Ҳали кўпчилик ўзбек аёлларининг қатағон қурбонлари бўлганини билмайди. Архивда олиб борилган тадқиқотларга кўра, 1937-1939 йилларнинг қоронғи тунларида минглаб, балки миллионлаб ватандошларимиз мислсиз қийноқлардан сўнг отиб ташланган.

Ана ўша эзилган, йўқ қилинган, бадном этилган миллатдошларимиз орасида ер юзининг нозик хилқати – аёллар ҳам бор эди. ЎзА “Қор қўйнида лолалар” рукнида ана шундай зиёли ўзбек аёлларининг аччиқ қисмати билан таништириб боради.

Мазкур мақолада қатағоншунос олим Баҳром Ризаев Ўрта Осиёдан чиққан биринчи ўзбек журналист аёли Собира Холдорова ҳақида ҳикоя қилади:

ТАҚДИРГА ТАН БEРМАГАН ҚИЗ…

– Биринчи ўзбек журналист аёли Собира Холдорованинг тақдири худди кино сюжетлари каби мураккаб. У 1907 йил Чуст шаҳрида, камбағал деҳқон оиласида дунёга келади. Отасидан эрта етим қолгач, онаси билан тоғасининг уйида яшайди. 1918 йил талатўпларида тоғаси ҳам ҳалок бўлади. Шундан сўнг улар Қўқонга – узоқ қариндошлариникига йўл оладилар. Қариндошлар ҳали жуда ёш бўлган Собирани ёши анча катта бўлган кишининг никоҳига топширади. Собира бу никоҳни қабул қилмагач, уни эри уриб, оч ҳолда молхонага қамайди, аммо тақдирга тан бермаган қиз молхона тирқишидан чиқиб, қочишга муваффақ бўлади. Кўп ўтмай, Собирани милиция ходимлари тутиб, Қўқондаги 5-сонли интернатга топширади.

ЎРТА ОСИЁДАН ЧИҚҚАН БИРИНЧИ ЖУРНАЛИСТ АЁЛ

У ўшанда интернатда ўқиб, илм олди, рус тилини пухта ўрганди. Ўқитувчилар орасида ўзининг иқтидори билан танилди. 1923 йил ўқишни давом эттириш мақсадида Тошкентга келади ва икки йил аёллар маорифи институтида таҳсил олади. Билимга чанқоқ Собира Холдорова Москвада олий журналистика институтида ҳам ўқийди. У талабалик йилларида Саидаҳмад Назиров билан турмуш қуриб, фарзанди Пўлатжонни Москвада дунёга келтиради. 

Собира Холдорова Ўрта Осиё Республикалари маҳаллий миллатлари аёлларидан чиққан биринчи журналист сифатида 1929 йил августда олий маълумот тўғрисидаги дипломни қўлга киритишга муваффақ бўлган.

СОБИРА ХОЛДОРОВАНИНГ ФАОЛИЯТИ

Собира Холдорова бир қанча таниқли газета-журналларда фаолият олиб борди, таржима билан шуғулланди. Турли лавозимларда ишлади. Ёш журналист аёлнинг ҳаётида ҳаммаси кўнгилдагидек кетаётган эди. Бироқ 1937 йил 9 сентябрда Лабашев, Саидов, Лусников каби бир гуруҳ кимсалар Кузнетсов раҳбарлигида мажлис ўтказади. Унда Собира Холдорованинг иши кўрилади. Йиғилишнинг якуний қарорида эса Собирани «буржуа элементлар билан алоқага йўл қўйган, огоҳликни йўқотган» каби даъволар билан айблашади. ЎзССР ИИХК Собира Холдоровани қамоққа олиш тўғрисидаги қарорни тасдиқлагач, олинган ордер асосида унинг Тошкент шаҳар, «Фрунзе» кўчасидаги хонадонида тинтув ўтказилади…

РУҲИЙ КАСАЛЛИКЛАР ШИФОХОНАСИ ВА СУРГУН

Собира Холдорова 1937 йил октябрь ойида бир неча кун уйқусиз, овқатсиз, сувсиз тик туриши ва терговчилар томонидан тинимсиз калтакланиши оқибатида ақлини йўқотган эди. Бу касаллик унга умрининг охиригача ҳам жуда кўп азоб берди. 1939 йил 29 март куни Собира Холдорованинг айблов баённомаси тасдиқланиб, унга ЎзССР ЖКнинг 63-67-моддалари қўлланади. 1940 йил 5 декабрь куни унинг иши ИИХК қошидаги машъум «учлик» томонидан кўрилиб, журналист 10 йилга олис Ёқутистон ўлкасига сургун қилинади.

Ота-онаси жазога ҳукм қилингач, уларнинг фарзанди Пўлат ва Манзура болалар уйига топширилади. Собира Холдорова йилнинг уч ойдан ортиқ вақтини руҳий хасталиклар шифохонасида ўтказар эди. У қамоқдан қайтгач, 1955 йил 5 апрель куни Тошкент шаҳридан СССР КПСС МҚ биринчи котиби Н.С.Хрушев номига ариза ёзиб, ўзининг бошидан кечирган аянчли қисматини ҳикоя қилади. Жумладан, терговда узоқ вақт туҳмат ва бўҳтонларни рад этгани, бироқ 1940 йил Ёқутистон ўлкасига жазога ҳукм этилиб, асосий вақтини руҳий хасталиклар шифохонасида ўтказганини маълум қилади.

У ўзига нисбатан қилинган адолатсизликларга қарши совет ҳукумати раҳбарларига тинмай ариза ёзади, ўзининг ҳеч бир асоссиз бўҳтонлар асосида жазоланганини, бўйнидаги судланганлик тамғасини олиб ташлашларини сўраб ўтинади. Орадан анча вақт ўтиб, Собира Холдорованинг иши қайта кўриб чиқишга топширилади. Қайта сўроқларда уни билган ва таниган кўплаб инсонлар иштирок этади ва у ҳақда ижобий фикрлар билдирилади. Унинг халқ ичида обрўси жуда баланд бўлиб, ниҳоят, фаол, билимли аёл экани таъкидланади.

«СОБИРА СИЁСАТНИ НИҲОЯТДА ЧУҚУР АНГЛАРДИ»

Собира Холдоровани таниган Жаҳон Обидова у ҳақда шундай қайд этади: “…Бир гал Акмал Икромовнинг қайси мавзуда маъруза қилиши ҳақида баҳслашиб қолдик ва ўша вақтдаги долзарб вазифалардан келиб чиқиб, ўз таклифларимизни айтдик. Аммо Акмал Икромов Собира айтган мавзуда нутқ тайёрлаганини айтди. Ҳа, Собира сиёсатни ниҳоятда чуқур англар ва жуда илғор фикрли инсонлардан эди…».

Шундай қилиб, 1956 йил 22 июнда журналист Собира Холдорованинг иши ТуркВО Ҳарбий трибунали томонидан кўриб чиқилади ва у оқланади. 1956 йил 12 ноябрь куни журналистга ўзининг ва турмуш ўртоғи Мўмин Усмоновнинг ҳам оқланганлиги ҳақидаги хабар етказилади. Бироқ, бу пайтда Собира Холдорова «сталинча» азоб-уқубатлар, таҳқирлардан орттириб олган касали билан овора эди…

Мафтуна КАРИМОВА, ЎзА

от Admin