Бу иллат ҳақида ҳамма билади. У ҳамма-ҳаммани зада қилиб юборган.
Чақалоқ дунёга келадиган қутлуғ даргоҳ туғруқхонадан чирмовуқдек илашадиган, оёғига тушов бўладиган хавф ҳаётининг ҳар онида жон-жонига тегади.
У ҳақиқатан ҳам шунчалик яшовчанми?
Уни таг-томири билан енгиб бўладими?
Буткул йўқ қилишнинг имкони борми?
Бугун бутун дунё шу ҳақида ўйламоқда, қайғурмоқда, амалий
чора-тадбирлар кўрмоқда.
Уни қурол-яроғ, гиёҳвандлик, наркобизнес, одам савдосидек таҳдидлар қаторида хавфли санаш мумкин.
Бутун дунёда бўлганидек Ўзбекистон ҳам хавфга қарши курашмоқда.
Бу борадаги амалий чора-тадбирлар 2017 йил 4 январда кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни, мазкур қонуннинг қоидаларини амалга татбиқ этишга қаратилган чора-тадбирлар акс этган 2017 йил 2 февралдаги Президентқарори, Коррупцияга қарши курашиш бўйича идоралараро комиссия фаолияти, умуман, кенг қамровли чора-тадбирларда намоён.
Иллатни енгиш фақат шунинг ўзи билан осон кечмаётгани ҳар биримизга маълум.
Ҳуқуқий онг, ҳуқуқий маданият, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида ҳеч ким бу курашдан четда турмаслиги уни бартараф этишда ғоят муҳим.
Бу курашдан ҳеч ким четда турмаслигини, пора олиш ва бериш, воситачилик қилиш, умуман, коррупция билан боғлиқ ҳар қандай кўринишдаги жиноят учун жазонинг муқаррарлигини ҳар бир инсон, айниқса, масъул-мансабдорлар англаб етишини истардик.
Бу иллат илдиз отишига, ҳаётимизни оғудек заҳарлашига имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этишнинг энг тўғри йўлидир.
Фаҳриддин МАДРАҲИМОВ,
Наманган вилояти Маъмурий судининг судьяси
Сойибжон РАҲИМОВ,
Наманган туманлараро Маъмурий судининг судьяси