Коррупция тарихи узоқ даврларга бориб тақалади. Қадимги юнон файласуфи Аристотель шундай деган эди: “Ҳар қандай давлат тузумида энг муҳими — бу қонунлар ва тартиб-қоидалар воситасида ишни шундай ташкил этишки, мансабдор шахслар қинғир йўл билан бойлик орттира олмасин”.
Ҳозирги кунда миллий манфаатларимизни инобатга олган ҳолда олиб борилаётган изчил ташқи сиёсат давлатимизнинг жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилишини, халқаро майдонда обрў-эътиборининг ортиб боришини таъминлаяпти.
Шу билан бирга, нафақат республикамиз, балки ер юзидаги барча мамлакатлар тараққиётига салбий таъсир этаётган, ҳаммани бирдек ташвишга солаётган муаммолар мавжудки, улардан бири коррупциядир. Коррупция лотинча сўз бўлиб, “порага сотилиш, айниш” деган маъноларни англатади. Яъни коррупция — сиёсат ва давлат бошқаруви соҳасидаги ижтимоий хавфли ҳодиса, давлат функцияларини бажариш ваколатига эга бўлган ёки уларга тенглаштирилган шаxсларнинг ноқонуний тарзда моддий ва бошқа бойликлар, имтиёзларни олишда ўз мақоми ва у билан боғлиқ имкониятлардан фойдаланиши, шунингдек, бу бойлик ва имтиёзларни жисмоний ёки юридик шахслар қонунга хилоф равишда эгаллашига имкон беришидир. Корруция ва пораxўрлик давлатни ич-ичидан емириши жаҳондаги баъзи давлатлар тажрибасидан яхши маълум.
Ҳар йили бир триллион доллардан ортиқ маблағ ноқонуний ўзлаштирилади
Ҳисоб-китобларга кўра айни дамда дунёда кўплаб жиноятларга сабаб бўлаётган нафс балоси, яъни коррупция ва пораxўрлик натижасида йилига бир триллион доллардан ортиқ маблағ ўзлаштирилар экан. Бу зарар ҳисобланганда, ўзга мулк, пулни ўзлаштириш ва бунга тегишли бошқа жиноий ҳаракатлар инобатга олинмагани коррупция муаммолари билан шуғулланувчи “Transparency International” ташкилотининг маълумотларида таъкидланган. Шу боис пораxўрликни ҳеч иккиланмай тараққиёт кушандаси деб аташ мумкин. Ҳатто Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳам бу иллатларни энг глобал муаммолардан бири сифатида эътироф этиб, уларга қарши курашиш масалаларига жиддий эътибор қаратиб келмоқда. Хусусан, БМТнинг 2003 йил 31 октябрда қабул қилинган Коррупцияга қарши конвенцияси халқаро-ҳуқуқий ҳужжат бўлиб, унинг лойиҳаси икки йил давомида 130 дан ортиқ давлат иштирокида муҳокама этилган эди. Унда коррупцияга қарши халқаро ва миллий кураш амалиётини йўлга қўйиш ҳамда уларни амалга ошириш механизмлари белгилаб берилган. Ўзбекистон ушбу конвенцияга 2008 йил 7 июлда қўшилган.
Қандай курашиш керак?
Сиёсий арбоблар, тадқиқотчи олимлар, кенг жамоатчилик муаммонинг адолатли ечими устида бош қотирмоқда. Бунинг сабаби аниқ ва равшан:
биринчидан, коррупция жамиятда адолатсизлик, тенгсизлик ва қуйи табақаларнинг норозилигига олиб келади, бу эса барча соҳалардаги ислоҳотларнинг натижасига салбий таъсир этмай қолмайди;
иккинчидан, фуқароларимизда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятнинг етарли даражада эмаслиги, ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қила олмаслиги жамиятда адолат мезонининг бузилишига йўл очиб бермоқда. Демак, “Ҳуқуқий маданият” предмети олий, ўрта махсус ва ҳатто ўрта таълим босқичларида чуқур ўтилишига эҳтиёж туғилмоқда;
учинчидан, сиёсий институтлар, жамоат ташкилотлари шаклан демократик мезон, ғарб андозасига ўхшаса-да, мазмун-моҳиятига кўра, замон талабидан орқада қолмоқда, бу камчилик эса олдинга силжишимизга халақит бермоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Жамиятимизда коррупция, турли жиноятларни содир этиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жиноятга жазо, албатта, муқаррар экани тўғрисидаги қонун талабларини амалда таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўришимиз зарур”, деб алоҳида таъкидлади.
Жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш зарур
2017 йил 4 январдан Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни кучга киргани бу борадаги муҳим қадам бўлди.
Қонунда коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат сиёсатининг асосий принциплари ва йўналишлари мустаҳкамланган. Унга кўра, қонунийлик, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги, очиқлик ва ошкоралик, тизимлилик, давлат ва фуқаролик жамияти институтларининг ҳамкорлиги, қоррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар устуворлиги, жавобгарликнинг муқаррарлиги коррупцияга қарши курашишнинг асосий принципларидир.
Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари сирасига аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш киради. Давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар амалга оширилади. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш ҳам шулар жумласидандир.
Ваколатли органлар қайсилар?
Қонунда коррупцияга қарши курашувчи ваколатли органлар тизими келтирилган бўлиб, унга кўра Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар, Адлия вазирликлари, Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятлар ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти коррупцияга қарши курашиш фаолиятини бевосита амалга оширувчи давлат органларидир. Қонунга мувофиқ коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни қонун ҳужжатларига асосан бошқа давлат органлари ҳам амалга оширади.
Шу билан бирга Президентнинг 2020 йил 29 июндаги Фармони билан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди.
Агентлик коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакиллантириш ва амалга оширишда махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади. Унинг асосий вазифаси мамлакатда коррупция ҳолатини тизимли таҳлил қилишдан иборатдир.
Хулоса қилиб айтганда, айни пайтда мамлакатимизда жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашишнинг барча ҳуқуқий асослари яратилган. Фақат бу жараёнда юртдошларимиздан хушёрлик ва масъулият талаб этилади, холос. Шундагина мамлакатимиз бундан-да тараққий этиб, одамларимизнинг турмуши фаровонлашиб бораверади.
Наманган вилоят маъмурий судининг судьяси
ОДИЛЖОН ТУРДИЕВ ҳамда вилоят маъмурий судининг
судьяси ҚОДИРЖОН ТАЖИМАТОВ