Сенат 21 ёшгача бўлган шахсларга тамаки маҳсулотлари, электрон сигареталар ва спиртли ичимликларни интернет ҳамда савдо автоматлар орқали сотишни тақиқловчи қонун лойиҳасини маъқуллади. Тақиқлар рўйхати сезиларли даражада кенгайтирилди.
Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг сешанба куни бўлиб ўтган 36-ялпи мажлисида «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири маъқулланди. Қонун қуйи палата томонидан 25 октябрь куни қабул қилинган.
Ёзда сенаторлар қонун лойиҳасини рад этишган, шундан сўнг у парламентнинг икки палатаси аъзоларидан иборат келишув комиссияси томонидан қайта эди. Ҳужжат президент томонидан имзоланиши керак. Шундан сўнг у уч ой муддатда, тамаки маҳсулотлари, тамаки ва никотин истеъмол қилиш воситаларига қўйиладиган қадоқлаш ва маркалаш талаблари тўғрисидаги қоидалар эса бир йил ичида кучга киради.
Йиғилишда сўзга чиққан Сенат раиси Танзила Нарбаева алкоголь ва тамаки маҳсулотларини тарқатиш ва истеъмол қилишни чеклаш умуммиллий ҳаракатга айланиши кераклигини таъкидлади.
«Гап одамлар саломатлиги, биринчи навбатда, ёшлар — миллат келажаги ҳақида бормоқда… Биз жамиятда соғлом турмуш тарзини жорий этишга интиламиз ва қонун бу йўлда муҳим қадам бўлишига ишонамиз», — деди у.
Танзила Нарбаева қонун етарли даражада кенг қамровли экани, унинг барча нормалари амалда ишлаши кераклигини таъкидлади.
Қонун алкоголь ва тамаки маҳсулотларини, шунингдек, тамаки ва никотинни истеъмол қилиш учун воситаларини 21 ёшга тўлмаган шахсларга (ҳозирда бу чегара 20 ёш), 21 ёшга тўлмаган шахслар томонидан сотиш тақиқлайди.
Ушбу маҳсулотларни сотувчининг бевосита иштирокисиз, шу жумладан савдо автоматлари ва бошқа электрон ёки механик қурилмалар орқали, ўз-ўзига хизмат кўрсатиш жавонларидан ҳамда электрон тижорат кўринишида сотиш (бундан кўпикланадиган ва табиий винолар мустасно), шу жумладан, ҳар қандай усул билан етказиб бериш тақиқланади.
Ушбу маҳсулотларни кўчма ва сайёр савдо йўли билан (қўл, лотокларда, саватчаларда, қўл аравачаларида), кўчмас савдо объектларидан ташқарида, дорихоналарда ва болалар товарларини сотиш учун мўлжалланган биноларда сотиш тақиқланади. Шунингдек, болалар ўйинчоқлари, ширинликлари ёки бошқа болалар маҳсулотларига тақлид қилувчи бундай маҳсулотларни сотиш ҳам тақиқланган.
Алкоголли ва тамаки маҳсулотлари ҳамда тамаки ва никотиндан фойдаланишга мўлжалланган воситаларини соғлиқни сақлаш ташкилотлари, таълим муассасалари, маданият муассасалари, спорт-соғломлаштириш муассасалари, санаторийлар ва тиббий-ижтимоий муассасалар ҳудудида сотиш мумкин эмас.
Ушбу маҳсулотларни сотадиган кўчмас савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари таълим, спорт ва диний ташкилотлар ҳудудидан (бу сўз амалдаги нормани тўлдиради) тўғри чизиқда 200 метрдан кам масофада жойлаштирилиши мумкин эмас. Мактаблар ва болалар боғчалари ёнида сигарет ва спиртли ичимликлар дўконлари жойлашган бўлса, бу ҳолатни дўконлар ва назорат идоралари 200 метрлик ўлчов мактаб эшигидан бошлаб ҳисобланган, деб асослашар эди.
200 метр чегара умумий савдо майдони 1000 кв.м дан ортиқ бўлган савдо мажмуалари (бозорлар) ва ярмарка павильонлари ҳудудида жойлашган савдо объектларига нисбатан қўлланилмайди.
Қонун ушбу маҳсулот техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги меъёрий ҳужжатлар талабларига жавоб бермаса ва маҳсулот сифатини тасдиқловчи ҳужжатларга эга бўлмаса, уни сотишни тақиқлайди.
Агар истеъмол идишида тиббий огоҳлантириш бўлмаса, тамаки маҳсулотларининг истеъмол ўрамида 20 дан кам сигарета бўлса, истеъмол ўрамисиз (пакети, блоки) ёки доналик (сигареталар учун) бўлса, ушбу маҳсулотларни сотиш тақиқланади.
Темир йўл вокзаллари, автовокзаллар, аэропортлар, дарё портлари, метро бекатларининг ҳудудлари ва хоналарида (бож олинмайдиган дўконлар бундан мустасно) тамаки маҳсулотларини, шунингдек тамаки ва никотиндан фойдаланишга мўлжалланган воситаларни сотиш тақиқланади.
Алкоголли маҳсулотлар (пиво бундан мустасно) минимал улгуржи ва чакана нархлардан паст нархларда сотилмайди.
Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини, шунингдек, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларини сотишни бевосита амалга ошираётган шахс 21 ёшдан кичик кўринган харидордан унинг шахси ва ёшини тасдиқловчи ҳужжатини кўрсатишни талаб қилиши, ҳужжат мавжуд бўлмаган тақдирда эса алкоголь ва тамаки маҳсулотлари сотишни рад этиши шарт.