Ҳар бир давлат ўзининг иқтисодий тузими, ижтимоий-сиёсий ривожланиш даражаси, ишлаб чиқариш ва мулкчилик муносабатларидан келиб чиқиб солиқ сиёсатини белгилайди, солиқ тўғрисидаги қонунчилик орқали солиқ муносабатларини тартибга солади. Солиқлар давлат томонидан иқтисодиётни тартибга солишнинг муҳим элементи бўлиб, давлат солиқ тизимини яратиш ва ундан молиявий сиёсий мақсадларда фойдаланишга ҳаракат қилади. Шу аснода солиқ сиёсатини юритади.
Мамлакатни иқтисодий ва ижтимоий тараққиётига шу давлатда юритилаётган солиқ сиёсатининг муҳим ўрин тутади. Шу боис ҳам барча соҳаларда олиб борилгани каби иқтисодий соҳада ҳам кўплаб ислоҳотлар олиб борилди. Амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асоси сифатида Ўзбекистон Республикаси солиқ тизимини тубдан ислоҳ қилишни, шу жумладан солиқлар ва мажбурий тўловларни камайтиришни, самарасиз солиқ имтиёзларини бекор қилишни назарда тутадиган Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, “Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорлари ҳамда “Солиқ мажбуриятларини бажаришда тадбиркорлик субъектларига янада қулай шарт-шароитлар яратиш чора тадбирлари тўғрисида” ва “Тадбиркорлик субъектлари учун маъмурий ва солиқ юкини янада камайтириш, бизнеснинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармонлари ҳамда янги таҳрирдаги Солиқ кодекси қабул қилинди.
Мазкур олиб борилган ислоҳотлар натижасида бир қатор солиқ турлари бекор қилинди, солиқ солишнинг янги тартиблари жорий этилди. Шу билан бирга солиқ органларининг жавобгарлиги кучайтирилди, солиқ мажбуриятларини бажаришнинг янги янги шакллари белгиланди, солиқ назоратини амалга оширишнинг янги тартиби жорий этилди.
Давлат солиқ сиёсатини солиқ миқдори ва ҳисобини белгилаш, имтиёзлар бериш, солиқ базаси
ва бошқалар ёрдамида амалга оширади. Солиқ ҳисоби солиқ тўловчи ёки солиқ агенти томонидан тўланадиган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича солиққа тортиш базасини аниқлаш
ва солиқ ҳисоботларини тузиш учун зарур бўлган маълумотларни ҳисобга олиш тизими бўлиб, бунда солиқ ҳисобининг мақсади ҳисобот даврида солиқ ва бошқа мажбурият тўловларни тўғри ҳисоблаш учун зарур бўлган ишончли маълумотларни ҳисобга олиш, ҳамда ички ва ташқи фойдаланувчиларни зарурий маълумотлар билан таъминлашдан иборатдир.
Солиқ солиш объектлари ва (ёки) солиқ солиш билан боғлиқ объектлар тўғрисидаги ахборотни умумлаштириш ҳамда тизимлаштириш, шунингдек солиқларни, йиғимларни ҳисоблаб чиқариш ва солиқ ҳисоботини тузиш мақсадида Солиқ Кодекси талабларига мувофиқ солиқ тўловчи ёки солиқ агенти томонидан ҳисоб ҳужжатларини юритиш солиқ солиш мақсадларида ҳисобга олиш деб эътироф этилади. Демак, солиқ ҳисобининг объекти бўлиб хўжалик операциялар, активлар, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича мажбуриятлар, даромадлар, харажатлар ҳамда фойда бўлса, солиқ ҳисобининг предмети бўлиб солиқ тўловчи ёки солиқ агенти томонидан солиқлар, мажбурий тўловлар бўйича келиб чиқадиган мажбуриятларни ҳисоблаш, тўлаш ҳамда таҳлил қилиш тушунилади.
Солиқ ҳисоби ҳисоб ҳужжатлар асосида юритилади Бунда солиқ ҳисоб ҳужжатлари солиш объектларини ва солиқ солиш билан боғлиқ объектларни аниқлаш, шунингдек солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаб чиқариш учун асос бўлган бошланғич ҳужжатлар, бухгалтерия ҳисоби регистрлари ҳамда бошқа ҳужжатлардан иборатдир.
Солиқ ҳисоби Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси, Бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонуни ва бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади. Бугунги кунда олиб борилаётган солиқ сиёсати ва унга оид ислоҳотлар солиқ ҳисобини тўғри юритилишига ҳамда солиқ сиёсатидан кўзланган мақсадга эришишга хизмат қилмоқда. Бироқ амалиётга солиқ ҳисоби билан боғлиқ айрим муаммолар ҳам учраб турибди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 83-моддасига асосан солиқ тўловчи солиқ ҳисоботига зарур тузатишларни киритиши ва солиқ органига аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиши мумкинлиги белгиланган бўлса-да, солиқ тўловчи маҳсулот реализация қилиб, электрон ҳисобварақ фактура расмийлаштирмаган бўлса, реализация қилган товар (хизмат)ларни ҚҚС ҳисоботида акс эттириш ёки камчиликни бартараф қилиш имкони мавжуд эмас.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 августдаги “Қўшилган қиймат солиғи ҳамда чет эл юридик шахслари билан боғлиқ солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 489-сонли қарори билан тасдиқланган “Ҳисобварақ-фактураларнинг шакллари ҳамда уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги Низомда электрон ҳисобварақ-фактура товарлар жўнатилган (топширилган) ёки хизматлар кўрсатилган календарь санада расмийлаштирилиб тақдим этилиши шартлиги белгиланган.
Шу боис камерал солиқ текширишда аниқланган камчиликни бартараф қилиш учун ҚҚС ҳисобот бланкасига электрон расмийлаштирилмаган ҳисобварақ-фактуралар ҚҚС сиз қийматини киритиб, ҚҚС солиғи суммасини ҳисоблаш имконини бериш лозим.
Шу билан бирга, Солиқ кодексининг 223-моддасига асосан Солиқ базасини яшириш (камайтириб кўрсатиш) ҳуқуқбузарлиги учун яширилган (камайтириб кўрсатилган) солиқ базаси суммасининг йигирма фоизи миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши белгиланган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, солиқ тўловчига солиқ кодексининг
223-моддасида назарда тутилган молиявий жаримани қўллаган холда электрон тарзда расмийлаштирилмаган ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштириш имконини яратиш лозим.
Бу билан солиқ тўловчиларга аниқланган камчиликларни ихтиёрий бартараф қилиш имкони яратилиб, бюджетга тўланадиган солиқ суммаси ортишига сабаб бўлади.
Шунингдек, амалдаги меъёрий ҳужжатларга асосан қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида тан олинадиган солиқ тўловчилар солиқ органларида қўшилган қиймат солиғининг тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтадилар ва бу қўшилган қиймат солиғи суммасини ҳисобга олишнинг шарти ҳисобланади деб кўрсатилган.
Меъёрий ҳужжатларга асосан мажбурий тартибда қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида тан олинадиган солиқ тўловчилар қўшилган қиймат солиғининг тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтиш учун ариза тақдим қилиниши орқали ўтиши белгиланган. Ариза қўйи давлат солиқ инспекцияларида ўрганиб чиққандан сўнг давлат солиқ бошқармасига беради, бошқарма томонидан Давлат солиқ қўмитасига жўнатади ўрганиб чиқиб кейин гувоҳнома берилади.
Амалдаги Солик кодексида эса юқоридаги меъёр кўрсатилмаганлиги учун қўшилган қиймат солиғининг тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтмаган тақдирда хам сотиб олинган товар(хизматлар) учун тўланган қўшилган қиймат солиғи суммасини ҳисобга олиш мавжуд.
