Президентимизнинг “Эндокринология хизматини такомиллаштириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2022 йил 1 майга қадар:
академик Ё. Тўрақулов номидаги Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда унинг кўп тармоқли клиникаси янги бино ва иншоотларини қуриш, таъмирлаш ҳамда жиҳозланади.
Бунда замонавий талаблар асосида зарур йўналишдаги бўлимларни, шунингдек, махсус лабораторияларни яратишни назарда тутган ҳолда қурилиш ишлари олиб борилади ва тиббий техникалар билан жиҳозланади.
Қуйидагилар Марказнинг эндокрин касалликларнинг олдини олиш ва даволаш соҳасидаги қўшимча вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланади:
метаболик синдром йўналишида фундаментал ва амалий тадқиқотларни амалга ошириш ҳамда инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқиш;
метаболик жарроҳлик амалиётларини амалга ошириш, эндокрин касалликларнинг рентгенэндоваскуляр ташхислаш ва даволаш ҳамда буйрак усти безларига жарроҳлик аралашувининг каминвазив эндовизуал усулларини жорий этиш;
дори воситаларининг ножўя таъсирини ўрганиш ва минималлаштириш доирасида марказлашган клиник синовлар менежменти ва сифат назорати тизимини яратиш;
хорижий давлатларнинг мазкур соҳадаги илмий ташкилотлари ва марказлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ҳамда биргаликда тадқиқотларни ташкил қилиш;
коронавирусда қандли диабетнинг кечишини илмий-амалий жиҳатдан ўрганиб, унинг олдини олиш бўйича стандартларни ишлаб чиқиш;
соҳа мутахассисларини ўқитиш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш учун ўқув дастурларини ишлаб чиқиш.
Манба: Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати.