Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган “иддао”ни ўқиб, ушбу маълумот асоссиз эканини маълум қиламиз. Чунки, “вилоят матбуот котиби” деган лавозим эмас, балки вилоят ҳокимининг матбуот котиби мавжуд. Шу жойнинг ўзида бу “фейк” маълумот муаллифининг нақадар саводлилиги ва соҳанинг ичида экани маълум бўлади. Асосийси, бундай мазмундаги мурожаат келиб тушмаган!
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Наманган вилоятидаги барча шаҳар ва туманларда ахборот хизматлари АОКА вилоят бошқармаси билан келишган ҳолда ташкил этилган ва штатлар ажратилиб, доимий ойлик маошлари белгиланган. Бундан ташқари иш фаолиятида тезкорлик, жойида ўрганиш имконини таъминлаш мақсадида 100 фоиз хизмат автомобиллари ажратилган, энг замонавий фото ва видео аппаратура, редактор ва монтаж компьютерлари билан жиҳозланган алоҳида хизмат хоналарига эга. Мутахассисларнинг малакасини ошириш мақсадида мунтазам равишда ўқишлар ташкил этиб келинмоқда.
Бошқарма ва ташкилотларда ташкил этилган барча матбуот хизматлари штат бирликлари, тўлиқ ойлик маош билан ишловчи мутахассислардан иборат.
Наманган вилоят ҳокимлигига бу мазмунда бирон марта мурожаат келиб тушмаган.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, қонунчиликка мувофиқ матбуот ва ахборот хизматларига раҳбарлик ўз-ўзидан ташкилот ичида ҳал бўлиб қоладиган оддий иш эмас.
Бир йил давомида ойлик маош олмай, матбуот хизматида фидоийлик кўрсатган ўша қалбаки ватанпарвар ким эканини билишни истаймиз. Агар ушбу номини кўрсатилмаган ташкилот мавжуд бўлса, унда ростдан ҳам матбуот хизмати ташкил этилган бўлса биз бу мурожаатни кўриб чиқишга тайёрмиз. Бунинг учун албатта АОКА вилоят бошқармасидан тегишли тавсия хати олинган бўлиши шарт.
Жамоатчиликка эълон қилинаётган ҳар қандай ахборот атрофлича ўрганилиши ҳамда ўз аксини топгачгина эълон қилиниши кераклигини таъкидлаймиз.