Minerva city, Lake city ва бошқа қатор лойиҳаларни амалга ошираётган ҳиндистонлик тадбиркор Мурари Лал Жалан Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевни шантажда айблади. Ҳокимлик буни давлат хизматчисини обрўсизлантиришга уриниш деб эълон қилиб, Бош прокуратурага ариза берилаётганини билдирди.
Minerva World of Knowledge компанияси асосчиси, ҳиндистонлик тадбиркор Мурари Лал Жалан Kun.uz`га берган интервьюсида Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевни шантажда айблади.
Нашрнинг ёзишича, 2018 йилнинг 28 сентябрь куни инвестор лойиҳаларни амалга оширадиган MJ Developers компанияси Ўзбекистон ҳукумати билан 100 млн долларлик (аввалроқ 500 млн доллар ҳақида хабар берилган эди) шартнома имзолаган ва ўзининг тўртта йирик лойиҳасига сармоя киритишни бошлаган.
Дастлаб Бухорода беш юлдузли меҳмонхона, сўнгра Наманганда Namangan Square «Яшил шаҳар», Тошкентда Minerva city мажмуаси ва Бектемир туманида Lake сity сунъий кўли қурилиши бошланди.
Тадбиркорнинг айтишича, Бухоро ва Наманганда лойиҳалар муаммосиз амалга оширилмоқда. 2020 йилда таркибида мактаблар, коллежлар ва «жаҳон даражасидаги» университетлар бўлган Minerva City мажмуаси қурилиши бошланди. Бунинг учун пойтахтнинг Янгиҳаёт туманида 15 минг хонадонга мўлжалланган турар-жой бинолари, болалар боғчалари, яшил сайр майдончалари, истироҳат боғлари, болалар майдончалари, поликлиникалар, меҳмонхоналар, ёқилғи қуйиш шохобчаси, савдо марказлари, клабхауслар барпо этиш мўлжалланган 100 гектар майдон ажратилди.
Орадан уч йил ўтиб, ҳудудда бир нечта турар-жой мажмуалари қурилди, аммо бугунги кунда бу иш тўхтаб қолди. Шу фонда ижтимоий тармоқларда янги уйлардан квартира сотиб олиш учун пул тўлаган 200 дан ортиқ фуқаронинг шикоятлари тарқалди. Улар муддати ўтиб кетганига қарамасдан уй калитларини ололмаганидан, пуллари қайтарилмаганидан норози.
Мурари Лал Жалан Тошкентдаги Бахт кўли негизида 100 гектар майдонда барпо этилаётган Lake сity мажмуаси ва Minerva city лойиҳасига 34 млн доллар сармоя киритганини даъво қилмоқда.
«Бир неча ой ўтди, лекин „Minerva city“ ва „Lake City“ лойиҳалари учун тўлиқ бош режани тасдиқлата олмадик. Мен бу борада Тошкент шаҳар ҳокими билан учрашиб олишни сўрадим, аммо ҳоким бу таклифни рад этди. Шундан кейин кутилмаганда прокуратура, экология, ёнғин хавфсизлиги бошқармалари каби давлат идоралари ходимлари қурувчиларнинг ишига халал бера бошлашди», — деди у.
Тадбиркорнинг тасдиқлашича, шаҳар ҳокимининг маслаҳати билан қурилиш компаниялари ҳиндистонлик инвестор компанияси билан шартнома тузишдан воз кечишмоқда.
Унинг сўзларига кўра, 2021 йил мартида Жаҳонгир Ортиқхўжаев уни ҳокимиятга чақириб, гўёки шантаж қилган.
«Менга 2 та йўл қолдиришди: ё лойиҳаларимдан бирини, масалан, Lake City`ни амалга оширишдан расман воз кечишим, ё 100 млн долларни банкка жойлашим керак эди (депозит сифатида — таҳр.). Мен ҳокимга келишувдан ташқари ҳеч ким янги талаблар қўймаслигини, тадбиркор сифатида 7 йил ичида сарфланиши керак бўлган пулни кимнингдир ҳожати учун олдиндан жойлаштириш қийинлигини тушунтирдим», — дея тасдиқлади у.
Тадбиркор ҳоким агар ўз хоҳиши билан шу ишдан бирини қилмаса, Minerva city ва бошқа барча лойиҳалар ундан олиб қўйилиши, Ўзбекистонда кун кечириши қийин бўлишини айтганини таъкидлади.
«Бошида шартномани имзолаётганимизда, барча келишувга амал қилиниши ва мажбуриятлар бажарилиши ваъда қилганди, энди эса ҳоким бу мамлакатда шартномалар ҳеч қандай рол ўйнамаслигини таъкидламоқда», — деди у.
Ҳокимлик муносабати
Ҳиндистонлик тадбиркор интервьюси юзасидан Тошкент ҳокимлиги матбуот хизмати баёнот берди.
«Kun.uz таҳририяти томонидан тайёрланган ва тарқатилаётган Minerva сity компанияси вакили Мурали Лал Жаланнинг интерьвюсида Тошкент шаҳар ҳокимига нисбатан айтган гаплари ҳуқуқий баҳо берилмагунга қадар давлат хизматчисини обрўсизлантиришга қаратилган деб ҳисоблаймиз», дейилади баёнотда.
«Мурали Лал Жаланнинг гапларини асосли ёки асоссизлигини текшириш учун ва айбдорларга нисбатан қонуний чора кўришларини сўраб Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига мурожаат қилинади», — дея маълум қилди ҳокимлик.
Пойтахт маъмурияти ОАВни Бош прокуратура ушбу ҳолатни қонуний асосда ўрганиб чиқилгунга қадар асоссиз маълумотларни тарқатмасликка чақирди.
ОАВ Жаланнинг оиласини Жанубий Африкада коррупцияда айбланиб судга тортилган ва АҚШ молия вазирлиги томонидан санкциялар қўйилган ака-ука Гупталар билан боғлади, бироқ инвесторнинг вакиллари унинг Гупта билан бизнес алоқаларини рад этишган.