Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев Наманган вилоятида хизмат сафарида бўлди. Сафар давомида бир қатор учрашувлар, давра суҳбатлари бўлиб ўтди.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, вилоятда фаолият кўрсатаётган ташкилот ва идораларнинг ахборот хизматлари раҳбарлари билан танқидий руҳда ўтказилган учрашув матбуот котиблари олдида турган энг муҳим масалаларга бағишланди.
Учрашувда ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқларда эълон қилинган танқидий мақолалар, миш-мишлар, фейк ахборотлар бўйича ўз вақтида муносабат билдириш, журналист ва блогерлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш, ўз ташкилотининг очиқлигини таъминлаш, замонавий RR-технологияларни пухта эгаллаш — ахборот хизматларининг энг асосий вазифаларидан экани қайд этилди.
«ОАВ ёки ижтимоий тармоқда эълон қилинган танқидий мақолани «бости-бости» қилиш эмас, балки уни тегишли мутасаддилар ёрдамида ҳал этиш лозим, — деди Асаджон Ходжаев. — Чунки муаммони яширган билан у йўқ бўлиб қолмайди, қайтанга, катталашади. Ҳозирги интернет даврида уни яшириб бўлмайди ҳам. Бир жойда ўчирилган ахборот бошқа жойда чиқаверади. Тўғри ва жўяли муносабат билдирилмас экан, салбий ахборотлар оқими тўхтамайди».
Оммавий ахборот воситалари ходимлари ва нашриёт-матбаа корхоналари билан ўтказилган учрашувда мамлакатимизда ахборот соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ҳудудлардаги ОАВ фаолиятидаги муаммолар, очиқликни таъминлаш масалалари борасида фикр алмашилди.
Бугун босма нашрлар қийин молиявий вазиятни бошдан кечирмоқда. Шундай паллада таҳлилий-танқидий материаллар орқали ўқувчи эътиборига тушиш, газета ва журналларни аҳоли орасида тарғиб қилиш, обуналарни онлайн тарзда ташкил қилиш жуда муҳим экани таъкидланди.
«Босма нашрлар маркетинги ҳам замонавий медиа компания бўлиши керак, — деди Агентлик раҳбари. — Ҳар бир газета ва журналларнинг веб-сайти, ижтимоий тармоқларда саҳифалари албатта бўлиши шарт. Ўқувчи ўзи излаган газета ва материалларни, уларнинг архив материалларни веб-сайтдан бемалол топа олса, нашрга нисбатан муносабати ҳам яхши бўлади. Бозор шароитида замонавий коммуникация технологияларисиз ривожланиш қийин. Агар веб-сайтда кунлик янгиликлар ва газетада таҳлилий материаллар берилса, бу албатта яхши фойда беради».
Учрашувда шунингдек, газета ва журналларни интернет орқали тарғиб қилиш, мобил иловаларини яратиш, онлайн обуналар ташкил қилиш ҳамда матбуот тарқатиш ва почта тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар билдирилди. Чоп этилаётган китоб маҳсулотларнинг сифати, нашриёт-матбаа фаолиятига замонавий технологияларни жорий қилиш лозимлиги қайд этилди.
Наманганлик блогерлар билан учрашувда ижтимоий тармоқлар ҳамда мобил мессенжерларда эълон қилинаётган ахборотлар ислоҳотлар самарасини оширишга, жамоатчилик назоратини, фуқароларимизнинг ижтимоий фаоллигини кучайтиришга хизмат қилаётгани эътироф этилди.
«Ахборот соҳасида фаолият олиб бораётган журналистлар, блогерлар ва матбуот котиблари ўзаро ҳамкорликда ишлаши лозим. Чунки матбуот котибларининг ҳам, блогерларнинг ҳам мақсади битта — ҳудуддаги муаммолар ечимига кўмаклашиш. Агар иш тўғри ва ҳамжиҳатликда йўлга қўйилса, ҳудудда муаммолар ҳам, ёлғон ахборотлар ҳам камаяди», — дея таъкидлади Асаджон Ходжаев.
Учрашувда блогерлар фаолиятида дуч келаётган муаммоларни бартараф этиш чоралари ҳақида ҳам сўз юритилди. Тадбирлар ҳақида олдиндан маълумот бериш, ахборотларни олишдаги қийинчиликларни бартараф этиш юзасидан таклифлар ўртага ташланди.
Шу тариқа Агентлик директорининг Наманган вилоятига хизмат сафари ўз ниҳоясига етди.