Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ўзбек халқининг узоқ йиллик давлатчилик тарихи давомида орттирган тажрибаларини ўзида акс эттирган ва халқимизнинг орзу-истакларини ўзида намоён этган бош қонунимиз ва тарихий ютуғимиздир.
Конституциямизни ўрганиш, унга қатъий амал қилиш ва унга бўлган ҳурматни юксалтиришга ўз ҳиссасини қўшиш ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининг муқаддас бурчидир.
Конституциямиз кўп миллатли халқимизни бирлаштирувчи жуда катта кучдир.
Бош қонунимизнинг муқаддимасида Конституциямизнинг Ўзбекистоннинг ягона халқи томонидан инсон ҳуқуқ ва эркинликларига, миллий ва умуминсоний қадриятларга, демократия, эркинлик ва тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик ғояларига садоқатни намоён қилиб, фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришини, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни, кўп миллатли жонажон Ўзбекистонимизнинг фаровонлигини ва гуллаб-яшнашини таъминлашни мақсад қилган ҳолда қабул қилинганлигининг кўрсатилиши ҳам бежиз эмас.
Шу билан бирга ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг юқорида таъкидлаб ўтилган бирлаштирувчи кучидан етарли даражада фойдаланиляпти деб ҳисоблаб бўлмайди.
Афсуски, оммавий ахборот воситалари орқали охирги вақтларда чет элларда ҳамюртларимиз томонидан бир-бирига нисбатан турли салбий ҳаракатлар амалга оширилганлиги ҳақидаги хабарларни тез-тез эшитяпмиз.
Фикримизча, бу ҳолатга Конституциямизнинг 12-моддасида “Ўзбекистон Республикасида ижтимоий ҳаёт сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривожланади. Ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмас.”, деб белгиланганлиги ва кўп ҳолларда мазкур модда ўзбек миллати ва халқининг миллий қадриятларини, ўзбек халқининг башарият ривожига қўшган ҳиссасини янада кўпроқ ўрганиш ва ўргатиш, жаҳон миқёсида намойиш қилишга йўл қўймаслиги, бошқа миллатлар томонидан миллатчилик сифатида баҳоланиб қолиши мумкинлиги ҳақидаги ҳадиксирашлар ва собиқ совет тузумида “пантуркизм”, “панисломизм” каби айбловларнинг мавжуд бўлганлиги сабаб бўлмоқда.
Аслида эса Конституциямизнинг 13-моддасида ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмаслиги белгиланган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонун ҳужжатларининг бирор нормаси билан миллат ва халқ мафкураси шакллантирилиши ва кенг миқёсда ўргатилиши тақиқланмаган.
Аксинча, Конституциямизнинг асосий мақсадларидан бири миллий ва умуминсоний қадриятларга юксак даражадаги ҳурматни шакллантиришдан иборатдир.
Юқоридаги фикрларга хулоса сифатида ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикасида ўзбек миллати ва халқи мафкурасини шакллантириш ҳақида қонун мавжуд эмаслигига эътиборни қаратган ҳолда, “Ўзбек миллати ва ўзбекистонликлар” ҳақида қонун қабул қилиш лозим деб ҳисоблаймиз. Шундай қонун қабул қилиниб, унда ўзбеклар ва ўзбекистонликлар улуғлайдиган, шу билан бирга уларга ёт бўлган қадриятлар, мафкура ва ғоялар баён этилса, миллат ва халқ мафкурасини шакллантириш бўйича чора-тадбирлар белгиланса ҳамда мактабларда ўқитилиши жорий этилса миллатимиз ва халқимизнинг янада жипслашишига ҳамда давлатимизнинг тараққий этишига хизмат қилган бўлар эди.
Аҳаджон Джалолов,
Наманган вилоят маъмурий судининг бош консультанти