Давлат раҳбаримизнинг тадбиркорлар билан учрашуви илк бор 2021 йил 20 август куни бўлиб ўтган ва ушбу кун “Тадбиркорлар куни” деб эълон қилинган эди.

2023 йил 18 август куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти доирасида бешта асосий йўналишни кўрсатиб ўтилган эди.

Биринчиси – бу кичик бизнесга янги имкониятлар.

Бу соҳа вакилларини тадбиркорликка ўқитиш, уларга лойиҳа қилиб бериш, фаолиятини молиялаштириш, маҳсулотларига бозор ва бизнесига шериклар топиш бўйича яхлит экотизим яратилиши қайд этилди.

Иккинчи йўналиш доирасида ўрта бизнесга оид ташаббуслар илгари сурилди.

Саноат ипотекаси тизими йўлга қўйилиб, тадбиркорларга “тайёр бизнес” шаклида ишлаб чиқариш майдонлари қуриб берилади. Ҳар бир вилоятда камида 3 тадан янги саноат зоналари ташкил этилиши белгиланган.

Учинчи йўналиш янги бозорларга сифатли ва рақобатбардош маҳсулот билан киришдан иборат.

Тўртинчи йўналиш – юқори даромадли корхоналарни кўпайтириш. Халқаро консультантларни жалб қилган ҳолда, электр техникаси, тўқимачилик, чарм-пойабзал, заргарлик, қурилиш материаллари, мебелсозлик, полимер, кимё ва озиқ-овқат саноати бўйича 140 та лойиҳа ишлаб чиқилган. Уларнинг жами қиймати 10 млрд долларга тенг бўлиб, 60 мингта иш ўринларини яратиш, йилига 5 млрд долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда 2,5 млрд долларлик экспорт қилиш кўзда тутилган. Ушбу тайёр лойиҳалар тадбиркорларга таклиф қилинди.

Бешинчи йўналиш солиқ маъмурчилигини соддалаштириш, бюрократияни йўқ қилиш масалаларига қаратилди. Президент бу соҳада коррупция билан боғлиқ шикоятлар кўпайиб кетгани, қўшилган қиймат солиғини қайтаришда солиқ узилиши коэффициентини қўллаш амалиёти (tax gap) адолатсиз эканини қайд этди. Шу боис, 1 октябрдан бошлаб, ушбу амалиёт бекор қилиниши белгиланди.

Барча молиявий санкциялар қайта кўриб чиқилиб, адолатли меъёрлар белгиланади.

Тадбиркорнинг солиқ идоралари билан бўладиган барча низоларини кўриш маъмурий суд ваколатига ўтказилади. Уларнинг тўғридан-тўғри судга шикоят қилишидаги ҳар қандай чекловлар олиб ташланади.

Ишбилармонларнинг вақти ва харажатларини тежаш мақсадида 2024 йил 1 январдан бошлаб, бир-бирини такрорловчи ва эскирган ҳисоботлар тугатилади. Барча ҳисоботларни ягона электрон тизим орқали тақдим этиш йўлга қўйилиб, уларнинг қоғоз шакли бекор қилиниши айтилди.

227−1-модда Солиқ кодексининг янги таҳририга 2022 йил 11 мартдан киритилган ва тасдиқлангандан кейин уч ой ўтиб — 13 июндан кучга кирди. Модда қуйидаги талабларни ўз ичига олади:

  • фискал белгиларни акс эттириш ёхуд автоматлаштирилган ҳисобга олиш ўлчов воситалари билан жиҳозлаш;
  • солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинишини таъминлаш;
  • товарларни (алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, пиво, дори-дармонлар, маиший техника, 2024 йил 1 мартдан — сув ва ичимликлар) ишлаб чиқарувчилар, импорт қилувчилар ва сотувчилар учун идентификациялаш воситалари билан мажбурий рақамли маркировкалаш қоидалари.

Ушбу талаблар ёки тартиб-қоидаларни бузиш реализация амалга оширилган охирги ҳисобот чорагида олинган соф тушум миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

21 августдаги учрашувда белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш, шунингдек, солиқ қонунчилигини бузганлик учун жавобгарликни либераллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенитининг “Солиққа оид айрим ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чораларини мақбуллаштириш тўғрисида”ги 2024 йил 27 февраль куни ПФ-39-сонли Фармони қабул қилинди.

Мазкур Фармонга кўра, Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг фискал белгиларни акс эттириш ёхуд автоматлаштирилган ҳисобга олиш ўлчов воситалари билан жиҳозлаш ёки солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинишини таъминлаш бўйича қонунчиликда белгиланган талабларни ёки тартибни бузганлик, шунингдек, товарларни (маҳсулотларни) ишлаб чиқарувчилар, импорт қилувчилар ва сотувчилар томонидан идентификация воситалари орқали мажбурий рақамли маркировкалаш қоидаларини бузганлик учун молиявий жарима миқдорини:

ҳуқуқбузарлик биринчи марта содир этилганда — реализация амалга оширилган охирги ҳисобот чорагида олинган соф тушумнинг 2 фоизи;

ҳуқуқбузарлик молиявий жарима қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилганда — реализация амалга оширилган охирги ҳисобот чорагида олинган соф тушумнинг 20 фоизи миқдорида ўрнатиш тўғрисидаги таклифлар маъқулланди.

Шунингдек, Фармон кучга киргунга қадар фискал тартиб-қоидаларга оид ҳуқуқбузарликлар учун қўлланилган молиявий жарималар бўйича мавжуд қарздорликнинг 98 фоизи ҳисобдан чиқарилади ва ҳисобдан чиқарилган қарздорликни ундириш билан боғлиқ суд ва ижро ишлари тугатилиши ва белгиланган тартибда тегишли тадбиркорлик субъектларига қайтарилишини таъминланди.

Ш.Ахмеджанова,

Наманган туманлараро маъмурий судининг судьяси

М.Мирхайдаров, судья ёрдамчиси

от Admin