Мамлакатимиз Президентининг Олий Мажлис ҳамда Ўзбекистон халқига йўллаган навбатдаги Мурожаатномаси мамлакатимиз тараққиётининг эртанги истиқболлари, халқимиз турмуш-фаровонлигининг асосларини белгилаб берди. Шу жиҳатдан мазкур Мурожаатнома барча соҳаларда бўлгани каби суд тизимида ҳам чуқур ўрганилмоқда. Суд раислари, судьялар томонидан оммавий ахборот воситаларида чиқишлар қилиниб, муносабатлар билдириляпти. “Олтин замин” радиоси томонидан эфирга узатилган “Хайрли кун” дастури ҳам айни шу Мурожаатномадан келиб чиқадиган муҳим вазифаларга бағишланди. Унда Наманган вилояти маъмурий судининг раиси Зарипахон Курбонова иштирок этиб, давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномаси юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Мурожаатномада якунига етаётган йилнинг асосий кўрсаткичлари, эришилган ютуқлар ҳамда келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.
Давлатимиз раҳбари Мурожаатномада 2023 йилдаги олтита устувор йўналишда амалга оширилиши лозим бўлган ислоҳотларга тўхталиб, “Аввал – инсон, кейин – жамият ва давлат” деган ғояни Конституциямиз ва қонунларимизга ҳам, кундалик ҳаётимизга ҳам чуқур сингдиришимиз кераклигини таъкидлади. Олтита устувор йўналишнинг учинчи йўналиши — инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида белгиланиши лозимлиги, сўнгги йилларда суд ҳуқуқ тизимида адолат ўрнатиш бўйича кўп ишлар қилинганлиги, шу билан бирга одил судловни таъминлаш бўйича ҳали қилиниши лозим бўлган масалалар борлиги, хусусан терговни сифати пастлиги, судларда фуқароларнинг оворагарчилиги, суд қарорлари ижро этилмасдан қолаётганлиги, давлат ҳисобидан бепул таъминланадиган адвокатларни электрон танлаш тизими ишга тушмаганлигини таъкидлаб ўтди.
Наманган вилояти маъмурий судининг раиси шулар ҳақида гапириб, Мурожаатномада муҳтарам Президентимиз маъмурий судлар фаолиятига ҳам алоҳида тўхталиб, илғор хорижий тажрибалар асосида маъмурий судлар фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш лозимлиги, маъмурий судларга ҳоким қароридан норози бўлиб мурожаат қилинган тақдирда, ишларни экстерриториал тартибда, яъни бошқа ҳудудда ҳам кўриш амалиёти жорий қилинишини таъкидлаб ўтганликларини билдирди.