Ҳар бир давлат иқтисодиётининг ривожланиши учун албатта шахснинг мулкка бўлган ҳуқуқларининг конституциявий кафолатлари таъминланган бўлиши лозим.
Конституциянинг 65-моддасида фуқаролар фаровонлигини оширишга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этиши, давлат бозор муносабатларини ривожлантириш ва ҳалол рақобат учун шарт-шароитлар яратиши, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари устуворлигини ҳисобга олган ҳолда иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини кафолатлаши белгиланган.
Маълумки, қонунчилигимизда мулкнинг хусусий ва оммавий шакллари мавжуд бўлиб, улар тенг ҳуқуққа эга ҳамда ҳуқуқий жиҳатдан бир хилда ҳимоя қилинади.
Хусусий мулк дахлсиз бўлиб, мулкдор ўз мол-мулкидан қонунда назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари ҳамда суднинг қарорига асосланмаган ҳолда маҳрум этилиши мумкин эмас.
Шу ўринда мулкдорнинг ўз мол-мулкидан маҳрум этилишининг қонунда назарда тутилган ҳоллари нималарда кўринади:
Национализация — фуқароларга ҳамда юридик шахсларга қарашли национализация қилинаётган мол-мулкка нисбатан мулк ҳуқуқини ҳақ тўлаш асосида қонунга мувофиқ давлат ихтиёрига ўтказишдан иборат бўлиб, мазкур мол-мулк кейинчалик денационализация қилинган тақдирда, агар қонун ҳужжатларида ўзгача тартиб белгилаб қўйилган бўлмаса, собиқ мулкдорлар ушбу мол-мулкнинг қайтариб берилишини талаб қилишга ҳақлидирлар.
Реквизиция — табиий офатлар, авариялар, эпидемиялар, эпизоотиялар юз берган тақдирда ва фавқулодда тусдаги бошқа вазиятларда мол-мулк жамият манфаатларини кўзлаб, давлат ҳокимияти органи қарорига мувофиқ мулкдордан унга мол-мулкнинг қийматини тўлаган ҳолда қонунчиликда белгиланган тартибда ва шартлар асосида олиб қўйилиши мумкинлигини назарда тутади.
Мусодара — қонунда назарда тутилган ҳолларда мол-мулк суднинг қарорига мувофиқ жиноят ёки ўзга ҳуқуқбузарлик қилганлик учун ҳақ тўламасдан мулкдордан олиб қўйилиши мумкинлигини назарда тутади.
Юқоридагилардан кўринадики, национализация ёки реквизицияда мол-мулкнинг олиб қўйилишида унинг қиймати мулкдорга албатта тўланиши лозим бўлади. Олиб қўйилаётган мол-мулкнинг қиймати эса, агар қонунчиликда бошқача тартиб ўрнатилган бўлмаса, баҳоловчи ташкилот томонидан мулк ҳуқуқи бекор қилинган пайтдаги мулкнинг баҳосидан келиб чиқиб белгиланади.
Албатта мақсадимиз барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳолининг даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин олиш экан мулкий ҳуқуқларнинг муҳофазаси давлат томонидан тартибга солиниши, ўз навбатида, ҳар бир шахс бошқа шахсларнинг мулкка бўлган ҳуқуқларини ҳурмат қилиши, жамоатчилик назоратида фаол бўлиши лозим бўлади.
Алишер Дадабаев,
Наманган вилоят маъмурий судининг судьяси