Эркинлик, тенглик, адолат, мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги, ҳокимиятнинг сайлов асосида вужудга келиши, ҳокимиятлар бўлиниши, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларидан суд қарорисиз маҳрум этиб бўлмаслиги, айбсизлик презумпцияси — буларнинг барча-барчаси демократиянинг энг муҳим белгилари бўлиб, демократик давлатлар конституцияларининг муҳим принципларини ташкил этади.
Шу маънода айтиш жоизки, юқорида келтириб ўтилган демократик принципларни ўзида мужассам этган мўътабар Қомус-Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун-мустақил Ўзбекистон тараққиётида беқиёс сиёсий, ҳуқуқий ва халқаро аҳамиятга молик тарихий кун бўлиб қолди. Бу яна шу билан изоҳланадики, ҳар бир мамлакатда у ёки бу жорий қонунлар бўлиши ва у муайян вақтдан сўнг номи ўзгариши ёхуд бекор бўлиши мумкин. Бироқ Конституция инсон, жамият, давлат манфаатларини ва иродасини ўзида ифодаловчи, давлат тузилиши ва бошқаруви шакли асосларини белгиловчи, ҳокимият идоралари фаолиятини ташкил этилиши тартиби ва принципларини мустаҳкамловчи олий юридик кучга эга бўлган ҳужжат бўлиб, у ўзининг ягоналиги ва барқарорлиги билан ажралиб туради.
Асосий Қонунимизнинг устуворлиги хусусида сўз кетганда, энг аввало, унда инсон омили, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари олий мақомга кўтарилганини таъкидлаш лозим. Чунки муқаддиманинг дастлабки сатрларидаёқ, биринчи навбатда, инсон ҳуқуқларига содиқлик тантанали равишда эълон қилинган. Хусусан, унинг ҳозирги ва келгуси авлодлар олдидаги юксак масъулият ва миллий давлатчилик ривожининг тарихий тажрибаси асосида, демократия ҳамда ижтимоий адолатга садоқатни намоён қилиш, юртдошларимиз муносиб ҳаёт кечиришини таъминлаш, инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлаш мақсадида қабул қилингани ҳар бир мустақил фикр эгасига қўшимча куч, юксак ишонч ва она-заминга муҳаббат туйғусини бағишлайди.
Бугун озод ва обод юртда бахтли ҳаёт кечиряпмиз. Фикрлаш, сўз ва эътиқод, виждон эркинлигига, ҳуқуқларимиз дахлсизлигига эгамиз. Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, уларнинг тенглиги, қонуний манфаатларининг барча жиҳати Конституция ва унинг асосида қабул қилинган қонунларда ўз ифодасини топди.
Асосий Қонунимиз инсон, хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл, хоҳ ёш ёхуд кекса, соғлом ёки ногирон — барча инсонлар манфаатларини бирдек ифодалайди. Вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар ҳуқуқлари алоҳида давлат ҳимоясига олиниши, ушбу масала конституциявий норма даражасида ифодаланиши эътиборга молик.
Маълумки, юртимизда демократик тамойиллар кун сайин ривожланиб, такомиллашиб бормоқда. Нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолияти, фуқароларнинг давлат бошқарувидаги бевосита ва билвосита иштироки кенгаймоқда. Бу, ўз навбатида, мамлакатимизда олиб борилган оқилона сиёсатнинг амалий ифодаси эканлигини таъкидлаш жоиз. Айтиш керакки, республикамизда демократия тушунчаси тўғри талқин қилиниб, бу борадаги ислоҳотлар изчиллик билан амалга оширилмоқда. Бу ислоҳотлар Конституциямизда босқичма-босқич ўз ифодасини топмоқда.
Конституция давлат билан шахс ўртасидаги ўзаро ҳуқуқлар ва бурчлар белгилаб олинган ўзига хос аҳднома, десак ҳам муболаға бўлмайди. Зеро асосий қомусимизда давлат ўзига бир қатор ўта муҳим мажбуриятларни олганки, унга кўра давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади.
Асосий қомусимиз биринчи навбатда шахс манфаатининг давлат манфаатидан устун этиб белгилангани, давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъул эканликлари, халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаи бўлиб, давлат ҳокимияти халқ манфаатларини кўзлаб амалга оширилиши қайд этилган.
Конституциямизда умуминсоний қадриятларнинг жамият ва давлат манфаатларидан устуворлигини эътироф этилиши халқимиз онгини, маданиятини тубдан ўзгартириш, янгича фикрлаш туйғуларини рўёбга чиқаришни тезлаштириш, унда миллий ва мустақиллик ва инсон ҳуқуқлари қонуний жиҳатдан эълон қилиниб, инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларацияси ва бошқа халқаро ҳуқуқнинг асосий қоидаларига риоя этган холда инсонпарвар, демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш асосий мақсад қилиб қўйилган.
Конституция ҳар қандай давлатнинг юзи, қиёфаси, обру-эътибори ҳисобланади.
