Атроф-муҳит мусаффолигини асраб-авайлаш, тозаликка риоя этиш, табиатни муҳофаза қилиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир.
Жорий йилнинг 24 август куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган экологик ҳолатни яхшилаш чора-тадбирларига қаратилган видеоселектор йиғилишида юртимизда экологик муаммолар кўпаяётганлиги, бунга баъзан табиий омиллар, кўп ҳолларда эса инсоннинг ўзи сабабчи бўлаётганлиги қайд этилиб, экологик ҳолатни яхшилаш борасида муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Аммо, Наманган вилояти марказида атроф-муҳитни мусаффо сақлаш бироз унутиб қўйилган кўринади. Бундай бўлмаганда, Наманган шаҳрининг қоқ ўртаси – “Ғишткўприк” даҳасида жойлашган янги кўп қаватли уйлар атрофи чиқиндилар уюмига тўлиб ётган бўлармиди?
Наҳотки, бу ерда тўпланиб ётган маиший чиқиндиларни олиб кетиш ҳеч кимни ўйлантирмаса? Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳафаза қилиш бошқармаси, «Тоза ҳудуд» корхонаси, янги уй қураётган тадбиркор бунёдкорлар, ҳудуддаги маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари нега бунга эътиборсиз?
Тўпланиб турган бу чиқиндилар ён атрофдаги ошхона, дорихона, бляшхона, дўкон сингари аҳолига савдо хизматини кўрсатиш масканларга ва уларга келган мижозларнинг саломатлигига, умуман атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатмаслигига ким кафолат беради?
Афсуски, бундай ёқимсиз “манзара”ларни Наманган шаҳридаги Сардоба, Исфархон, Дўстлик каби диққатга сазовор ва аҳоли гавжум нуқталарида ҳам кўриш мумкин.
Бу борада Наманган вилоятидаги тегишли мутасадди ташкилотлар раҳбарларидан амалий жавоб кутамиз.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА