Қонунларимизда ҳар бир ноқонуний ишга тегишли жазо муқаррарлиги белгилаб қўйилган бўлса-да, айрим шахсларнинг эътиборсизлиги ёки жамиятдаги тартиб-қоидаларга бўйсунмаслиги оқибатида жиноят содир этилмоқда. Наманган шаҳрида туғилган Аброр Нодиров ҳамда Баҳром Ботиров ҳам (исм-шарифи ўзгартирилган) сифатсиз, қалбакилаштирилган дори воситаларини тайёрлаш, сотиш, ўтказиш қонунга хилоф иш эканлигини билсалар-да, ушбу жиноятга қўл уришди.
2021 йилнинг куз ойларида самарқандлик “Исломжон” исмли шахс билан танишиб қолган Аброр Нодиров янги танишининг дори воситалари ва тиббиёт буюмлари олди-сотдиси билан шуғулланишидан хабар топди-ю, гўёки бу “бизнес” орқали тезда бойиб кетишни ўйлади. Шунинг учун ҳам “Исломжон”нинг таклифига рози бўлиб, уни наманганга чақирди. Яна қуруқ эмас, қопга ортилган дори-дармонлар билан. Албатта, бир машина дорини яшириш ва сақлаш учун ишончли жой керак эди. Бунинг учун эса кўча таниши бўлган Баҳром Ботировнинг кўп қаватли уйидан фойдаланишни кўзлаб, уни ҳар ойда 100 АҚШ доллари билан “сийлашни” келишиб олди. Шу тариқа самарқанддан келган меҳмондан олган дори воситаларини ижара уйга жойлаштирди. Унинг назарида бу товарлар ҳаммаси қонуний, тегишли ҳужжатларга эгадек туюлсада, аслида бундай бўлиб чиқмади. Бу эса ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Баҳром Ботировнинг хонадонини таққиллатиб келишгандагина аён бўлди.
Текширув ва суриштирувлар натижасида ашёвий далил сифатида аниқланган 196 турдаги дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг умумий миқдори 550 миллион 367 минг сўмни ташкил этиши маълум бўлди. Уларнинг ҳеч қандай ҳужжатга эга эмаслиги эса жиноят аломатларидан бири эди.
Мазкур жиноят иши бўйича ўтказилган суд мажлисида судланувчиларнинг айбига тўла иқрорлиги, оилавий шароити ва қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги инобатга олинди. Шунга мувофиқ, суд Аброр Нодировни Жиноят кодексининг 163-прим 3 моддаси, 3-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топиб, унга нисбатан 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Унинг шериги Баҳром Ботиров ҳам айни шу модда билан 4 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинди. Бу эса ҳар қандай жиноятга жазо муқаррарлиги, ноқонуний иш эса ташвиш келтиришининг амалий тасдиғидир.
Хислат Қўқонбоев,
Жиноят ишлари бўйича
Наманган шаҳар судининг судьяси