Бугунги глобаллашув шароитида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) ва ривожланган давлатларнинг гуманитар кўмак дастурлари дунё мамлакатларини қўллаб-қувватлаш масалаларида муайян ўрин тутади. Шу сабабли жаҳон матбуотида АҚШнинг янги раҳбарияти томонидан мамлакатнинг халқаро ёрдам дастурларини ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) фаолиятини тўхтатиш бўйича қарор қабул қилингани ва бу орқали ҳукумат халқаро ёрдам йўналишларини қайта кўриб чиқишни бошлагани тўғрисидаги маълумот муҳокама мавзуси айланди.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, 2023 йилда АҚШ томонидан гуманитар ёрдам учун 72 миллиард доллар ажратилган, бу маблағ БМТ томонидан 2024 йилга ажратилган барча гуманитар ёрдамнинг 42 фоизини ташкил этади.
USAID дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатида фаолият юритиб, камбағалликни камайтириш, демократияни ривожлантириш, соғлиқни сақлаш ва таълимни яхшилаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби лойиҳаларни молиялаштиради.
Ўзбекистонда USAID иқтисодий ривожланиш, cоғлиқни сақлаш, таълим, демократия, инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигини қўллаб-қувватлаш, экология ҳамда гуманитар ёрдам каби йўналишларда лойиҳаларни амалга ошириб келади.
Мисол учун, 2019-2023 йилларда USAID Ўзбекистон таълим тизими ривожи учун 47 миллион доллар, бизнесга кўмаклашиш лойиҳасига 17,7 миллион доллар, “Марказий Осиё Энергетикаси” минтақавий энергетика лойиҳасига 39 миллион доллар йўналтирилганлигини айтиш мумкин.
Шу билан бирга USAID фаолияти кўпинча танқидга учрайди, у бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашиш, мухолифат ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш ва дастурларни АҚШнинг дипломатик таъсири воситаси сифатида қўллашда айбланган.
АҚШ ҳукуматининг расмий веб-сайтида USAID ЛГБТ, террорчилик фаолиятини, биологик қурол тадқиқотлари, наркотик моддаларни етиштириш каби зарарли лойиҳаларни молиялаштиргани ҳақида маълумот эълон қилингани https://www.whitehouse.gov/fact-sheets/2025/02/at-usaid-waste-and-abuse-runs-deep/ дунё ҳамжамият нигоҳида унинг фаолиятига нисбатан шубҳаларни янада кучайтирди.
Юқорида таъкидлаганимиз, кучайиб бораётган геосиёсий қарама-қаршиликлар, ғоявий таҳдидлар ва бир қатор давлатларнинг ички сиёсий жараёнларга аралашишда айбланиши шароитида Ўзбекистон ўз ижтимоий-сиёсий ҳаётини ташқи таъсирлардан ҳимоя қилишга эътибор қаратиши керак ва буни ички сиёсий жараёнларни ҳимоя қилиш бўйича тўпланган халқаро тажриба ҳам тасдиқлайди.
Масалан, АҚШда 1938 йилда хорижий сиёсий манфаатларни илгари суришга қарши курашишда муҳим восита ҳисобланган.
Шу каби сиёсий жараёнларни ҳимоя қилиш механизмлари Канада, Франция ва Германияда ҳам жорий этилган бўлиб, улар сайлов жараёнлари, сиёсий партиялар ва миллий хавфсизликни ҳимоя қилишга қаратилган. Буюк Британияда 2023 йилдан бошлаб хорижий таъсирни рўйхатга олиш тизимини яратишни назарда тутувчи янгиланган “Миллий хавфсизлик тўғрисида”ги қонун кучга кирди.
Россия, Хитой ва Ҳиндистон каби давлатларда хорижий ташкилот иштироки ёки молиялаштируви бўлган нодавлат ташкилотлар қатъий назорат қилиниб, уларнинг сиёсий фаолиятига чекловлар киритилган.
Европа Иттифоқида сиёсий рекламани молиялаштириш бўйича маълумотларни тақдим этишни талаб қилувчи низом қабул қилинган, бунда асосий эътибор хорижий аралашувга қарши курашишга қаратилган.
Австралияда хорижий таъсирнинг шаффофлиги тизими ишлаб турибди, унга кўра хориждан пул олувчилар жамоат реестридан рўйхатдан ўтиши ва фаолияти ҳақида ҳисобот бериши керак. Исроилда ҳам нодавлат ташкилотларни молиялаштиришнинг шаффофлиги тўғрисида қонун қабул қилинган, унга кўра ўз маблағларини ярмидан кўпини хориждан оладиган ташкилотлардан хорижий ҳомийлари ҳақида маълумот бериш талаб этилади.
Яна бир мисол, Венгрия йилига 24 минг евродан ортиқ хорижий молиялаштириш оладиган нодавлат ташкилотлар устидан назоратни кучайтирган, бундай ташкилотларни “хориждан маблағ олувчи ташкилотлар” сифатида рўйхатдан ўтказишни ва бу ҳақда барча тадбирлар ва нашрларда мажбурий равишда кўрсатишни талаб қилади. Грузияда “Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида”ги қонун қабул қилинган бўлиб, унга кўра нодавлат ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари ўз маблағларининг 20 фоизидан ортиғини хориждан олсалар, хорижий кучлар манфаатларини илгари сурувчи ташкилот сифатида рўйхатдан ўтказилишлари керак.
