Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашининг 27 сессияси бўлиб ўтмоқда. Унда вилоят ҳокими Шавкат Абдуразаковнинг 2021 йил якунлари ҳамда 2022 йил учун белгиланган истиқболли режалари тўғрисидаги мурожаати тингланмоқда. Вилоят ҳокими жорий йилда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар бўйича батафсил маълумот берар экан, марказий ва ички йўлларга асфальт ётқизиш ва таъмирлаш, ижтимоий соҳа объектлари моддий базасини мустаҳкамлаш ҳамда мукаммал таъмирлаш каби ишларга муайян маблағлар йўналтирилганини таъкидлаб ўтди.Вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар натижасида 2021 йил якуни билан вилоятимизда ялпи ҳудудий маҳсулот 30,6 трлн.сўмни ташкил этиб, 8,5 фоизга таъминланиши кутилмоқда.
Ўтган йилга нисбатан саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 116,5 фоизга (13,0 трлн.сўм), қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари
104,5 фоизга (20,2 трлн.сўм), пудрат ишлари 112,0 фоизга
(5,1 трлн.сўм), чакана савдо айланмаси 110,4 фоизга
(14,2 трлн.сўм) ва жами хизматлар ҳажми 124,5 фоизни
(12,2 трлн.сўм) ташкил этганлиги эътироф этилди.
Маҳаллий бюджет даромадлари режаси 1,7 трлн.сўмни ташкил этиб, амалда 1,9 трлн.сўмни ёки 220,0 млрд.сўмга (110,7%) ортиғи билан бажарилганлиги айтиб ўтилди.Жорий йилда вилоятда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига 5,1 трлн.сўм кредит маблағлари ажратилди. Хусусан, оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 35 559 нафар мижозга берилган 787,4 млрд.сўм кредит маблағи ёрдамида 36 132 та иш ўрни яратилгани эътиборга молик.
Вилоятда йил давомида ҳудудий инвестиция дастури доирасида қиймати 5,2 трлн.сўмлик 1 392 та лойиҳа ишга туширилиб, 30 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди.
Жумладан, саноат соҳасида 3 трлн.сўмлик 553 та лойиҳа ишга туширилиб, 23 минг киши иш билан таъминланди. Бу кўрсаткич хизмат кўрсатиш соҳасида қиймати 1,4 трлн.сўмлик 597 та лойиҳа асосида 5 мингтани ташкил этмоқда.Наманган вилоятида ташқи иқтисодий фаолият, инвестиция ўзлаштириш ишлари жадал суръатларда амалга оширилди.
2021 йил давомида Хитой, Туркия, Нидерландия, Ҳиндистон, Бельгия, Германия ва Россия каби ўнлаб давлатлардан жами
303,6 млн.доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредит маблағлари жалб этилиб, белгиланган прогноз 106 фоизга бажарилди.Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан ёшлар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида
118 гектар майдонда ташкил этилган 19 та “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари”да қиймати 1,4 трлн.сўмлик 436 та лойиҳа жойлаштирилди, уларда 17 мингдан ортиқ иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Ҳозирда ушбу саноат зоналарида қиймати 275,5 млрд.сўмлик 96 та лойиҳа ишга туширилиб, 3,5 минг нафар ёшларимиз бандлиги таъминланди.Аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қондириш мақсадида 3,6 минг хонадонли 126 та кўп қаватли уй-жой қуриб, зарурий инфратузилма билан таъминланди.
Жумладан, “Қишлоқ қурилиш инвест” буюртмачилигида қишлоқ жойларида 75 та 1 500 та хонадонли, “Ўзшаҳарқурилишинвест” буюртмачилигида шаҳарда 3 та 192 та хонадонли, хусусий тадбиркорлар томонидан қишлоқ ва шаҳарда 48 та 1 900 та хонадонли, уй-жой қурилди.
Шунингдек, уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож оилаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашда манзиллилик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида, 1370 нафар
(31,8 млрд.сўмлик) фуқароларимизга субсидия ажратиб берилди.