Бишкек суди Кампир-Обод сув омбори ҳудудининг Ўзбекистонга берилишига қарши чиққан 20 нафарга яқин сиёсатчи ва фаолни қарийб икки ой муддатга ҳибсга олиш тўғрисида қарор қабул қилди. Қирғизистон Омбудсмани оммавий ҳибслар юзасидан хавотир билдирди.
Бишкекнинг Первомайский туман суди Кампир-Обод (Андижон) сув омбори ҳудудини Ўзбекистонга беришга қарши чиққан 20 нафарга яқин сиёсатчи ва фаолни қарийб икки ойга ҳибсга олиш тўғрисида қарор чиқарди, дея хабар қилмоқда Қирғизистон ОАВлари. Улар 23 октябрь куни қўлга олинган ва оммавий тартибсизликлар уюштиришга тайёргарлик кўрганликда гумон қилинмоқда. Суд қарорлари 24 октябрдан 25 октябрга ўтар кечаси чиқарилган.
24.kg хабарига кўра, Қирғизистон президентининг Талас вилоятидаги собиқ ваколатли вакили Айбек Бусурманқулов, фаоллар Таалайбек Мадеминов, Эрлан Бекчороев, Рита Карасартова, «Туран» партияси етакчиси Жениш Молдокматов, парламентнинг собиқ депутати Кубаничбек Кадиров, Жалолобод вилоятининг собиқ губернатори Бектур Асанов, Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ котиби Кенешбек Дуйшебаев, МСК собиқ аъзоси Гулнора Жўрабоева, Конституциявий суднинг собиқ судьяси ва ҳуқуқ ҳимоячиси Клара Сооронкулова Бишкекдаги 1-сонли тергов изоляторига (СИЗО-1) юборилган.
Kloop.kg нашрининг ёзишича, сиёсатчи Азимбек Бекназаров, фаол Улукбек Маматаев, журналист Айданбек Акматов, сиёсатчи Равшан Жеенбеков, собиқ депутат Асия Сасикбаева, фаоллар Перизат Суранова, Чингиз Капаров, Чинарбек Шабдан ўғли (Али Шабданбадиев) ҳам қамоққа олинган.
Шунингдек, эҳтиёт чораси қўлланилиши керак бўлган фаол Талант Эшалиев судга тез ёрдам машинасида олиб келинган. Шифокорлар уни бевосита суд залида текширишди. Бироз вақт ўтгач, у яна касалхонага олиб кетилган.
Ҳибсга олинганлар суд қароридан норози бўлиб, уларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши сохта, деб ҳисобламоқда. Қирғизистон Омбудсман институти фаолларнинг оммавий ҳибсга олинишидан хавотир билдирди. Хабарда айтилишича, милиция ходимлари тинтув ва ҳибсга олиш жараёнида бир қатор қонунбузарликларга йўл қўйган, масалан, қўлга олинганларни қўрқитиб, яқин қариндошларининг мол-мулкини тортиб олган ва уларни чақирувсиз сўроққа таклиф қилган.
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев 10 октябрь куни парламентда Ўзбекистон билан чегара чизиғи бўйича келишув тафсилотлари ҳақида гапирганидан сўнг митинглар қайта бошланди. Унинг сўзларига кўра, Қирғизистон 19 минг гектардан ортиқ ерни олган, Кампир-Обод (Андижон) сув омбори сувлари ҳудуди эса Ўзбекистонга берилган, давлатлар сув омборини биргаликда бошқаради.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров аввалроқ баҳсли ерларнинг «деярли 99 фоизи» Қирғизистон фойдасига ҳал бўлганини маълум қилган эди. «Кампир-Обод авваллари тўлиқ Ўзбекистон томони назоратида бўлган, бироқ энди биз 50/50 улушга эга қўшма корхона тузишга ва тўғонни биргаликда бошқаришга келишиб олдик», — деди у.
15 октябрь куни Қирғизистоннинг Ўзган вилоятида сув омбори атрофидаги вазиятга бағишланган қурултой бўлиб ўтди. 20 октябрь куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров Ўзган шаҳрида фаоллар билан учрашди. 22 октябрда қурултой якунларига кўра Кампир-Ободни ҳимоя қилиш қўмитаси тузилди. Қўлга олинганлардан кўпчилиги мазкур қўмитага аъзо бўлган.
24 октябрь куни фаоллар қўлга олинганидан сўнг Бишкекда сиёсий таъқиблар ва Кампир-Обод сув омборини топширишга қарши митинг ўтказилди. Иштирокчилар ҳибсга олинганларни озод қилишни, чегараларни делимитация ва демаркация қилиш масаласини очиқ муҳокама қилишни талаб этишди.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров 24 октябрь куни «Кабар» миллий агентлигига берган интервьюсида намойишчиларни «Кампир-Обод масаласи қизиқтирмаяпти. Улар учун бу шунчаки баҳона. Уларнинг кўпчилиги бу фонда мамлакатда нимадир содир бўлишига умид қилмоқда ва шу орқали кейинчалик ҳокимиятга ёпишиб олишлари мумкин. Бир кун олдин ҳибсга олинган кўпчилик билан шахсан учрашдим. Мен мулоқот учун бордим», — деди у.