Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 10 февралдаги ПФ-21-сонли “Тадбиркорлик субъектларини тоифаларга ажратиш мезонлари ҳамда солиқ сиёсати ва солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармонига кўра, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун қулай шарт-шароитларни яратишга қаратилган солиқ ислоҳотларини изчил давом эттириш, солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш ҳамда 2022 йилнинг 22 август куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти доирасида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида тадбиркорлик субъектларини қуйидаги мезонлар асосида тоифаларга ажратилди:
а) кичик тадбиркорлик субъектлари:
якка тартибдаги тадбиркорлар;
микрофирмалар — таъсисчилари (иштирокчилари) жисмоний шахслар бўлган ҳамда жами даромади календарь йил давомида
1 миллиард сўмгача бўлган тадбиркорлик субъектлари;
кичик корхоналар — жами даромади календарь йил давомида 1 миллиард сўмдан 10 миллиард сўмгача бўлган тадбиркорлик субъектлари;
б) ўрта тадбиркорлик субъектлари — жами даромади календарь йил давомида 10 миллиард сўмдан 100 миллиард сўмгача бўлган тадбиркорлик субъектлари;
в) йирик тадбиркорлик субъектлари — жами даромади календарь йил давомида 100 миллиард сўм ва ундан юқори бўлган тадбиркорлик субъектлари.
Шунингдек, 2023 йил 1 апрелдан бошлаб:
а) Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан бир йилда бир маротаба ўрта тадбиркорлик субъектларига мол-мулкни суғурта қилиш харажатларининг 50 фоизигача, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан ошмаган қисми қоплаб берилади;
б) жами даромади 10 миллиард сўмдан кам бўлмаган тадбиркорлик субъектлари учун давлат харидларида 20 фоизлик квота жорий этилади ва ушбу харидлар доирасида бюджет буюртмачилари билан тузиладиган шартномаларда 50 фоиз миқдорида олдиндан тўловни амалга ошириш назарда тутилади.
Бунда, солиқ органлари томонидан жами даромади 10 миллиард сўмдан ошган тадбиркорлик субъектлари тўғрисидаги маълумотлар шакллантирилади ва махсус ахборот портали билан маълумот алмашинуви таъминланади;
в) давлат харидларида энг яхши таклифларни танлаш ва тендер савдоларида иштирокчилар таклифларини баҳолашда қўшилган қиймат солиғи суммаси инобатга олинмайди;
г) юқори қўшилган қийматли мис маҳсулотларини экспорт қилувчи корхоналарнинг маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уларни ташқи бозорга сотиш билан боғлиқ харажатларини экспорт қийматининг 6 фоизигача қоплаш тартиби бекор қилинади.
Бундан ташқари, 2023 йил 1 майдан бошлаб,
автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялари ва автомобилларга газ қуйиш станцияларида электрон ўлчаш ускуналари ва онлайн видео камераларини ўрнатиш ҳамда уларни солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилиш мажбурий ҳисобланади;
пахта хомашёси, ғалла ёки шолини қабул қилиш ва ҳисобини юритиш бўйича ахборот тизимларининг операторлари ўз тизимларини солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилишлари мажбурий ҳисобланади;
тўлов хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар жисмоний шахслар ўртасида пул ўтказмалари амалга оширилганда, уларга кўрсатилган хизматлар учун (олинган ҳақ, комиссия учун «0» сўм бўлган тақдирда ҳам) электрон ҳисобварақ-фактуралар тақдим этади ва расмийлаштиради.
Муслима Усманова,
Фарғона вилоят маъмурий судининг судья катта ёрдамчиси