Янги Ўзбекистонда янги сайлов тартиб-тамойили яратилди. Уни юксак даражада ўтказиш чоралари белгиланди. Сайлов 2021 йилнинг 24 октябрида ўтиши ҳаммага маълум. Энди эса пандемия шароитида овоз бериш қандай кечиши ҳақида саволлар туғилмоқда. Бу саволлар республика тренерлари ва бошқа масъуллар иштирокида ўтказилган ўқув-семинарларида ҳам бот-бот кўтарилган эди.
Шуни ишонч билан айтишим керакки, “COVID-19” шароитида аҳоли саломатлигини мухофаза қилиш, сайловчилар, сайлов ташкилотчилари орасида инфекция тарқалишининг олдини олиш давлатимиз олдидаги муҳим вазифа этиб белгиланди.
Бунинг учун республика Бош Давлат санитария врачи томонидан 2020 йил 11 майда тасдиқланган йўриқнома муҳим аҳамиятга эга ҳужжат ҳисобланади. Унда пандемия шароитида давлат органлари, бошқа ташкилотлар, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ташкил этишдаги санитария қоида ва меъёрлари кўрсатиб ўтилган. Шунга кўра семинар-тренингларда санитария қоидаларига амал қилингани учун комиссия аъзолиги номзодларини ўқитиш муваффақиятли якунланди.
Марказий Сайлов Комиссияси жорий йилнинг 25 августида пандемия шароитида сайлов жараёнларини ташкил этиш бўйича қарор қабул қилиб, йўриқномани эълон қилди. Мазкур қарор жойларда мукаммал шароит яратишни кўзда тутганди. Аниқроқ айтсак, сайлов жараёнлари билан боғлиқ барча тадбирларни молиялаштириш учун бюджетдан етарли маблағ ажратилди. Зарур бўладиган дезинфекция ва ҳимоя воситалари эҳтиёжи ўрганилиб, сайлов комиссияларига етказилди. Ҳароратни ўлчаш учун термометр, пирометр, ҳимоя ниқоби, бир марталик тиббий қўлқоп (сайлов комиссиялари аъзолари учун), антисептик суюқлик (санитайзер) шулар жумласидандир.
Сайлов иштирокчилари ҳимоя ниқобларидан фойдаланиши, қўл бериб саломлашиш ёки тўғридан тўғри контактга киришишнинг бошқа шаклларидан сақланиши, ижтимоий масофага риоя қилиши талабларга риоя қилиши лозим.
Округ ва участка сайлов комиссиялари жойлашган биноларнинг
кириш қисмида ва овоз бериш хонасида ижтимоий масофани сақлаш учун
1,5–2 метр оралиқ масофани белгиловчи ҳамда ҳаракатланиш йўналишини
кўрсатувчи чизиқлар бўлиши лозим. Биносининг кириш қисмида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича тавсиялар акс этган плакатлар жойлаштирилади.
Сайлов куни участка сайлов комиссиялари жойлашган биноларга камида
бир нафар тиббиёт ходими бириктирилади. У йўриқномада белгиланган вазифаларни амалга оширади.Жумладан, сайлов комиссиялари биноларининг кириш қисмида ташриф буюрувчиларнинг тана ҳароратини ўлчайди, антисептик восита билан қўлларини дезинфекция қилади ва заруратга кўра ҳимоя ниқоби беради.
Дезинфекция ишлари овоз бериш хонасида, бинонинг коридорлари,
жамоатчилик фойдаланадиган жойларида (ҳожатхона, лифт, зиналар ва ҳ.к)
амалга оширилади.
Овоз бериш куни, овоз бериш хоналарида участка сайлов
комиссиялари аъзолари учун етарли миқдорда ичимлик суви бўлиши керак.
Овоз бериш хонасида озиқ-овқат истеъмол қилиш таъқиқланади.
Овоз бериш биносидан чиқиш жойида ишлатилган ниқоблар ва
бошқа шахсий ҳимоя воситаларини ташлаш учун идиш ўрнатилиши лозим.
Агар сайлов куни сайлов участкаси “қизил” ҳудудга тўғри келган тақдирда комиссия аъзолари иш фаолияти давомида мажбурий фойдаланиши учун махсус комбинезонлар, халатлар, нафас олиш тизимини ҳимоя қилиш учун – тиббий ниқоб, кўриш аъзоларини ҳимоя қилиш учун – юз учун пластмассали ниқоб, қўлларни ҳимоя қилиш учун – тиббий қўлқоп, қўл ва юз терисини дезинфекцияловчи воситалар, эритмалар, таркибида хлор ва спирт бўлган маҳсулотлар билан таъминланади.
