Бутун дунёда ривожланган давлатлар бюрократиядан воз кечиб ҳужжатларни электрон расмийлаштираётган жараёнда, Ўзбекистон ҳамон қоғозбозликни сақлаб қолмоқда. Бу тегишли ташкилот ходимлари ва аҳоли орасида коррупцион ҳолатларни юзага келтириши мумкин.
Фуқаролар тиббиёт муассасаларидан туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотномани ФҲДЁ бўлимларига олиб келишлари керак. Аммо йилдан-йилга қайд қилинмаган туғилишлар сони ортиб бормоқда.
Мазкур ҳолатларни бартараф этиш мақсадида, Адлия вазирлиги томонидан Вазирлар Маҳкамасининг “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш тартибларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Лойиҳада қуйидагилар назарда тутилмоқда:
-Туғилган чақалоққа тиббиёт муассасалари томонидан бериладиган QR-кодли маълумотнома ФҲДЁ бўлимларида бериладиган туғилганлик ҳақидаги гербли гувоҳномага тенглаштирилади;
— никоҳ тузиш ва никоҳдан ажратишни қайд этиш учун ФҲДЁ бўлимига ариза бериш эксперимент тариқасида Давлат хизматлари марказлари орқали жорий этилади;
— никоҳдан о’тиш ҳақида ариза берилганда никоҳланувчи шахсларнинг яшаш жойидаги маҳалла фуқаролари йиғинини хабардор қилиш тартиби бекор қилинмоқда;
— никоҳдан ажратиш ҳақида ариза берилганда эр-хотинни яраштириш бўйича тегишли чоралар кўриш учун яшаш жойидаги оила ва хотин-қизлар бўлимларига электрон тизим орқали хабар бериш тартиби жорий этилади;
— ФҲДЁ органи раҳбари лавозимига адлия органлари ва муассасаларида бошқарув лавозимларда ишлаётган ходимларни тайинлаш мумкинлиги белгиланмоқда;
— фуқароларнинг фамилия, исм ва ота исмини ўзгартиришда текширув ўтказиш учун ички ишлар органига ахборот тизими орқали сўровнома юбориш ва хулоса олиш тартиби жорий этилмоқда.