Ўзбекистон Республикаси Оила кодексини 96-моддасига асосан, вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади. Алимент ундириш тўғрисида суд ҳужжати қабул қилингач албатта у ижрога қаратилади.
Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунининг 27-моддасига кўра алимент ундириш даврий тўловларни ундиришга оид ижро иши ҳисобланиши, суд ҳужжатлари бўйича ижро ҳужжатлари тўловларни ундиришнинг белгиланган бутун даврида ўз кучини сақлаб қолиши, қонуннинг 421-моддасида қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклаш тартиби берилган бўлиб, унга кўра “суд ҳужжати асосида берилган ижро ҳужжати бўлган суд ҳужжатидаги талаблар белгиланган муддатда қарздор жисмоний шахс томонидан узрсиз сабабларга кўра ижро этилмаганда, давлат ижрочиси ундирувчининг аризаси бўйича ёки ўз ташаббуси билан қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклаш тўғрисида қарор чиқаришга ҳақли” эканлиги белгиланган.
Алимент тўловчининг хорижга ишлаш учун чиқиши билан боғлиқ муносабатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 октябрдаги 808-сонли “Алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек, алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби тўғрисида”ги Қарорига илова сифатида тасдиқланган “Алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби тўғрисида”ги Низом билан тартибга солинади.
Мазкур Низомга асосан, қарздор моддий томонлама қийналган ва алиментни олдиндан нақд пул шаклида бир йўла тўлашга имконияти йўқ бўлса ва шу сабабли чет давлатга ишлаш учун кетмоқчи бўлса, у ўз уй-жойини гаровга қўйиш ҳуқуқига эга.
Давлат ижрочиси иш юритувида бўлган ижро ҳужжатлари бўйича алиментларни олдиндан тўлаш ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлашда гаров тақдим этиш учун қарорларни ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш фуқаролик процессуал қонунчилигида белгиланган тартиб ва муддатларда амалга оширилади.
Қарздор томонидан ундирувчига алиментларни олдиндан тўлаш ҳисобига кўчмас ёки кўчар мулк ёхуд бошқа қимматли ашё тақдим этилиши мумкин. Масалан: уй-жой, автомашина, қимматли қоғозлар, ноёб буюмлар ва ҳ.к.
Алиментларни олдиндан тўлаш учун ундирувчига муайян мол-мулкни ўтказиб бериш йўли билан қўйилган чекловларни бекор қилиш фақат мол-мулкни топшириш ва қабул қилиш далолатномасига асосан, шунингдек, кўчмас мулкни ўтказишда — мулкка бўлган эгалик ҳуқуқи ундирувчи номига давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги ҳужжат нусхасига;
автотранспорт воситаси ёки давлат рўйхатидан ўтказилиши (ҳисобга туриши) лозим бўлган бошқа мулкларни ўтказишда — автотранспорт воситаси ёки бошқа мулкни ундирувчи номига давлат рўйхатидан ўтганлиги (ҳисобга турганлиги) тўғрисидаги ҳужжат нусхасига;
қимматли қоғозлар ўтказишда — қимматли қоғозлар ундирувчи номига рўйхатдан (ҳисобига) ўтганлиги тўғрисидаги ҳужжатга асосан амалга оширилади.
Алимент тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлашда гаров қиймати қонунчиликда белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз эллик бараваридан кам бўлмаслиги лозим.
Гаров предмети қиймати тарафлар келишувига биноан аниқланади. Тарафлар келишувига асосан гаров предмети қийматини баҳолаш тегишли баҳолаш ташкилоти томонидан амалга оширилиши мумкин.
Алиментларни олдиндан тўлаш ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаров шартномасининг тузилиши давлат ижрочиси ёки суд томонидан қарздор жисмоний шахснинг илгари белгиланган Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклашни олиб ташлаш учун асос ҳисобланади. Бундай ҳолатда, қарздор ундирувчи билан гаров шартномасини тузганидан сўнг Ўзбекистон Республикасидан чиқишига қўйилган вақтинча чекловни олиб ташлаш ҳақидаги ариза билан ким томонидан тақиқ қўйилганлигидан келиб чиқиб, давлат ижрочиси ёки судга мурожаат қилиши лозим.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунининг модданинг 421-моддасида ҳам “Вояга етмаган болалар таъминоти учун алиментлар олдиндан тўланган ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаров шартномаси тузилган бўлса, давлат ижрочиси тўлов ёки гаров шартномаси тўғрисидаги тегишли ҳужжат олинган куннинг эртасидан кечиктирмасдан манфаатдор шахсларни, ички ишлар органларини ва Давлат чегарасини қўриқлаш органларини қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини чеклаш олиб ташланганлиги тўғрисида ёзма ёки электрон шаклда хабардор қилади”- деб белгиланган.
Агар қарздорнинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклаш суд ҳужжатига асосан қўйилган бўлса, чеклашни бекор қилиш суд томонидан амалга оширилади.