Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 110-моддасига кўра суд харажатларининг бир тури – давлат божи ҳисобланиб, маъмурий судларга ариза билан мурожаат қилинганида давлат божини тўлаш асослари, миқдори ва тартиби, уни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш, тўлашдан озод қилиш тартиби, давлат божини қайтариш тартиби Кодексда ва Қонунда белгиланиши қайд қилинган.
Ушбу муносабатларни тартибга солувчи қонун – Ўзбекистон Республикаси “Давлат божи тўғрисида”ги 600-сонли Қонун ҳисобланади.
Ушбу Қонуннинг 5-моддаси 3-бандида маъмурий судларга бериладиган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар юзасидан низолашиш тўғрисидаги аризалардан, давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги, сайлов комиссияларининг ҳаракатлари (қарорлари) юзасидан низолашиш ҳақидаги, нотариал ҳаракатни содир этишни, фуқаролик ҳолати далолатномаларининг ёзувларини қайд этишни рад этганлик юзасидан низолашиш ёхуд нотариуснинг ёки фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органи мансабдор шахсининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги, давлат рўйхатидан ўтказишни рад этганлик ёхуд белгиланган муддатда давлат рўйхатидан ўтказишдан бўйин товлаганлик устидан бериладиган шикоятлардан, маъмурий судларнинг ҳал қилув қарорлари, иш юритишни тугатиш тўғрисидаги, даъвони кўрмасдан қолдириш ҳақидаги, суд жарималарини солиш тўғрисидаги ажримлар устидан бериладиган апелляция, кассация ва назорат шикоятларидан, шунингдек маъмурий судлар томонидан ҳужжатларнинг дубликатларини ва кўчирма нусхаларини берганлик учун давлат божи ундирилиши белгиланган.
Қонуннинг иловасида давлат божи қай миқдорда ва тартибда ундирилиши ҳам кўрсатилган бўлиб, хусусан идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар юзасидан низолашиш тўғрисидаги аризалар бўйича фуқаролардан БҲМнинг 5 баравари миқдорида, юридик шахс ва якка тартибдаги тадбиркорлардан БҲМнинг 20 баравари миқдорида, шунингдек давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг қарорлари, уларнинг мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан берилган аризалар (шикоятлар) бўйича фуқаролардан БҲМнинг
1 баравари миқдорида, юридик шахс ва якка тартибдаги тадбиркорлардан БҲМнинг 10 баравари миқдорида давлат божи ундирилиши белгиланган.
Бундан ташқари, нотариал ҳаракатни амалга ошириш, фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувини рўйхатга олиш рад этилганлиги ёхуд нотариуснинг ёки фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи мансабдор шахсининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги аризалардан (шикоятлардан) БҲМнинг 1 баравари ҳамда давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилганлиги ёхуд белгиланган муддатда давлат рўйхатидан ўтказишдан бўйин товлаганлик устидан шикоят қилиш тўғрисидаги аризалар (шикоятлар) бўйича фуқаролардан БҲМнинг 1 баравари миқдорида, юридик шахс ва якка тартибдаги тадбиркорлардан БҲМнинг 10 баравари миқдорида давлат божи ундирилиши белгиланганлиги қайд қилинган.
Одилжон Турдиев,
Наманган вилоят маъмурий судининг судьяси
Ахаджон Джалолов,
вилоят маъмурий судининг судья катта ёрдамчиси