Конституциянинг биринчи бўлими конституциянинг Асосий принципларига бағишланган бўлса, иккинчи бўлимида «Инсон ва фуқаронинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари» деб аталиб, унда фуқароликка эга бўлиш, уни йўқотиш асослари, шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик ҳуқуқлар, бу ҳуқуқларнинг кафолатлари тўлиқ ёритиб берилган.
Конституциянинг 19-моддасида ҳар бир фуқаро мустақил давлатимизда тенглик асосида, бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиши, жинси, эрки, дини, миллати, тили, ижтимоий келиб чиқиши, жамиятда тутган ўрни, эътиқоди ва мавқеидан қатъий назар қонун олдида тенг эканлигининг эътироф этилиши билан унинг тўлиқ кафолати яратилганлиги кўриниб турибди.
Давлатимиз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг миллий урф одатлари, анъаналари, яшаш қоидалари, тили ва маданий бойликларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, ўзлигини сақлаган холда уларни ривожлантириш шарт-шароитлари тўлиқ таъминланган. Барча фуқароларнинг бир-бирлари билан тенглиги эътироф қилинган. Айрим шахсларга қўлланилиши лозим бўлган имтиёзлар фақат ижтимоий адолат тамойиллари асосида бўлиши тўлиқ кафолатланган.
Шу билан бирга фуқаролар ўзларининг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш жараёнида давлат ва жамиятнинг ёки мансабдор шахсларнинг қонуний манфаатларига путур етказувчи ҳар қандай ҳаракатлардан тийилишлари билан бирга бошқа фуқароларнинг ҳам ҳуқуқлари ва эркинликларига бирон бир тарзда зарар етказмасликлари шарт.
Фуқароларнинг ҳуқуқлари шахсий, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларга бўлиниб, конституцияда ҳар бирининг тўлиқ мазмуни, ваколат доираси, ҳимоя этилиши, ўзаро фарқли жиҳатлари ҳамда кафолатланишини аниқ белгилаб берилган.
Конституцияда, айниқса, шахсий ҳуқуқ ва эркинликларининг ривожлантирилишига алоҳида эътибор берилган.
Шахсий ҳуқуқларнинг асосийси-яшаш ҳуқуқи бўлиб, инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноят эканлиги қайд қилинган. Бу конституцион нормадан келиб чиққан холда қасддан одам ўлдириш жинояти учун қонунларимизда энг оғир жазо турлари белгиланган.
Ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга эканлиги конституциянинг 27-моддасида белгилаб берилган бўлиб, шахсий дахлсизлик ҳуқуқи ҳеч ким қонунга асосланмаган холда ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланиши мумкин эмаслиги, жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмаслиги, судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун барча шароитлар таъминлаб берилиши, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмаслиги, ҳеч кимда унинг розилигисиз тиббий ёки илмий тажрибалар ўтказилиши мумкин эмаслиги тамойилларига асосланган.
Айниқса, фуқароларнинг ор-номуси, қадр-қиммати, обрў ва иззатини сақлаш ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузларга, шахсий ҳаётига ҳар қандай шаклда аралашувга йўл қўймаслик ва турар жойи дахлсизлиги каби ҳуқуқларнинг мавжудлиги билан қомусимизнинг мазмуни янада бойитилган.
Конституцияда ҳар бир шахсга ўз фикр ва мулоҳазаларини эркин, мустақил тарзда ифодалаш имконияти яратиб берилган, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқлари белгилаб берилган.
Маълумки, инсондаги ватанпарварлик ҳисси, мардлик ва ҳалоллик, тўғрилик ва поклик каби фазилатлар энг аввало оилада шаклланади. Оила эса муқаддас даргоҳ сифатида халқимиз томонидан азалдан қадрлаб келинган. Конституциянинг 76-моддасида: «Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасидадир», деб кўрсатилган. Бу, албатта, оилага жиддий эътибор беришга ундайди.
Фарзанд энг аввало оилада, маҳаллада ва ўқув масканларида шаклланади. Уларга таълим бериш жараёнида тарбия масаласини асло четда қолдирмаслигимиз, уни иккинчи даражали деб билмаслигимиз лозим. Таълим шахснинг муайян соҳадаги билими, интеллектуал салоҳиятини оширади.
Инсон ҳуқуқларига оғишмай амал қилиш ва демократия каби умуминсоний қадриятлар Ўзбекистоннинг давлатчилик манфаатларига халқнинг ўзига хослигига, унинг анъана ва урф-одатларига тўла мос келади.
Конституциямиз инсон ҳуқуқлари, демократия, эркинлик, барқарорлик ва тараққиёт принциплари мажмуини ифодалайдиган ҳуқуқий ва адолатли давлат қуриш йўлларини аниқ ифода этган.
Ўзбекистон замини қадимий маданият ўчоқларидан саналади. Конституция бизнинг узоқ ўтмишимизга таянади ва улуғ қадриятларимизни юзага чиқариш учун ўз саҳифаларидан кенг ўрин ажратади. Халқимизнинг ҳуқуқий давлат қуришдек азалий орзуларини ўзида мужассамлаштирган Конституциямиздан биз ҳақли равишда фахрланамиз.
Озодбек Зиявитдинов,
Наманган туманлараро маъмурий судининг раиси