Бу давлатларнинг тажрибаси шуни кўрсатадики, шаффофлик ва хорижий аралашувдан ҳимоя қилиш талаблари кўпчилик давлатлар учун умумий бўлиб, аммо уларни амалга оширишга бўлган ёндашувлар турличадир.
Баъзи давлатларда ҳимоя чоралари қатъий ва чекланган бўлса-да, бошқаларида фуқаролик жамиятининг мустақиллигини сақлаб қолишга устуворлик берилади.
Ўзбекистон ҳукумати нодавлат ташкилотлар учун халқаро ҳамкорлар билан алоқа қилишда қатъий ва чекланган чораларни сезиларли даражада енгиллаштирди.
Аввал хорижий грантларни олиш учун банкларда махсус ҳисоб рақамларини очиш ва кўп босқичли мураккаб келишиш тартибини бажариш талаб қилинган бўлса, бугунги кунда Молиявий ҳаракатларни ювишга қарши кураш бўйича халқаро стандарт (ФАТФ) тавсияларига мувофиқ соддалаштирилган тартиб жорий этилди.
Баъзи давлатларнинг тажрибасидан фарқли ўлароқ, Ўзбекистонда ҳар бир чет эл грантини алоҳида баҳолаш тизими жорий этилган бўлиб, хорижий молиялаштириш тўғридан-тўғри суверенитет ёки давлатчиликка таҳдид сифатида қаралмайди. Бундай тизим хорижий донорларнинг Ўзбекистонда гуманитар, таълим, илмий ва бошқа ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириш имкониятини тўлиқ сақлаб қолади.
Демак, хорижий тажриба билан солиштирганда, Ўзбекистондаги тартибга солиш механизми хавфсизликни таъминлаш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш ўртасида мувозанатни сақлашга бўлган интилишни намоён этади.
Ўзбекистон чет эл тажрибасини ўзлаштириши керакми? Ҳа, баъзи ҳолларда бу зарур. Бу ҳақда депутатлар, блогерлар ва нодавлат ташкилотлар экспертлари ҳам таъкидламоқда.
Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Нодир Тилаволдиев жамиятда беқарорликни келтириб чиқарувчи ёт мафкура ва ғоялар кириб келишининг олдини олиш мақсадида чет эл грантларини амалга оширишда шаффофлик, жамоатчилик олдида ҳисобдорлик ва самарали таъсир чораларини жорий қилиш бўйича қонунчиликка ташаббус киритилишини маълум қилди.
Блогер Зафар Солижонов давлат нодавлат ташкилотларга шароит яратиб берган ҳолда уларнинг молиявий олди-бердисини тўлиқ назорат қилиши кераклиги, очиқ маълумот бўлиши шартлиги ҳақида фикр билдирди.
Блогер Баходир Ахмедов Ўзбекистон четдан пул олувчилар фаолиятида шаффофликни кучайтиришга эътибор қаратиши, чет элдан келадиган маблағларини назорат қилиш давлатнинг функционал вазифаларидан бирилигини қайд этди.
Блогер Нурбек Алимов Европа Иттифоқи ўзига аъзо ва номзод давлатларни фуқаролик жамияти орқали сайловларга ва сиёсатга ташқи кучлар аралашишидан ўз ҳимоясини кучайтиришга чақиришини, шу билан бирга нодавлат ташкилотларга чекловларни ошириб юбормаган ҳолда ташқи молиялаштирувни назорат қилиш механизми бўлиши кераклигини айтди.
Барқарор ривожланиш маркази эксперти Малика Ахмедова мазкур соҳадаги қонунчилик асосларини сусайтиришга чақириқлар терроризм, радикализация ва хорижий ташқи кучларнинг аралашувига йўл очишини маълум қилган.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Ўзбекистон нодавлат ташкилотларни четдан молиялаштириш ҳолатини тўғридан-тўғри таҳдид сифатида баҳоламаслик, хорижий донорларнинг шаффофлик тамойилига амал қилган ҳолда фаолият юритиши учун шароит яратиб бериш, фуқаролик жамияти институтларининг фаолият эркинлигини ҳурмат қилиш борасидаги амалдаги позициясини сақлаб қолган ҳолда нодавлат ташкилотлар фаолиятининг шаффофлигини янада ошириш бўйича қўшимча чораларни жорий этиши, нодавлат ташкилотларни тузиш, молиялаштириш ёки уларнинг фаолиятида қатнашиш орқали сайлов ва бошқа сиёсий жараёнларга аралашувларни, террорчилик ҳаракатларини содир этишни истисно қилувчи аниқ қоидаларни белгилаши мумкин.
Бундай чоралар, биринчи навбатда, Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий ҳаётини ташқи таъсирлардан ҳимоя қилишга, жамиятда ишонч ва барқарорликни мустаҳкамлашга ҳамда фуқаролик жамияти институтлари фаолиятининг ижтимоий аҳамияти ошишига хизмат қилади.
Таҳлилчи, Гулҳаё Барноева