Хусусан, Солиқ кодексининг 462-моддаси 10-бандида “Агар янги ташкил этилган юридик шахсда ёки янги рўйхатдан ўтган якка тартибдаги тадбиркорда товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромад суммаси рўйхатдан ўтилган санадан то календарь йил тугагунига қадар, 365 га бўлинган ва рўйхатдан ўтилган санадан то календарь йил тугагунига қадар бўлган кунлар сонига кўпайтирилганда бир миллиард сўмга тенг суммадан ошса, у ҳолда бундай шахслар рўйхатдан ўтилган йилдан кейинги йилдан эътиборан қўшилган қиймат солиғи ва фойда солиғини тўлашга ўтади”-деб белгиланган.
Шу боис ушбу ҳолатда мажбурий тартибда қўшилган қиймат солиғига ўтказилганда қўшилган қиймат солиғининг тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтиш учун ариза тақдим қилиш тўғрисидаги талабларини бекор қилиш, ҳамда гувоҳномани автоматик тарзда берилишини ташкил қилиш яъни, гувоҳнома бериш тартибини енгиллаштириш жорий этилса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Қонунчиликка киритилган мазкур ўзгартириш билан солик тўловчиларни эътирозига чек куйилган, солиқ сиёсати ва солиқ ҳисобидан кўзланган мақсадга эришилган бўлар эди. бўлар эди.
Яна бир муҳим масала бу солиқ ҳисоби юритишнинг белгиланган тартиб таомилларига риоя қилиш солиқ органи ҳамда солиқ тўловчи, солиқ агенти учун ҳам бирдек аҳамият касб этади. Шу боис Солиқ кодексининг
22-моддасида солиқ тўловчи белгиланган тартибда солиқлар
ва йиғимларни ўз вақтида ҳамда тўлиқ ҳажмда ҳисоблаб чиқиш, солиқ ҳисобига оид ҳужжатлари бериши мажбурияти эканлиги кўрсатилган. Шу билан бирга, Солиқ кодексининг 27-моддаси талабига кўра, солиқ органи солиқ ҳисобини тўғри юритилишини назорат қилишга мажбур эканлиги белгиланган.
Қонунчилик солиқ сиёсати ва солиқ ҳисобини тўғри ва мақсадли юритилишини таъминлаш мақсадида солиқ ҳисобига риоя этилиши юзасидан қонунчиликда маълум бир талабларни қўяди. Шундан келиб чиқиб, қонунчиликка риоя этмаганлик учун жавобгарликни белгилайди.
Солиқ кодексининг 220-моддасига асосан солиқ ҳисоботини
ўз вақтида тақдим этмаганлик учун солиқ тўловчи бўлган юридик шахснинг мансабдор шахси ёки солиқ тўловчи бўлган жисмоний шахс маъмурий жавобгарликка тортилади деб кўрсатилган.
Солиқ органи мазкур ҳуқуқбузарликни аниқлагач, амалдаги тартибга кўра баённома расмийлаштиради. Агарда, мазкур ҳуқуқбузарликни содир этган солиқ тўловчи бўлган юридик шахснинг мансабдор шахси ёки солиқ тўловчи бўлган жисмоний шахсига нисбатан маъмурий баённомани электрон шаклда тузилишини ташкил этиш жорий этилса солиқ тўловчилар учун қулайлик юзага келган, масофадан иш ташкил қилинган бўлар эди. Маъмурий баённомани тузиш учун кетган вақт сарфи қисқаради. Инсон омили камаяди.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, солиқ ҳисоби солиқ сиёсатини амалга оширувчи восита сифатида гавдаланар экан, солиқ ҳисобини амалга оширилишини тўғри йўлга қўйиш, такомиллаштириш орқали солиқ солишнинг аниқлиги принципи доирасида кўзланган мақсадга эришилади.
Наманган вилоят маъмурий
суди судьяси Умида Нишонова