Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 47-моддаси 2-қисмидаҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмас. Уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланади, деб мустаҳкамлаб қўйилди.

“Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 2-моддасида хусусий мулк дахлсиз ва давлат ҳимоясида эканлиги белгилаб берилган.

Мазкур Қонун талабларига асосан давлат органининг мулкдорнинг мол-мулкини бевосита олиб қўйишга қаратилмаган қарори, шу жумладан мулкдорга қарашли уй, бошқа иморатлар, иншоотлар ёки дов-дарахтлар жойлашган ер участкасини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тўғрисидаги қарори муносабати билан мулк ҳуқуқининг бекор қилинишига фақат қонунда белгиланган ҳолларда ва тартибда йўл қўйилади. Бунда етказилган зарарнинг ўрни эгалик қилувчига тўлиқ қопланиши керак.

Давлат органининг мулкдорнинг мол-мулкини бевосита олиб қўйишга қаратилмаган қарори, шу жумладан, ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарори муносабати билан мулк ҳуқуқининг бекор қилиниши мулкдорнинг розилиги билан қонунда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларини бузиб ташлаш тўғрисидаги қарори фақат адлия органларининг ижобий хулосаси мавжуд бўлганда қабул қилинади. Тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят, Тошкент шаҳар ёки туман (шаҳар) ҳокимлиги ва ер участкасининг ҳамда олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларининг ҳуқуқ эгаси ўртасида тузиладиган, ер участкаси олиб қўйилиши муносабати билан бериладиган компенсациянинг миқдори, тури ва уни бериш муддати назарда тутиладиган келишув мажбурий равишда нотариал тартибда тасдиқланиши лозим.

Кўчмас мулк объектини бузиб ташлаш тўғрисида қарор қабул қилишга олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектининг мулкдорига келишувда, низо мавжуд бўлган тақдирда эса суд қарорида белгиланган жисмоний ва юридик шахсларнинг зарарлари, шу жумладан бой берилган фойдаси ва қонунчиликда назарда тутилган бошқа харажатлари қопланганидан сўнг йўл қўйилади.

Ер участкасини олиб қўйиш ва уйни, бошқа иморатларни, иншоотларни бузиб ташлаш ёки дов-дарахтларни қўпориб ташлаш тўғрисидаги қарор аҳоли пунктларининг бош режаларига, шунингдек турар жой даҳалари ҳамда кичик даҳаларини батафсил режалаштириш ва қуриш лойиҳаларига мувофиқ қабул қилинади.

Олиб қўйилаётган ер участкасидаги уйни, бошқа иморатларни, иншоотларни бузиб ташлаш ёки дов-дарахтларни қўпориб ташлашга зарарнинг ўрни бозор қиймати бўйича олдиндан ва тўла қопланмагунга қадар йўл қўйилмайди.

Наманган вилоятининг фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлари томонидан Конституциямиз ва юқорида қайд этилган қонун талаблари асосида ўтган даврда уй-жойлари бузилишга тушган 13 нафар фуқароларимизнинг даъво аризаларини кўриб чиқиб, улар фойдасига жами 2.694.653.412 сўмлик компенсация пулларини ундириш юзасидан ҳал қилув қарорлари чиқарилган.

Зеро, судларнинг асосий мақсади фуқароларимизнинг Конституциямизда мустаҳкамланган мулкий ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишдан иборатдир.

Абдураҳмон Сафаев,

Наманган вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси

от Admin