Бугунги кунда глобаллашув жараёнида ҳаётнинг шиддат билан ривожланиб бориши, инсонни олдида турган муаммоларини ўз вақтида бартараф этишликка ундайди. Лекин айрим турдаги инсонлар борки, ҳаётида қийинчиликлар олдида мағлуб бўлади. Ҳаётда ўз ўрнини йўқотишни бошлайди. Оиласи ва иш жараёнида турли салбий ҳолатлар пайдо бўла бошлайди. Охир оқибат бу каби ҳаёт ташвишларидан чалғиш, сокинлик мақсадида алкоголь маҳсулотлари ва гиёҳвандлик маҳсулотларини истеъмол қилишга ўта бошлайди. Бу каби заҳри қотилга ўрганиб қолиш натижасида бор-будудан секин аста ажрала бошлайди. Оиласида доимо нотинчлик бўлади, иш жойидан ажралади. Ҳаётга бўлган умид сўна бошлайди. Инсон ҳаётида тўқликка шўхлик қилиш, мол дунёга берилиш, айрим турдаги ҳуқуқбузарларнинг сўзига кириб, бор йўғидан айрилиб қолиш ҳолатлари кўпаймоқда. Бу эса ўз навбатида жамиятда муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахслар салмоғи ошиб боришга олиб келади.
Юртимизда инсон ҳаётини улуғлаш, инсонни қадрини юксалтириш, уни ҳаётга қайта тарбиялаш ва мослаштириш мақсадида юртимизда муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахслар учун муассасалар ташкил этилган.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексда қонун билан маъмурий суднинг ваколатига киритилган бошқа ишларни ҳам қўриб ҳал қилиши белгиланган бўлиб, ҳусусан, муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимосномалар маъмурий судда кўриб чиқилар эди.
Президент томонидан 16.12.2022 йилдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-810-сон Қонун имзоланган.
Ушбу ҳужжатга мувофиқ муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация марказига жойлаштириш бўйича қарор қабул қилиш ваколати маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилди.
Бундай ўзгартиришни сабаби сифатида маъмурий судларнинг географик жойлашуви ноқулайлиги сабабли (вилоятларда маъмурий судлар вилоят марказларида жойлашган) ички ишлар ходимлар томонидан ўз хизмат жойларини узоқ муддатга қолдиришга мажбур бўлиб қолмоқда.
Ички ишлар органлари материалларни тайёрлаб, шахс аниқланган ёки марказ жойлашган жиноят ишлари бўйича судга муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни 30 суткагача реабилитация марказига жойлаштириш ҳақида илтимоснома киритади.
Илтимоснома келиб тушгандан бошлаб 24 соат ичида ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилади.
Шахсни реабилитация марказига жойлаштириш ёки илтимосномани рад этиш ҳақидаги қарор эълон қилинган пайтдан кучга киради ва зудлик билан ижро этилиши лозим.
Шахсни реабилитация марказига жойлаштириш ҳақидаги қарорга 3 кун ичида шахс томонидан, унинг қонуний вакили ва адвокати томонидан апелляция шикояти, прокурор томонидан – протест келтирилиши мумкин.
Мазкур тартиб ҳақидаги қонун 2022 йил 17 декабрь кунидан кучга кирган.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қабул қилинаётган қонунлар Янги Ўзбекистонда ислоҳотларнинг долзарб бўғини бўлган қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш, фуқароларнинг ҳуқуқ-манфаатларини ҳимоя қилиш борасида стратегик қадамлар ташланмоқда. Шубҳасиз, бу туб ўзгаришлар халқ манфаатлари йўлида олиб борилаётган амалий ишларнинг ифодасидир.
Зарипахон Курбонова,
Наманган вилоят маъмурий суди раиси