Конституция бу бутун халқ ёки жамият барча ижтимоий гуруҳларининг манфаатларини ва иродасини ўзида ифодаловчи давлатнинг асосий қонунидир. Конституциянинг энг асосий юридик хусусиятларидан бири — унинг олий юридик кучга эга эканлигидир. у мамлакат қонунчилигининг бошланғич ҳамда таъсис этувчи манбаидир, барча қонунлар Конституциядан келиб чиқади ва унга зид бўлиши мумкин эмас. Конституция ҳар қандай мамлакат миллий ҳуқуқ тизимининг асосий манбаидир. Ўз моҳияти ва мазмунига кўра Конституция ҳам давлат, ҳам жамиятнинг олий ҳужжатидир, бошқача қилиб айтганда, Конституция бу олий сиёсий ҳужжат.
Шу боис янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасининг 15-моддасида Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олиниши, мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга эканлиги, тўғридан-тўғри амал қилиши ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этиши белгиланди. Конституция олий юридик кучга эга деганда – қонунчилик ҳужжатлари тизимида энг юқори ўринда туриши ҳамда унинг бошқа ҳар қандай норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан устунлиги тушунилади. Шу билан бирга, Конституциянинг олий юридик кучи ҳақида сўз юритилганда унинг Муқаддимасидаги “халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормаларига асосланган”, деган тамойилини ҳам назарда тутиш лозим. Шу боис ҳам Конституция лойиҳасининг 15-моддасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормалари билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқий тизимининг таркибий қисми эканлиги, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг қонунида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаси қоидалари қўлланилиши белгиланди.
Конституциянинг олий юридик кучга эга эканлиги унинг сиёсий-ҳуқуқий ҳужжатлиги, парламентда қабул қилинишининг алоҳида тартибига эга эканлиги ёки умумхалқ овози (референдум) асосида қабул қилиниши, давлатнинг ички ва ташқи сиёсатининг асосий стратегик йўналишларини, инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини белгилашида ҳам намоён бўлади.
Конституция олий юридик кучга эгалигини белгиловчи нормалар Япония, Сингапур, Бразилия каби давлатлар конституцияларида ҳам мавжуд. Ушбу қоида барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, мансабдор шахсларни Конституцияга мувофиқ иш кўришга, қарорлар қабул қилишга мажбур қилади, фуқароларнинг Конституцияда белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларининг бошқа қонун ҳужжатлари билан чекланиши ёки чегараланишининг олдини олади.
Шу ўринда, қонунчилик ҳужжатлари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларидан иборат эканлиги, қонуности ҳужжатлар эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг буйруқлари ҳамда қарорлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари киради.
Конституцияда жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари — ҳокимият, мулкчилик шакллари, шахс мақоми ва давлат қурилиши акс этади. Конституциявий нормалар давлат органлари, сиёсий партиялар ва бошқа жамоат ташкилотлари, мансабдор шахслар, тегишли давлат фуқаролари ҳамда мазкур мамлакат ҳудудида бўлган чет эл фуқаролари учун мажбурий бўлиб, уларнинг фаолиятларини тартибга солишда асосий манба ҳисобланади.
Зарипахон Курбонова,
Наманган вилоят маъмурий суди раиси