8 декабрь – Конституция куни
Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришганидан сўнг халқаро ҳуқуқ субъектига айланиши, мустақил давлат сифатида танилиши учун аввало Конституция қабул қилиниши талаб қилинарди. Олий Кенгашнинг 1990 йил 20 июнда бўлган иккинчи сессиясида янги Конституция ишлаб чиқилиши лозим деган хулосага келинди ва икки ярим йил давомида 50 кишидан иборат 6 та гуруҳ бу борада иш олиб борди. 1992 йил 26 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилиб, 26 ноябрда матбуотда иккинчи бор эълон қилинди.
Ва, ниҳоят, 1992 йил 8 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинди.
Ўтган даврда Бош қомусимизнинг нақадар ҳаётий эканлигини, ундан ўрин олган инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқ, эркинлик ва бурчларидан тортиб, жамият ва шахс, давлат ҳокимиятининг ташкил этилишига қадар катта эътибор қаратилганлиги бежиз бўлмагани аён бўлди.
Орадан салкам ўттиз йил ўтди ва бугунга келиб Ўзбекистон Республикаси Конституцияси замон талабларига жавоб бермай қолди. Натижада, «Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси қабул қилинди.
Бош қомусимизга киритилиши таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар бўйича ҳақида гап кетганда фуқароларнинг меҳнат, ижтимоий ва экологик, шу жумладан, аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари ҳуқуқларини конституциявий жиҳатдан кафолатлашни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилганини таъкидлаш лозим. Бош қомусимизнинг 64 моддасига 200 дан ортиқ ўзгартиш, 6 та янги модда билан 16 та янги норма киритилмоқда.
Қонун лойиҳасини тайёрлаш доирасида жумладан, фуқароларнинг иқтисодий ҳуқуқларини, хусусий мулкчилик, иқтисодий фаолият эркинлигини ҳимоя қилишга қаратилган нормалар киритилаётганини айтиш жоиз. Уларга асосан, давлат тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик ва инвестициявий муҳитни, шарт-шароитларни таъминлайди;
Ўзбекистон Республикасида товарлар, хизматлар, ишчи кучи ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланади; тадбиркорлар қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга ҳақли; улар ўз фаолияти йўналишини мустақил танлашга ва тадбиркорликдан чекланмаган миқдорда даромад олишга ҳақли, хусусий мулк дахлсиз ва давлат томонидан ҳимоя қилинади.
Шуни унутмаслигимиз керакки, қонун устувор демократик давлатда яшар эканмиз, ҳар бир фуқаро аввало Конституцияни ва қонунларни яхши билиши, уларга қатъий амал қилиши лозим.
Қодиржон Тажиматов,
Наманган вилояти маъмурий суди судьяси.
Мансуржон Артиков,
вилояти маъмурий суди девонхона мудири.