Сайлов участкаси “сариқ” ҳудудга тўғри келган тақдирда комиссия
аъзолари иш фаолияти давомида мажбурий фойдаланиши нафас олиш тизимини ҳимоя қилиш учун –тиббий ниқоб, кўриш аъзоларини ҳимоя қилиш учун – юз учун пластмассали ниқоб, қўлларни ҳимоя қилиш учун – тиббий қўлқоп, қўл ва юз терисини дезинфекцияловчи воситалар, эритмалар, таркибида хлор ва спирт бўлган маҳсулотлар билан таъминланади.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг пандемия шароитида овоз беришни ташкил этиш қоидаларида шахсий ҳимоя воситалари ва бошқа зарур буюмлар округ сайлов
комиссияларига сайловга камида 15 кун қолганида, участка сайлов
комиссияларига сайловга камида 13 кун қолганида етказиб берилади, деб белгиланган. 2021 йил 13 октябрда барча округ сайлов комиссиялари томонидан сайлов участкаларига тиббий шахсий ҳимоя воситалари ва бошқа зарур буюмлар етказиб берилди.
Овоз бериш куни сайлов комиссияси аъзолари ижтимоий масофани
сақлаган ҳолда ўтириши ва иш фаолияти давомида ҳимоя ниқобларини камида 3 соатда бир марта алмаштириши керак. Сайловчи, сайлов жараёнининг бошқа иштирокчиси овоз бериш биносига келганида унинг тана ҳарорати ўлчанади ва қўлига антисептик суюқлик сепилади, ҳимоя ниқоби бўлмаган сайловчига ва сайлов жараёнининг бошқа иштирокчисига ҳимоя ниқоби берилади, шундан сўнг у бинога киритилади. Сайловчилар ва сайлов жараёни бошқа иштирокчиларининг тана ҳарорати 37 даража ва ундан юқори бўлган тақдирда улар овоз бериш хонасига киритилмайди. Алоҳида ажратилган жойларда (бинонинг кириш қисми ва бошқалар) икки нафар участка сайлов комиссияси аъзоси ҳозирлигида кўчма сайлов қутилари ва кабиналаридан фойдаланган ҳолда яширин овоз бериш ҳуқуқи таъминланади.
Сайловчи ижтимоий масофани сақлаган ҳолда ўзининг шахсини
тасдиқловчи ҳужжатининг тегишли варағини очади ва комиссия аъзосининг
ушбу ҳужжат билан контактсиз танишишига имкон яратади. Заруратга кўра, сайловчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжати асосида шахсини аниқлаш мақсадида участка сайлов комиссияси аъзоси сайловчига қисқа муддатга ҳимоя ниқобини очиб юзини кўрсатишини сўраши мумкин.
Сайловчи сайловчилар рўйхатига имзо қўйишда, сайлов бюллетенини олишда, яширин овоз бериш кабинаси (хонаси)да сайлов бюллетенини тўлдиришда тиббий қўлқопда бўлиши тавсия этилади. Яширин овоз бериш кабиналарига парда осилмайди.
Овоз беришни ташкил қилиш учун кўчма овоз бериш кабиналаридан
фойдаланилиши мумкин. Сайловчига яширин овоз бериш кабинаси (хонаси)да бир дақиқадан ортиқ бўлмаслиги тавсия этилади. Овоз бериш ҳуқуқини амалга оширганидан кейин сайловчига қўлларини антисептик воситалар билан зарарсизлантириш тавсия этилади.
Кўриниб турибдики, мамлакатимиздаги сайлов жараёнида ҳар бир фуқаронинг сайлов ҳуқуқларини амалга ошириш учун барча шароитлар яратилган. Фуқароларимиз ўзларининг сайлов ҳуқуқларидан оқилона ва жамият келажагини кўзлаган ҳолда фойдаланишлари мақсадга мувофиқ. Зеро ҳар бир фуқаро келажак олдида, фарзандлари тақдирини белгилашга масъулдир.
Озодахон Чубоева,
6-Наманган округ сайлов комиссияси раиси ўринбосари