Ўзбекистондаги мавжуд телеканалларда намойиш этилаётган рекламалар, айниқса, дори маҳсулотлари тарғиботи томошабинлар, жамоатчиликда катта эътирозларни келтириб чиқармоқда. Хусусий телеканалларда тонгдан кечгача «фалон дорини ичиб бел оғриғим кетди, бошим тузалди, ҳаётга қайтдим» қабилидаги тинимсиз берилаётган интервьюлар одамларнинг асаб толаларини чертмоқда. Кечки соатларда, айнан оила даврасида телевизор кўрилаётганда, эркакларнинг жисмоний кучини ошириш ва аёлларнинг осон ҳомиладорлигига хизмат қилувчи рекламалар эса нафақат кўп эфирга узатилаётгани, балки ўзбек халқи яшаш тарзи, оилавий тарбия муҳитига ҳам зидлиги билан оммавий норозилик кайфиятини уйғотмоқда.
Яқин орада реклама билан боғлиқ бундай муаммолар ва маънавиятни емирадиган ҳолатларни тартибга солувчи аниқ механизм ишга тушади. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Фарҳод Боқиев QALAMPIR.UZ’га берган интервьюсида маълум қилди.
Айни “прайм тайм” вақтида эфирга узатилаётган турли гигиеник, аёллар ва эркаклар маҳсулотлари рекламасидан одамлар норози. Аҳолининг эътирози рекламаларни бутунлай чеклаб қўйишга асос бўлоолмайди ва бу хато. Демак, телеканаллардаги рекламаларни бироз йўлга солиш вақти келмадими. Бу саволлар билан Боқиевга юзландик.
“Бу саволга кенгроқ жавоб бермоқчиман. Реклама тўғрисидаги қонунчилик бор. Бу борадаги масалалар қонунчилик билан тартибга солинади. Ҳозир “Реклама тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда Сенатга келиб тушган. Бу қонун янги таҳрирда қабул қилинганидан кейин, маъқулланса, бугун кўпчиликни қийнаб келаётган рекламага хос бўлган муаммолар, асабимизда ўйнайдиган, маънавиятимизни емирадиган ҳолатларни тартибга солувчи аниқ механизм ишга тушади. Ташқи реклама, интернет нашрлари ёки телеканал орқали бериладиган рекламаларнинг барчасини тартиб ва механизми белгиланяпти. Менинг бу қонундан хабарим бор. Албатта, бу қонун бугун қўмиталар томонидан тўлиқ муҳокамалардан ўтмоқда”, дейди Боқиев.
Эслатиб ўтамиз, янги таҳрирдаги “Реклама тўғрисида”ги қонун лойиҳаси 2021 йилнинг 28 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан маъқулланган эди.
Шуни таъкидлаш керакки, оммавий ахборот воситаларининг молиявий ҳолатига салбий таъсир қилувчи бир қанча чекловлар мавжудлиги медиа макони хусусий субъектларининг эътирозларига сабаб бўлган эди.
Манба: Qalampir.uz