатларга барҳам бериш бўйича самарали ишлайдиган тизим яратсин.
Парламентимиз, фуқаролик жамияти институтлари ҳам бу жараёнларда фаол иштирок этса, албатта натижа бўлади.
Коррупция – давлат тараққиётига тўсиқ бўладиган, адолат ва қонун устуворлигини издан чиқарадиган, жамиятда ишонч муҳитини заифлаштирадиган энг жиддий таҳдид.
Коррупцияга йўл қўйиш эса – ислоҳотларимизга хиёнатдир. Бу иллатга қарши курашиш бўйича 2026 йилда “фавқулодда ҳолат” эълон қиламиз.
Барча идораларда комплаенс ва коррупцияга қарши ички назоратга масъул ўринбосар лавозими жорий этилади. Ҳисоб палатасининг вакили фаолияти йўлга қўйилади. Ушбу раҳбарлар тизимдаги нопок шахсларни аниқлаш, шунингдек, бюджет маблағи талон-торож бўлиши ва мансабни суиистеъмол қилиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича таъсирчан назорат ўрнатади ва Президент олдида ҳисобот беради.
Давлатнинг ҳар бир сўм маблағи, ресурси бўйича шахсий жавобгарлик кучайтирилади.
Наманган вилоят маъмурий
судининг судьясиШ.Ахмеджанова
Судьянинг хизматдан ташқари вақтдаги одоб-ахлоқи
Маъмурий процессуал муомала лаёқати
Маъмурий суд ишларини юритишда вакиллик тушунчаси ва турлари
NAMANGAN TUMANLARARO MA’MURIY SUDI TOMONIDAN 2025-YILDA KO‘RIB CHIQILGAN OMMAVIY-HUQUQIY MUNOSABATLARDAN KELIB CHIQADIGAN ISHLAR YUZASIDAN AXBOROT
Ozodlik yo’lchisi
3 janrni o’zida mujassam qilgan shoh asar
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига қилган 2025 йил 26 декабрдаги Мурожаатномасидаги олтинчи йўналиш мазмун-моҳияти
“2-Халқаро Наманган авто фестивали” олдидан матбуот анжумани бўлиб ўтди
Дастлабки эшитув институти
Дастлабки эшитув институти