Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зариповнинг яқинда секторлар раҳбарлари, маҳаллий ҳокимлик ва тегишли идоралар бошлиқлари ҳамроҳлигида Шофиркон туманининг “Жилвон” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлгани ҳақида хабар берилганди. Ҳудуд муҳандислик–коммуникация тармоқларини таъмирлаш ва янгилашдан тортиб, уйма-уй юриб, ижтимоий муаммоларни ўрганиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, оилалар моддий манфаатдорлигини ошириш каби долзарб жиҳатларга эътибор қаратилган ва туман ҳокимлиги ҳамда бошқа тегишли идора ва ташкилотлар раҳбарлари зиммасига қатор вазифалар юкланиб, “Жилвон” МФЙ ни жорий йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир дастурий чора-тадбир ишлаб чиқиш талаби қўйилганди.
Ҳозирда Янги Жилвон, Хазина, Катта Чақар ва Кичик Чақар қишлоқларини ўзида бирлаштирган “Жилвон” МФЙ да 495 та хонадон, 751 та оила ва 3 минг 200 дан ошиқ аҳоли истиқомат қилмоқда.
Жорий йил Дастурига асосан Жилвонда узунлиги 40 километрга етган қишлоқ ички йўлини таъмирлаш, айниқса, тупроқ йўлини кенгайтириб шағаллаштириш, қарийб 22 минг метрга чўзилган электр энергияси тармоғини қайта қуриш, эскириб яроқсиз ҳолга келган 11 та трансформаторни соз ҳолга келтириш ва истеъмолчи ошгани ҳисобидан қўшимча 2 та трансформаторни янгидан ўрнатишга киришилмоқда. Жилвонликлар хонадонлари табиий газдан баҳраманд, аммо ҳудудда қишлоқлараро ўтказилган 4 минг 300 метрдан иборат табиий газ қувурларини таъмирлаш, бўёқлаш, талаб даражасида сақлашга оид юмушлар бор. Шу қаторда 21 та газ маромлаш пункти қайта тафтишдан ўтказилиб, 96 та газ ҳисоблаш ускунаси билан таъминлаш тақозо қилинмоқда.
Эндиликда айнан “Жилвон тажрибаси” асосида аҳолининг бандлигини таъминлашга эътибор қаратилиб, аҳоли хонадонларини «намунали”, «ўртаҳол» ҳамда «эҳтиёжманд” тоифаларига ажратган ҳолда батафсил ўрганиш талаби қўйилди. Бу жараёнда эҳтиёжманд хонадонларнинг кредитга бўлган талабини ҳисобга олиш ва имтиёзли тартибда моддий қўллаб-қувватлаш кўзда тутилган. Вилоят ҳокими Ботир Зарипов айнан Қизилқум кенгликларига туташ “Жилвон” маҳалласи мисолида экин ерларини ажратиш ишларини тўғри ташкиллаштириш, аҳолини қорамолчилик, паррандачилик, қўй-эчкичилик, қуёнчилик, балиқчилик, асаларичилик каби тармоқлар билан банд қилиш чораларини кўриш, тадбиркорликни ривожлантириш, оилалар даромадини кўпайтириш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланишга доир ўз тавсияларини берди.
Шундан келиб чиқиб, куни кеча “Жилвон” МФЙ да аҳоли эҳтиёжи батафсил ўрганилгани баробарида аҳолига парранда, қўй-қўзи ва қорамол тарқатиш бошланди. Туманда «Автотехсервис барака файз» МЧЖ билан тузилган шартномага кўра, 630 бош йирик шохли чорва моли, бир ёшгача бўлган зотдор бузоқлар «Халқ банки» туман филиалининг 3 йиллик кредит маблағи асосида эҳтиёжманд хонадонларга, тарози бошида тирик вазни ҳисоблангани ҳолда расмийлаштириб берилмоқда. Худди шундай, тажрибали деҳқон Олим Шодиев раҳбарлигидаги “Тилло” фермер хўжалиги ҳам бу ишга ўз ҳиссасини қўшиб, 260 бош майда шохли чорва моли–қўй етказиб беришни зиммасига олган.
— Шу куннинг ўзида Хазина қишлоғида истиқомат қилаётган Гулшан Наримонова, Шахноза Иноятова, Абдулло Абдуллаев, Моҳира Пардаева, Зилола Абдуллаевалар, Катта Чақар қишлоғилик Зебинисо Остонова, Гулбаҳор Шукуроваларнинг ҳар бири 2 бошдан қорамол ва 4 бошгача қўй олиб, оилалари моддий манфаатдорлигини кўпайтиришни мақсад қилишди, – дейди ҳокимнинг “Жилвон” МФЙ даги ёрдамчиси Аббос Ҳасанов. — Катта Чақарда яшовчи Ўлмасой Жўраева ҳам 19 бош қўй ва 5 бош курка олиб, банкнинг моддий қўллаб-қувватлаши ҳисобидан ўзига хос тадбиркорлик фаолиятини бошлади. Қорамол ва қўйнинг тирик вазни ҳар килограмига 32 минг сўмдан, арзон нархда ҳисобланаётгани эҳтиёжманд аҳоли учун ҳам яхши имконият дегани. Умуман, ҳозирда маҳаллада 57 та хонадонни чорва моли, шунча хонадонни қўй билан таъминлаш, шунингдек, 24 та хонадонда жами 3 минг 120 бош товуқ ва курка парваришлашни ташкил этиш ҳаракатига киришилган. Қолаверса, 18 та оиланинг ҳар бирига 1-2 сотихдан иссиқхона қуриб бериш кўзда тутилган.
— Тошкент Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Миллий тадқиқот университетининг Бухоро табиий ресурсларни бошқариш институтининг Бухоро филиалида битирувчи курсда шартнома тўлови асосида ўқияпман. – дейди жилвонлик йигит Намоз Турсунов. — Чорва молларини боқиб кўпайтириб, оиламиз даромадини ошириш мақсадида “Халқ банки”нинг имтиёзли кредит маблағи эвазига 2 бош қорамол, 4 бош қўй ва 15 бош куркани деярли 18 миллион сўмга расмийлаштириб олдим. Бу сармояни 3 йил муддатда қайтариш имконияти берилгани биз кабиларга жуда қулай ва мақбул нарх.
Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати