Муниципал, идоравий ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондидаги турар жойлар фуқароларга уй-жой майдони ижтимоий нормасига мувофиқ берилади.
Уй-жой майдони ижтимоий нормаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан бир киши ҳисобига 16 квадрат метрдан кам бўлмаган умумий майдон ҳажмида, кресло-аравачада ҳаракатланадиган ногиронлиги бўлган шахслар учун эса 23 квадрат метрдан кам бўлмаган ҳажмда белгиланади.
Эр-хотиндан ташқари турли жинсга мансуб шахсларни бир хонага ёки бир хонали квартирага жойлаштирилишига йўл қўймаслик мақсадида муниципал, идоравий ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондидан уй-жой майдони ижтимоий нормасидан ортиқча турар жой берилиши мумкин.
Уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларни ҳисобга олиш, турар жой майдонини олиш учун навбатни белгилаш, шунингдек, уни тақсимлаш ва давлат уй-жой фонди уйларида ижара шартномаси шартлари асосида фуқароларга тақдим этиш туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳамда идоравий уй-жой фонди бўлган ташкилотлар томонидан амалга оширилади.
Давлат хизматлари маркази қарорни (буйруқни) олганидан сўнг ўн дақиқа ичида уни ариза берувчининг электрон манзилига юборади ва ариза берувчини бу ҳақида ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади. Давлат хизматлари маркази ариза берувчи шахсан келиб мурожаат қилган тақдирда, унга қарор (буйруқ)ни ариза берувчининг сўровига кўра электрон шаклда ёки қоғоз шаклда бериши шарт.
Уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлганлар ҳисобига киритиш рад этилган тақдирда, қарорда (буйруқда) рад этишнинг аниқ сабаблари кўрсатилади.
Фуқароларнинг уй-жой шароитини яхшилашга муҳтожлиги тўғрисида нотўғри маълумотларни тақдим этганлиги, бошқа фуқароларнинг уй-жойга бўлган ҳуқуқлари бузилганлиги ва уй-жойни тақдим этиш бўйича масалани ҳал этишда мансабдор шахсларнинг ноқонуний ҳаракатлари аниқланганлиги уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлганлар ҳисобига киритишни рад этишга асос бўлади.
Фуқаролар уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлганлар ҳисобига киритиш рад этилганлигидан норози бўлган тақдирда, тегишлилиги бўйича ташкилотларнинг юқори турувчи органларига ёки судга шикоят қилиши мумкин.
Уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлганлар ҳисобига киритилган фуқароларнинг рўйхати ташкилот томонидан бир йилда камида бир маротаба янгиланиши лозим.
Ҳисобда турган фуқаро вафот этган ёки бошқа жойга доимий яшаш учун чиқиб кетган ҳолларда, агар уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлганлар сифатида тан олиш учун асослар йўқолмаган бўлса, унинг ўрнига тўғридан-тўғри оила аъзоларидан бири қабул қилинади. Бунда оила аъзоси ўзининг иш жойи бўйича уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган шахс сифатида ушбу ташкилотда ишлаган тақдирдагина киритилади.
Ҳисобда турган фуқаро ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодиса ёки касб касаллиги туфайли вафот этган тақдирда эса, унинг оила аъзоси ушбу идорада ишлаш ёки ишламаслигидан қатъий назар уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлганлар ҳисобига киритилади.
Дониёржон Мадаминов,
Наманган вилоят маъмурий судининг судьяси
Хусанбой Нематжонов,
судья катта ёрдамчиси